Австралиянинг ғарбий соҳилида акула ҳужумига учрагани тахмин қилинаётган сузувчи бедарак йўқолди
Жума куни эрталаб Пертдаги Сорренто соҳилига фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари етиб келишди ва полиция қидирув ишларини бошлади.

Австралиянинг ғарбий соҳилида акула ҳужуми оқибатида ғойиб бўлган сузувчи қидирилмоқда
Полиция Австралиянинг ғарбий соҳили яқинидаги сувларда акула ҳужумига учрагани тахмин қилинаётган ва ғойиб бўлган сузувчини қидирмоқда.
Жума куни маҳаллий вақт билан тахминан 10:15 да Ғарбий Австралиянинг Перт шаҳридаги Сорренто соҳилида «акула билан боғлиқ ҳодиса» ҳақида хабар олингач, воқеа жойига фавқулодда қутқарув гуруҳлари жўнатилди.
Воқеа жойига Сент-Жон тез ёрдам хизматининг учта бригадаси етиб борди. Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, «сув полицияси ва полиция авиацияси» йўқолган шахсни қидириш ишларини ҳамон воқеа жойида давом эттирмоқда.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, гувоҳлардан бири қирғоқдан атиги 50 метр узоқликда бир кишини акула сув остига тортиб кетганини кўрганини айтган, бошқа бир гувоҳ эса сувда «қон кўли» пайдо бўлганини кўрганини маълум қилган.
Бир гувоҳ маҳаллий WAtoday нашрига акула эркакни «худди балиқдек у ёқдан бу ёққа силкитиб, ғажиб ташлаганини» кўрганини сўзлаб берди.
«Мен ҳамшираман, шунинг учун табиийки, кўплаб даҳшатли нарсаларни кўрганман, лекин кўз ўнгимда кимнингдир сувда ғажиб ўлдирилишини кўриш жуда оғир бўлди», — деди у WAtoday нашрига.
«Мен шу яқин атрофда яшайман ва ҳар куни сузаман. Энди бу сувга умуман яқинлашмаслигим аниқ».
Яна бир гувоҳ аёл ҳужум содир бўлган пайтда дугонаси билан соҳил бўйлаб сайр қилиб юрганини айтди.
«Мен океанга қарадим ва қон кўлини кўрдим», — деди Жакки Рапаич ABC миллий телеканалига.
Соҳил ҳамон жамоатчилик учун ёпиқ бўлиб қолмоқда ва расмийлар аҳолини ушбу ҳудуддан узоқроқ туришга чақирган.

