Аттестация бекор қилинди, гувоҳномалар бепул янгиланади: патент вакиллари учун янги тартиб
Ўзбекистонда патент вакилларининг аттестациядан ўтиш талаби бекор қилиниб, ҳар уч йилда малака ошириш тартиби жорий этилди. Фаолият юритаётган патент вакилларининг гувоҳномалари 2026-йил 1-ноябрга қадар давлат божи ва бошқа тўловлар ундирилмасдан қайта расмийлаштирилади.

Аттестация бекор қилинди, гувоҳномалар бепул янгиланади: патент вакиллари учун янги тартиб
Ҳукуматнинг 2026-йил 7-октабрдаги 542-сон қарори билан Патент вакиллиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, патент вакили сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бундан буён Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари беради.
Гувоҳнома олган жисмоний шахс республика ҳудудида патент вакили сифатида фаолият юритади. У ўзига мурожаат қилган шахсларнинг интеллектуал мулк масалалари бўйича манфаатларини ифода этиш ваколатига эга.
Шу билан бирга, патент вакили гувоҳномасида кўрсатилмаган ихтисослик бўйича вакиллик қила олмайди.
Патент вакилларини тайёрлаш ва малакасини ошириш Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ёки Тошкент давлат юридик университети томонидан амалга оширилади. Бу жараёнлар Патент вакиллари ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Патент вакиллари реестри «Интеллектуал мулк муҳофазаси» порталида эълон қилиб борилади.
Қарорга мувофиқ, ҳозир фаолият юритаётган патент вакилларининг гувоҳномалари 1-ноябрга қадар амалдаги ихтисосликлари бўйича қайта расмийлаштирилади. Бунинг учун аттестациядан ўтиш талаб этилмайди, давлат божи ва бошқа тўловлар ундирилмайди. Улар Патент вакиллари давлат реестрига киритилади.

