Аудитория ишонч билан овоз бермоқда. Масс-медиа фонди директорининг колонкаси
Масс-медиа фонди яқинда Ўзбекистондаги медиаистеъмол бўйича тадқиқот якунларини тақдим этди. Фонд директори Жаҳонгир Азимов ўз колонкасида рақамларни қандай тушуниш кераклиги ва улар медиасоҳа учун нимани англатишини тушунтириб беради.

Аудитория ишонч билан овоз бермоқда. Масс-медиа фонди директорининг колонкаси
Охирги икки ярим йил ичида мен лоақал бир маротаба бўлса ҳам Ўзбекистонда медиаистеъмолни тадқиқ қилишнинг ўткир зарурати мавжудлиги мавзусини кўтарган бирорта ҳам конференция, семинар ёки тренинг бўлмади, шекилли. Медиасоҳа ташкилотлар сони бўйича ҳам, форматлар хилма-хиллиги бўйича ҳам сезиларли даражада олдинга силжиди. шунинг учун аудит ўтказиш вақти аллақачон келган эди. Менинг назаримда, медиасоҳа учун ахборот истеъмолчиларидан тўғридан-тўғри қайта алоқа олиш энг мақбул ва холис йўлдир.
Биз — Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси, Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда «Ижтимоий фикр» Республика жамоат фикрини ўрганиш маркази тaшaббуси билан айнан шундай йўл тутилди.
Яқинда биз Ўзбекистонда медиаистеъмол бўйича Миллий тадқиқот якунларини тақдим этдик. Узоқ йиллар ичида илк бор бизда аҳолининг одатлари, афзал кўрадиган жиҳатлари ва ахборотга бўлган эҳтиёжлари тўғрисида маълумотлар пайдо бўлди.
Маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишни «Ижтимоий фикр» маркази амалга оширди, методология ва саволларни эса биз биргаликда синчковлик билан ишлаб чиқдик.
Ҳақиқатни тан олиш керакки, бу каби тадқиқотлар илгари ҳам ўтказилган, аммо бундай миқёсда ва айнан аҳоли орасида, айниқса Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида хонадонбай сўров усулида ўтказилмаган эди.
Лутфан айтиш мумкинки, лойиҳамизнинг ажралиб турадиган хусусияти ҳам айнан шунда. Биз мамлакатнинг барча 14 та ҳудудидаги ҳам шаҳар (53,9%), ҳам қишлоқ (46,1%) жойларида яшовчи 18 ёш ва ундан катта бўлган 1411 нафар киши ўртасида сўров ўтказдик. Медиаистеъмолнинг гендер, ёш ва ҳудудий хусусиятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, шуни тушуниш муҳимки: тадқиқотимиз разведка хусусиятига эга. Бошқача айтганда, биз мамлакатда ёш, жинс, ҳудуд, аҳоли пункти тури ва бандлик кесимида ахборот контентини истеъмол қилиш ва турли каналлардан фойдаланишнинг умумий моделларини аниқлашга муваффақ бўлдик.
Бироқ телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар, онлайн ва босма матбуотни янада чуқурроқ ўрганиш учун фокус-гуруҳларни қўллаган ҳолда алоҳида тадқиқот талаб этилади, буни таҳририятлар мустақил равишда ҳам ўтказишлари мумкин.
Якунда биз 200 саҳифадан ортиқ ҳажмдаги ҳужжатга эга бўлдик, айтганча, уни фонд сайтидан хоҳлаган киши юклаб олиши мумкин.
Рақамларни тушуниш — бир масала. Медиамакондаги тенденцияларни тушуниш ва уларни кўрсаткичлар билан солиштиришга ҳаракат қилиш эса бутунлай бошқа нарса. Хўш, маълумотлар нимадан далолат беради?
