Бошқа

“Асосий масала жазо оғирлигида эмас, унинг муқаррарлигида”. Педофилияга қарши қандай курашиш керак?

Намангандаги давлат боғчасида 5 ёшли қизнинг жинсий зўравонликка учрагани тизимли муаммоларни яна кўрсатиб берди. Мутахассисларга кўра, педофиллар жазолангани билан, уларга даво йўқ: бутун тизим қарши курашмас экан, болалар хавфда қолаверади. Нималар қилиш керак? Газета мавзуни муҳокама қилди.

“Асосий масала жазо оғирлигида эмас, унинг муқаррарлигида”. Педофилияга қарши қандай курашиш керак?

Наманганнинг Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли қизалоқнинг жинсий зўравонликка учрагани Ўзбекистонда болалар хавфсизлигига жавоб берадиган тизимда муаммолар кўплигини яна бир бор кўрсатди.

Воқеа 12-сентабрда содир бўлганига қарамай, расмийларнинг ҳолат юзасидан ҳаракати анча кечикди. 22-сентабрда хабарлар эълон қилингач, гумонланувчи қўлга олинди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Орадан 4 кун ўтиб, 26-сентабрда расмий муносабат билдирила бошланди.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг чиқишидан сўнг, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жазони кучайтиришга оид қонун лойиҳаси 6 ойлик кечикиш билан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлиснинг тасдиқ ва маъқулловидан ўтди.

Хронологияга қаралса, тизимда етарлича муаммо борлиги аён бўлади. Хўш, улар айнан нималардан иборат? Жазони кучайтириш муаммони ҳал қиладими? Болаларга нисбатан жинсий зўравонликнинг олди қандай олинади? Зўравонликка учраган бола ва унинг оиласи билан қандай ишлаш керак?

Газета шу каби саволларга жавоб топиш учун ҳуқуқшунос Камола Алиева ҳамда оила психологлари Ойдин Хушмуродова ва Розалия Габдулҳакова билан суҳбатлашди.

— Ассалому алайкум, интервюга рози бўлганингиз учун раҳмат. Камола опа, аввал кечикишлар ҳақида гаплашсак. Ўзи бундай вазиятда тизим қандай ишлаши керак эди?

— Камола Алиева:

Кетма-кетликда қарайдиган бўлсак, 12-сентабрда ариза келиб тушган бўлса, ўша вақтнинг ўзида ички ишлар ва прокуратура органлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда оилага, хусусан, жабрланган қизалоққа хизмат кўрсатишни бошлаши керак эди. Бу тергов ҳаракатлари билан биргаликда параллел олиб борилиши лозим. ОАВда бу органларга хабар беришга оид мажбурият мавжуд эмас.

Мен ҳам расмий муносабатларни медиага эълон қилинган хабарлардан сўнг кўрдим. Очиғини айтганда, ички ишлар ва прокуратура органларида тергов қилинаётган бундай ҳолатлар жуда кўп. Ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳам билади, аммо бола ҳуқуқларига зарар етказмаслик нуқтаи назаридан, айрим обьектив ҳамда субьектив сабабларга кўра, улар ошкор қилинмайди.

Бу вазиятда кеч ва резонанс бўлгунга қадар муносабат билдирганлар бор. Масалан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг расмий саҳифасида бола ва унинг оиласига 12-сентабрдан бошлаб хизмат кўрсатилаётгани хабар қилинди. Кейингисини болалар омбудсманининг расмий каналида кўрдик. Ундан кейин 22-сентабрда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига расмий тақдимнома киритилгани ҳам айтилди.

Қолган ташкилотлар: Бош прокуратура, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, яна кўп давлат органлари бу борада анча кечикишди. Бир нарсага эътибор қилиш керак, ҳолат 12-сентабрда бўлган тақдирда ҳам, ИИО ёки прокуратурада айнан ўша куни муносабат қилинсин деган мажбурият мавжуд эмас. Лекин ОАВда чиққач, ўша заҳотиёқ изоҳ берилиши шарт. Афсуски, буни жуда камчилик қилолди.

Ташкилотлар матбуот котибларига бир нарсани тавсия сифатида билдирган бўлардим, яъни бу каби вазиятларда жуда ҳушёр бўлиш керак. Аҳолида ишончли маълумот олиш ҳуқуқи бор ва бу маълумот расмий органлардан берилиши керак. Блогер, журналист, жамоатчилик фаоллари ўзлари олган маълумотни етказиши мумкин, лекин расмийси узатилиши шарт. Чунки бундай кейсда саволлар кўпайиши табиий. Гумон ва шубҳалар ҳам пайдо бўлади. Афсуски, болалар билан бўлаётган нохуш вазиятлар кетма-кет учраяпти, бу — ҳали бизга маълум бўлганлари.

Яна бир бор таъкидлайман, бундай воқеаларни ОАВда эълон қилишнинг ишга таъсири бор, унинг силжишига ёрдам беради. Аммо ҳамма чоралар постфактум — содир бўлгач қилиняпти. Оқибати билан курашяпмиз. Олдини олиб — проактив курашиш керак. Ёмон иш ўтиб бўлгач, аҳолининг ғазабини сўндириш мақсади билан ҳаракат қилишаётгандек, менимча. Бу нотўғри.

