“Аёл кишининг жойи фақат ошхонада эмас” — 17 йилдан бери автомобилларни таъмирлайдиган Назокат Шукурова билан суҳбат (видео)
Назокат Шукурова Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Бироқ олий маълумотли мутахассис бўлишига қарамай, автомобил соҳаси унга кўпроқ қизиқ туюлган.

“Аёл кишининг жойи фақат ошхонада эмас” — 17 йилдан бери автомобилларни таъмирлаётган Назокат Шукурова билан суҳбат (видео)
Жамиятда аёлнинг ўрни фақат уй ишлари билан чекланиши керак, деган қарашлар ҳануз учраб туради. Аммо ўз меҳнати ва фаолияти билан бу стереотипларни ўзгартириб келаётган аёллар ҳам бор. Улардан бири — 17 йилдан бери автомобил соҳасида ишлаётган Назокат Шукурова.
У машиналарни таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва полировка қилиш билан шуғулланади. Дарё Лифестйлеъга берган интервюсида Назокат Шукурова автомобилларга қизиқиши қандай бошланганини, ҳаётидаги оғир синовларни, касбида дуч келган қийинчиликларни ҳамда аёллар учун автосервис очиш режалари ҳақида сўзлаб берди.
Гаражда бошланган қизиқиш
Назокат Шукурованинг автомобилларга қизиқиши болалигидан бошланган. Отасининг машиналарга бўлган муҳаббати ва устахоналар билан боғлиқ ҳаёт тарзи унинг ҳам бу соҳага қизиқишида муҳим рол ўйнаган.
“Шанба кунлари борадиган жойларимиз фақат устахоналар, Паркентдаги пойга зоналари бўларди. 16 ёшимда, талабалик пайтимда, адажоним менга Матиз совға қилганлар”, — дейди у.
Назокат Шукурова Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Бироқ олий маълумотли мутахассис бўлишига қарамай, автомобил соҳаси унга кўпроқ қизиқарли туюлган. Турмуш қурган даврида ҳам шу йўналишда ишлашни давом эттириш ва аёллар учун махсус автосервис ташкил этиш режалари бўлган.
Оғир синовлардан кейинги янги ҳаёт
Назокат Шукурова ҳаётидаги энг оғир даврлардан бири турмуш ўртоғидан айрилган пайтига тўғри келган. У ўша вақтда саккиз ойлик ҳомиладор эди. Бу йўқотиш унинг ҳаётини тубдан ўзгартирган бўлса-да, олдидаги масъулият ва турмуш ўртоғининг унга билдирган ишончи фаолиятини давом эттиришга ундаган.
Шундан сўнг у қўлида эндигина 20 кунлик чақалоғи билан тонировка хизматида ишлашни бошлаган.
“Ўша пайтда ҳар куни ишга келиб, тонировкадан топган пулим билан тирикчилик қилардим. Лекин ҳеч қачон тушкунликка тушмадим”, — дея эслайди у.
Бугунги кунда Назокат Шукурова уч фарзанднинг онаси. Унинг катта фарзанди талаба. Иккинчи фарзанди Муштарийбабон карате бўйича икки карра Ўзбекистон ва жаҳон чемпиони, 76 та олтин медал соҳиби. Кенжа фарзанди ҳам унинг ҳаётидаги энг муҳим инсонлардан бири.
15 йил қаровсиз қолган автомобилларни қайта тиклаган
Назокат Шукурова фаолиятидаги эътиборга молик лойиҳалардан бири ауксион орқали келтирилган 19 та автомобилни қайта тиклаш бўлган. Унинг айтишича, машиналар 15 йил давомида қаровсиз қолган, ойналари синган, салонлари эса лой ва тупроқ билан тўлган эди. Улар орасида БМВ Х5 ва Х6 русумли автомобиллар ҳам бўлган.
Шунингдек, у автомобилларни полировка қилишда бир неча босқичли ишлов бериш муҳимлигини таъкидлайди.
“Кўпчилик биринчи босқичнинг ўзидаёқ чизиқлар йўқолганидан хурсанд бўлади. Лекин қуёш нури остида қараганда ҳолограммалар, яъни доғлар кўриниб қолади. Шунинг учун автомобилни завод ҳолатига қайтариш учун иккинчи ва учинчи босқичлардан ҳам ўтказиш керак”, — дейди у.
Назокат Шукурова касби сабабли кундалик ҳаётида ҳам ўзига хос ўзгаришлар бўлганини айтади. Унинг қўллари доимий равишда автомобил мойлари ва турли кимёвий воситалар билан ишлагани учун маникюр ёки тақинчоқлар тақиш имконияти чекланган.
Аёл ҳайдовчилар дуч келадиган муаммолар
Назокат Шукурова суҳбат давомида аёл ҳайдовчилар автомобил устахоналарида дуч келадиган муаммолар ҳақида ҳам гапирди. Унинг фикрича, айрим усталар аёллар автомобил тузилишини яхши билмайди, деган қарашдан фойдаланиб, эҳтиёт қисмлар ва таъмирлаш хизматлари нархини асоссиз ошириши мумкин.
“Эркак кишига бошқачароқ тушунтиришади, аёлларга эса бошқача ёндашишади. Ҳатто оддий деталларнинг нархини ҳам ошириб айтиш ҳолатлари бор. Мен ана шундай адолацизликларнинг олдини олиш учун аёлларимизга имкон қадар холис ёрдам беришга ҳаракат қиламан”, — дейди у.
Унинг айтишича, айрим ҳолларда моддий имконияти чекланган аёл ҳайдовчиларнинг автомобилларини бепул ёки кейинчалик ҳақини тўлаш шарти билан таъмирлаб беради.
Аёллар учун махсус автосервис очиш режалари
Назокат Шукурова билан бирга ишлаётган шогирдлари орасида турли соҳа вакиллари бор. Уларнинг айримлари келажакда дипломат бўлишни, бошқалари эса тилшунослик йўналишида ишлашни режалаштирган. Шунингдек, илгари қурилиш кранларини бошқарган қизлар ҳам унинг жамоасида фаолият юритмоқда.
Ҳозирда Назокат Шукурова Тошкентда аёллар учун мўлжалланган, қулай шароитларга эга автосервис ва автомобил ювиш мажмуасини ташкил этиш устида ишламоқда. Режага кўра, мажмуа бир вақтнинг ўзида тўртта автомобилга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Назокат Шукурова ўз фаолияти орқали аёллар ҳам автомобилсозлик ва техник хизмат кўрсатиш каби мураккаб соҳаларда муваффақиятли ишлаши мумкинлигини кўрсатиб келмоқда.
“Одамларга қовоқ солиб юришдан кўра, ҳар куни бахтли ва позитив бўлишни танлаганман. Ҳаётнинг ҳар қандай оғир синовидан ўтгандан кейин ҳам кўчаларда одамларга илиқ табассум улашиш — менинг энг катта ғалабам”, — дейди у.