Ўзбекистон аудиторияси — бу ўзининг саралаш қобилияти ва афзалликларига эга бўлган шаклланган ва англаб етган организмдир. Биз сўралганларнинг ярмидан кўпи (50,4%) янгиликларни кузатиб боришини, яна 30,4 фоизи эса вақти-вақти билан уларга қизиқишини биламиз. Бу юқори кўрсаткичлардир. Бундан ташқари, рақамлар ёшларнинг ҳам Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларга бефарқ эмаслигини кўрсатмоқда.
Аҳолини дунё янгиликларига қараганда мамлакат ҳаёти кўпроқ қизиқтиради, гарчи улар ҳам муҳим бўлса-да. Масалан, сўралганларнинг 53,9 фоизи ТВ орқали, 60,2 фоизи босма ва электрон нашрлар орқали, 50,6 фоизи ижтимоий тармоқлар орқали ва 50,4 фоизи Telegram орқали янгиликларни мунтазам кузатиб боришини маълум қилган. Мессенжернинг оммабоплигини ҳисобга олиб, биз Telegram'ни онгли равишда алоҳида категорияга ажратдик.
Бунда аудиторияни шунчаки янгиликлар қизиқтирмайди. Янгиликларга қизиқиб, одамлар ўз ҳаёт сифатини қандай яхшилашни тушунишни хоҳлашади. Бу менинг субъектив гипотезам. Бундай тахминни нима билан изоҳлаш мумкин? Ахборотнинг афзал кўриладиган мавзулари тўғрисидаги жадвалга кўра, одамлар таълим ва фан, соғлиқни сақлаш, давлат бошқаруви ва сиёсат ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда излайдилар. Биринчи қарашда бу мавзуларнинг барчаси маиший бўлиб туюлади, аммо медианинг Альберт Бандуранинг ижтимоий ўрганиш назариясига (Social Learning Theory) ҳамоҳанг бўлган асосий функцияларидан бири — ОАВ орқали дунёни англашни ҳисобга олсак, биз ҳаётимиз сифатини яхшилашга ёрдам берадиган билимларни фаол равишда изламоқдамиз, деб бемалол тахмин қилиш мумкин.
Респондентлар томонидан медиада етарлича ёритилмаган деб ҳисобланадиган мавзуларга ҳам мурожаат қилиш мумкин. Улар орасида — нархлар, даромадлар, бандлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш (сўралганларнинг 41,3 фоизи), аҳолининг муаммолари ва эҳтиёжлари (40,6%), соғлиқни сақлаш (23%), таълим ва фан (16%). Биз медиум ва истеъмолчи шахсий, хусусий хусусиятга эга бўлган нозик ришта билан боғланганини унутмаслигимиз керак. Биз қидирув тизимига энг сирли сирларимизни ёки ички кечинмаларимизни ишониб топширишимиз мумкин. Айнан шу сабабли ахборот маконида шахсий маълумотлар жуда қатъий ҳимоя қилинади.
Тадқиқотимиз Ўзбекистоннинг қишлоқ жойлари ва ҳудудларида ахборот истеъмолининг хусусиятларига ойдинлик киритади. Maълумотлар кўрсатишича, ҳудудлар ва қишлоқларда алоҳида йўналишлар бўйича кўрсаткичлар шаҳарлар ва пойтахтдагидан сезиларли даражада юқори. Масалан, Навоий вилоятида респондентларнинг 72,3 фоизи янгиликларни мунтазам кузатиб боришини маълум қилган, Хоразм вилоятида — 64%, Бухоро вилоятида — 65,3%. Тошкентда бу кўрсаткич 43,1% ни ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикасига эътибор беринг. У ерда янгиликлар кун тартибини Telegram орқали сўралганларнинг 72 фоизи, ТВ орқали — 59 фоизи, ижтимоий тармоқлар орқали — 56 фоизи кузатиб боради. Самарқанд вилоятида манзара қуйидагича: Telegram — 60,4%, ТВ — 60,4%, ижтимоий тармоқлар — 54,5%.