— Тушунарли. Ойдин опа, сиз Nemolchi.uzъда ҳам ишлайсиз. Биламиз, бу сайт кўпроқ зўравонликка учраган хотин-қизлар масалалари билан ишлайди. Сизларга болаларга нисбатан жинсий зўравонликка оид мурожаатлар қанчалик тез-тез келади?

— Ойдин Хушмуродова:

Масалан, кечанинг ўзида бир мурожаат келяпти, бир қизнинг 15 кундан кейин тўйи бўлиши керак, аммо у 8−9 ёшгача амакисининг ўғли томонидан зўрлаб келинган. 9 ёшдан кейин у иш бўлмаган. Қиз “мен ҳеч кимга айтолмайман. Нима қилишни билмаяпман. Ўзимни ўлдиришга тайёр турибман”, — деб мурожаат қиляпти.

Шунга ўхшаш таҳликали вазиятда чиқишади. “Қўлинг калта бўлса, енг ичида” деган гап тўғри айтилган. Бундай ҳолатлар ҳақида юрак ютиб хабар берадиганлар жуда кам. Нега? Жамиятимиз қолиплашган, қўрқуви кучли, ҳамма нарсани ҳам айтиш мумкин эмас деб ҳисоблайди. Барчаси — илмсизликнинг оқибати деб биламан.

Оналаримизда ўзини ҳимоя қилишни, ҳақ-ҳуқуқини билишмайди. Оналарида бўлмагач, фарзандларида ҳам шу аҳвол. Айнан жинсий зўравонликка оид мурожаатлар ҳафтасига 2 марта тушиб туради. Биз ўша заҳотиёқ ёрдам беришга ҳаракат қиламиз, лекин юқоридаги келтирилган кейсда ҳеч нарса қилолмадик, афсуски.

— Камола Алиева:

Энг кўп зўравонликлар ота уруғи томонидан қилинади: акаси, отаси қилган даҳшатли воқеалар бор. Бир мурожаат келган, 14 ёшли қиз 8−9 ёшида ўз акаси томонидан зўрланган. Акаси ўзидан 1 ёш катта. Онасига айтган, лекин онаси уни уриб, ёлғон гапираётганликда айблаган. Қизга ҳеч қанақа ёрдам бериш, уни тинглаш деган нарса бўлмаган. Вақт ўтди, энди уни исбот қилиш имконсиз. Бироқ, қиз у оилада яшашни истамаяпти энди. Чунки уни ҳеч ким эшитмаяпти.

Бутун дунёда тадқиқотлар ўтказилган, зўравонликлар бегона одам томонидан қилинмайди. Бу ё ўз яқинлари, ё оиласидагилар бўлиши мумкин. Албатта, ҳаммада ҳам ундай эмас. Лекин кўп ҳолатларда юқорида айтилганидек: акаси, ўзининг отаси, буваси, таниш одами бўлади. Намангандаги ҳолатда ҳам боғчадаги ишлайдиган омбор мудири ва бир вақтнинг ўзида қўшниси бўлган одам қилган шу ишни. Яъни улар бир-бирини таниган.

Шунинг учун узоқдан қидириш керакмас. Ҳушёр бўлиш етарли. Чунки болага нисбатан қилинаётган ишда унинг ишончига кириш муҳим. Бизда қандай ўргатилади: “катта одамнинг айтганини қил, у билади, улар ақлли” дейишади.

— Розалия Габдулҳакова:

Лекин бу фақат бизнинг маданиятимиз ёки жамиятимизга хос бўлган нарса эмас. Масалан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабарига кўра, бутун дунёда ҳар бешта аёлдан биттаси, ҳар ўн учта ўғил боладан биттаси жинсий зўравонликка учраган.

Албатта, агар статистикани очиқлаш имкони бўлса, бизнинг маданиятимиздаги ўзига хосликлар сабаб бу рақам кўпроқ бўлиши мумкин. Жинсий зўравонлик деганда айнан шу актнинг ўзи бўлиши шартмас, у бошқача формада ҳам бўлиши мумкин. Яъни болага психологик жиҳатдан озор берадиган ҳолатларнинг барчаси жинсий зўравонлик ҳисобланади.

— Розалия опа, ўзи шуни ҳам сўрамоқчи эдим. Намангандаги кейсда она ҳушёр бўлмаганида бола зўравонликка учраганини ҳис ҳам қилмаган, балки. Нега болалар буни билмай қолишади? Бу нормалми? Шу ҳақда ҳам гапириб бероласизми?

— Розалия Габдулҳакова:

Ҳозир айтганимдек, болага озор бериш айнан жисмоний кўринишда бўлиши шартмас, унинг қайсидир қисмларини ушлаш ёки ўша одам ўзининг қайсидир тана қисмини ушлатиш ёки шунга оид видеоларни кўришга мажбурлаш, яъни боланинг ихтиёридан ташқари нарсалар қилинишининг ўзи ҳам худди шундай зўравонлик саналади. Одатда болалар бу каби ҳолатларга нормал реаксия қилишмайди. Айниқса тўғри тарбияланган болалар, ҳатто, кийимсиз одамни кўрганда ҳам қўрқиб кетишади.

