Сиёсат

“Айбимиз бўлса, узримизни сўраймиз” — Чиноз ҳокими “Шармандали маҳалла” ёзувини ёпиштириш топшириғи бўйича изоҳ берди

Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салихов ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган “Шармандали маҳалла” ёзувини ёпиштириш ҳақидаги топшириғига изоҳ берди ва агар айби бўлса, узр сўрашини билдирди.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салиховнинг маҳаллаларни “Шармандали маҳалла” тоифасига ажратиш ва шундай ёзувли баннерларни осиб чиқиш ҳақидаги кўрсатмаси қизғин баҳсларга сабаб бўлганди.

Ҳокимликнинг Телеграм каналида эълон қилинган (кейинчалик ўчирилган) видеода Шерзод Салихов раислигида ўтказилган йиғилишда Бирлик маҳалласидаги ободонлаштириш ва санитария ҳолати қониқарсиз деб топилган. Шу сабабли, ҳоким Бирлик маҳалласини рамзий маънода “Шармандали маҳалла” деб атаган. Йиғилишда туман ҳокими “Шармандали маҳалла” ва “Уятли хонадон” ёзувлари туширилган баннерларни кўринадиган жойларга илишни буюрган.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, 40 нафар вакил – корхона ва ташкилот раҳбарлари хонадонларга, маҳалла раисининг уйига бориши керак эди. Улар маҳалла раисининг уйининг дарвозаси бўялганми, деворлари оқланганми, кўчасида райҳон ёки атиргул борми, ҳовлиси ва томорқаси қандай эканлигини тўртта расмга олиб юбориши лозим эди. Ҳоким эртаси куни эрталаб бу масалани муҳокама қилишини ва агар кечгача вазифалар бажарилмаса, ўша хонадонни “Уятли хонадон” деб эълон қилиб, ўзи бориб баннерни осдиришини айтган. Шерзод Салихов, шунингдек, эрталаб соат 6:00 дан бошлаб маҳалла еттилиги аъзолари ўзларига бириктирилган кўчаларда хонадонбай ишларни ташкил этишини қўшимча қилган.

“Дарё” нашрига берган изоҳида Чиноз тумани ҳокими Шерзод Салихов маҳаллаларни “Шармандали маҳалла” ва уйларни “Уятли хонадон” тоифасига бўлиш бўйича унга ҳеч ким топшириқ бермаганини таъкидлади.

“Бу ўзимнинг ташаббусим. Йиғилиш охирида агар айтилган вазифаларни бажармасаларинг, шунақа қилинади, деб айтганман. Лекин бу ҳеч қаерда жорий қилинмади. “Шармандали маҳалла” деган баннер ёпиштирилиб, яна ўша заҳоти кўчириб олиб кетилган. Фақат ижтимоий тармоққа чиқариш учун видеога олинган. Лекин бирорта хонадонга, бирорта маҳаллага осмаганман. Шунақа бўлади деган мақсадда илиб, кўрсатиб, яна қайтариб олиб қўйганмиз”, — деди ҳоким.

Унинг сўзларига кўра, ушбу ташаббусдан мақсад “Долзарб 40 кунлик” доирасида халқни уйғотиб, ободонлаштиришга чорлаш бўлган.

“Мен туман ҳокими сифатида ўзимнинг туманимни, ўзимнинг хонадонимни бунақа тарзда олиб чиқиш ўзимга ҳам сал нотўғри бўлади. Менинг мақсадим маҳалла еттилигини шарманда қилиш эмас. Уларни қўллаб-қувватлаш, кўтариш, бошини бирлаштириш. Ҳамма ҳар хил талқин қиляпти буни. Лекин ўша талқин қилаётганлар бир кун келиб ҳоким бўлиб, халқ билан ишласа, вазиятни тушунади. Биз кимнингдир уйига тазьиқ билан кириб эмас, тушунтириб тарғибот қилдик. Буни ташвиқотнинг битта кўриниши деб қабул қилишса, менимча, тўғри талқин бўлади. Балки сал қўполроқ бўлиб кетган бўлиши мумкин, буни тан оламан”, — деди Шерзод Салихов.

Туман ҳокими ҳамма хато қилишини таъкидлаб узр сўради: “Балки қайсидир жойда сал қўполлашиб кетгандирман. Беайб парвардигор. Айбимиз бўлса, узримизни сўраймиз. Тўғри йўлда бўлсак, тўғримиз, деб ишимизни давом эттирамиз”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов фуқаронинг хонадонига кириб, яшаш шароитини танқид қилгани ҳамда унга нисбатан жарима қўллашни буюргани акс этган видео тарқалганди. Шундан сўнг туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан “Дарё”га муносабат билдириб, ҳоким аслида ногиронлиги бўлган кекса фуқаронинг хонадонига бормоқчи бўлгани, бироқ маҳалла раиси янглиш равишда қўшни уйни кўрсатгани сабабли бошқа хонадонга кирилганини маълум қилганди.

Омбудсман Феруза Эшматова ҳам ҳолат юзасидан изоҳ бериб, унинг позицияси доим бир хил — ҳар қандай давлат органи ёки мансабдор шахс фаолияти инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принсипига асосланиши кераклигини таъкидлаганди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳам масъулларнинг уйма-уй юриб, уй атрофи, ошхона ҳамда экин майдонларини текшириш ва сўроққа тутишини қонунга зид деб баҳолаган эди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.