Бундан ташқари, қишлоқ жойлар аҳолиси шаҳарликларга қараганда кўпроқ ижтимоий аҳамиятга молик мавзулардаги телевизион ток-шоулар, интервьюлар ва мунозараларни, шунингдек, миллий фильмларни кўпроқ кўришни хоҳлашади.
Ҳатто бир қатор вилоятларда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кўрсаткичлари Тошкентдагидан юқори. Сўз Андижон, Бухоро, Жиззах, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ҳақида бормоқда. Гипотетик жиҳатдан айнан Ўзбекистон ҳудудларида бугунги кунда медиабозорни кенгайтириш учун майдон мавжуд.
Ахборот истеъмоли манбалари ҳақида ҳам гапириш муҳим. Ҳа, албатта, сўралганлар энг кўп янгиликлар контентини Telegram орқали олишади (51,6%), кейинги ўринларда телевидение (44,6%) ва ижтимоий тармоқлар (41,6%) туради. Аммо бу Telegram устувор ахборот манбаи эканлигини англатмайди. Ҳаммаси биринчи қарашда туюлиши мумкин бўлган нарсадан анча мураккаброқ.
Биринчидан, Telegram'нинг ўзини классик маънодаги янгиликлар манбаи деб ҳисоблаб бўлмайди, чунки у ахборот контентини ишлаб чиқармайди. Мессенжер бўла туриб, у янгиликлар, мақолалар, видеоматериаллар ва фотосуратлар тарқатиладиган агрегатор ролини бажаради. Аудитория барибир бевосита миллий медиага кўпроқ интилгани сабабли, одамлар миллий ОАВнинг янгиликлар кун тартибини уларнинг расмий Telegram-каналлари орқали кузатиб боришлари эҳтимоли юқори.
Иккинчидан, истеъмол қилиш ишонч дегани эмас. Айнан кўришлар сони эмас, балки ишонч медиасоҳа учун медианинг сифати ва барқарорлиги ўлчови ҳисобланади. Аудитория энг кўп телевидениега ишонади (44,3%). Қолаверса, хусусий телеканаллар тез-тез томоша қилинишига қарамай, давлат каналларига бўлган ишонч даражаси хусусий каналларга қараганда юқорироқ. Бундан ташқари, ишонч даражаси бўйича турли медиаканаллар ўртасидаги фарқ жуда сезиларли. Telegram-каналларга сўралганларнинг бор-yoғи 11,3 фоизи, ижтимоий тармоқларга эса 6,7 фоизи ишонади.
Учинчидан, контентнинг мультимодал истеъмолини ҳам ҳисобга олиш керак. Бу нимани англатади? Аҳоли янгиликлар кун тартибини бир вақтнинг ўзида бир нечта манбалар орқали кузатиб боради: ТВ, ижтимоий тармоқлар, Telegram ва онлайн нашрлар. Асосий истеъмол вақти — кечки пайт. Оддийроқ айтганда, одамлар бир вақтнинг ўзида телевизор томоша қилишади, Telegram'да янгиликларни ўқишади ва тадқиқотимизга кўра ижтимоий тармоқлар орасида мутлақ етакчи бўлган Instagram'да лентани варақлашади. Моҳиятан, барча медиаташкилотлар кун давомида янгиликларни нашр этсалар ҳам, деярли бир вақтнинг ўзида аудиториянинг эътибори ва ишончи учун курашадилар.
Контентнинг мультимодал истеъмоли ёш кесимида ҳам сезиларли. Агар ёшлар бевосита ижтимоий тармоқларга кўпроқ мойил бўлса, кекса авлод анъанавий медиага мойил. Бироқ, ёшларнинг ҳам давлат телеканаллари кун тартибидан хабардор эканлиги ва уни кузатиб бориши қизиқарли.
Ва бу ўринда бир омилни ҳисобга олиш муҳим: контент билан энг самарали ўзаро таъсир жуда қисқа вақт оралиғида содир бўлади.