Чунки янгича нарса ҳар доим қўрқинчли бўлади. Ота-она яхшилаб кузаца, албатта, симптомларни сезиши мумкин. Болада мослашувчанлик жуда ҳам кучли бўлгани учун буларни нормал қабул қилишни бошлайди. Худди шу нарса давомли, оз-оздан бўладиган бўлса, умуман нормаллашиб кетиши мумкин. Бу худди бақани қайноқ сувга эмас, илиқ сувга солиб, тагини ёқиб, секин пиширишга ўхшайди. Шунга ўхшаб, болаларда тўғри ва нотўғри нарсани фарқлашга етарлича онги ривожланмагани сабаб нормативни атрофдан кўриб ўрганишади.

— Тушунарли. Камола опа, ҳозирда гумонланувчи қўлга олинган, жиноят иши қўзғатилган, тергов кетяпти. Мана шу жараённинг ўзида нималарга кўпроқ эътибор қаратиш керак деб ўйлайсиз?

— Камола Алиева:

Авваламбор, далиллар ўрганилиши керак бўлади. Бу жараённи батафсил ва чуқур тушунтирадиган бўлсам, вақтимиз етмаслиги мумкин. Аммо умуман олганда терговнинг ўзига яраша жараёнлари бор, муддатлари белгиланган ва айниқса бу кейсда Бош прокуратура назоратида турибди. Наманган вилояти прокуратураси томонидан тергов олиб борилаётгани айтилди. Биринчи шу воқеа ёзиб олинган видеолар топилади, гувоҳлар сўроқ қилинади.

Бир эмас, бир неча маротаба бўлади. Маълумотлар аниқлангач, кейинги босқичга ўтилади. Жиноят-процессуал кодексига кўра, гумонланувчи узоғи билан 7 ойгача ушлаб турилиши мумкин. Бу янаям ишнинг қийинлигига қараб ўзгариш эҳтимоли ҳам бор.

Бу жараёнда боланинг ўзини сўроқ қилишадиган бўлишса, бунинг ҳам ўзига яраша процедураси бор. Она 5 ёшли боладан ўзининг муҳитида ўйин кўринишида маълумотни олган.

Ҳуқуқий процедурада ҳам аслида шундай бўлиши керак, яъни жинсий зўравонликка учраган болага яна қўшимча травма бермаслик учун, ҳатто, саволлар ҳам ўз қоидаси билан берилиши лозим. Лекин, афсуски, Ўзбекистонда бу амалиёт яхши даражада ишлайди деёлмайман.

Масалан, 5 яшар болани савол-жавоб қилишда ёнида биринчидан онаси ёки махсус педагог ёки психолог бўлиши керак. Иккинчидан, уни узоқ вақт давомида сўроқ қилиш мумкин эмас, яъни узоғи билан 30 дақиқа, кун давомида бир соат, ундан ортиқ эмас. Ва болани қайта безовта қилмаслик учун сўроқ жараёни видео ёзувга олиниши керак. Шундай қоида ҳам бор.

Лекин судга чиққанида болани қайта-қайта суд жараёнида сўроқ қилиш тартиби ҳам бор, бу ҳеч нарса билан тақиқланмаган. Афсуски, бу амалиёт ҳануз қўлланади. Мен нечта кейс кузатган бўлсам, ҳаммасида шундай бўлган.

Масалан, бир қизчага ўгай отаси уяциз, бузуқ ҳаракатлар содир этган, иш бошланганда қизча 7 ёш бўлган, иш тугагунгача 8га тўлган. Онаси телефон қилиб, қизининг тўхтовсиз сўроқ қилинаётганидан додлаяпти. Куни кеча Олий Мажлис ҳам шу тартиб акс этган қонун лойиҳасини консептуал жиҳатдан қабул қилди. Лекин бу шундоқ ҳам қонунчиликда белгиланган тартиб эди. Шунчаки амалдаги ижроси яхши бўлмаган.

Гумонланувчи ҳозирда Жиноят кодексининг 2 та моддаси: 118-модда 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) ва 112-модда (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) билан айбланяпти. Лекин иккаласини қўшган тақдирда ҳам у одам узоғи билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Ундан ортиқ берилмайди.

Олий Мажлис киритаётган ўзгартиришлар, президент имзосидан ўтиб, амалдаги қонунчиликка киритилган тақдирда ҳам қонун орқага қайтиш кучига эга эмас. Яъни айни шу кейсда гумонланувчининг айби тасдиқланса, узоғи 20 йил беришади. Умрбод ёки узоқ муддатли қамоқ жазоси жиноят содир қилинган вақтдан кейин киритилиши таъсир қилмайди. Жиноят содир этилганда амалда бўлган қонунчилик билан жазоланади.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.