Барча медиаканаллар бўйича контентни истеъмол қилишнинг ўртача вақти 30 дақиқадан 1,5 соатгачани ташкил этади. Рақобат шунчаки шафқатсиз.
Яна шуни тахмин қиламанки, аудитория телевизион контентни «фаол режим» босқичида, ижтимоий тармоқларни эса «пассив режим»да истеъмол қилади. Очиғини айтсам: ушбу гипотезани тасдиқлаш учун алоҳида тадқиқот талаб этилади.
Гап шундаки, ижтимоий тармоқлар архитектураси ахборотни фаол ўзлаштириш ғоясига қурилган. Бунда фойдаланувчининг ўзи кимга обуна бўлишни ва нимани ўқиш ёки кўришни танлайди. ТВ эса пассив медиумдир, чунки томошабинда дастурни мустақил танлаш имконияти йўқ. Биз бошқаришимиз мумкин бўлган ягона нарса — бу каналларни ўтказиш ёки YouTube'га ўтишдир.
Бироқ, Инстаграм'да лентани чексиз варақлаш, ижтимоий тармоқларга бўлган ишончнинг паст даражаси, шунингдек, нотўғри ва ёлғон ахборотнинг тез-тез тарқалиш ҳолатлари одамларни анъанавий медиага мурожаат қилишга ундаши мумкин. Натижада, аудитория ижтимоий тармоқларда контент истеъмол қилишдан кўра телевизорни диққат билан томоша қилади.
Бунга яна бир жиҳатни қўшамиз: ТВ юқори ўринларда бўлса-да, аудитория у ёки бу масала бўйича покроқ маълумот олиш учун рақамли маконга мурожаат қилади. Давлат медиаси ахборотнинг биринчи манбаи бўлиб қолмоқда. Аммо тушунтиришлар, таҳлиллар ва фикрлар учун аудитория, афтидан, онлайн-медиага ўтади. Респондентларнинг ўзлари берган жавоблардан шундай хулоса чиқариш мумкин. Сўралганларнинг 45,7 фоизи аниқ бир воқеа ёки муайян янгилик ҳақида батафсил маълумот олиш учун Telegram-каналларга мурожаат қилишини таъкидлаган. Ижтимоий тармоқларга — 35,9%, интернет-нашрларга эса — 30,7%.
Респондентларнинг 24,5 фоизи ижтимоий тармоқларда чуқур таҳлилий материаллар етишмаслигини айтган. Яна 17,9 фоизи мураккаб воқеаларни оддий тилда тушунтириб бериш етишмаслигини кўрсатган. Бу аудиторияда аниқ ахборот эҳтиёжлари борлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Қолаверса, бу аҳолининг медиасаводхонлик даражаси етарлича юқори эканлигига очиқ-один ишорадир.
Албатта, нохуш хабарларсиз ҳам бўлмади. Радио тинглаш даражаси шиддат билан камаймоқда. Сўров иштирокчиларининг 21,9 фоизи радиодастурларни тинглайди, 78,1 фоизи эса ушбу ахборот манбаига мурожаат қилмайди. Сўралганларнинг 71,7 фоизи янгиликларни фаол кузатиб борса-да, босма ва онлайн нашрларни ўқимайди.
Аммо пессимистик прогнозлар беришга шошилмаслик керак. Аксинча, бу рақамлар тескариси ҳақида — ҳали очилмаган имкониятлар ҳақида сўзлаши мумкин. Медиаистеъмол бўйича тадқиқот шуни кўрсатадики, миллий медиа Ўзбекистонда мустаҳкам мавқега эга бўлди. Аудитория нафақат маҳаллий ишлаб чиқарилган контентни истеъмол қилади, балки унга кўпроқ ишонади ҳам. Медиасоҳа ривожланишда давом этиши учун аудитория томонидан талаб ҳам етарлича катта.

