Асл белгиси Зафар Ҳошимовнинг мажбурий маркировкалаш хусусидаги фикрларига муносабат билдирди
Асл белгиси Зафар Ҳошимовнинг мажбурий маркировкалаш хусусидаги фикрларига муносабат билдирди. Унга кўра, мажбурий маркировкалаш товарни бутун занжир бўйлаб кузатиш, ноқонуний маҳсулотнинг бозорга кириб келишига йўл қўймаслик, контрафактни тезда аниқлаш имконини беради.

"Асл Белгиси" Зафар Ҳошимовнинг мажбурий маркировкалаш ҳақидаги фикрларига жавоб берди.
Корзинка супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов "Лолазор" подкастида мажбурий рақамли маркировкалаш тизимининг афзаллик ва камчиликлари ҳақида ўз тажрибаси мисолида фикр билдирган эди.
"Газета" бу борада "Асл Белгиси" компаниясининг позициясини билиш мақсадида сўров юборди. "Асл Белгиси" "Газета" сўровига биноан Корзинка асосчисининг асосий аргументлари юзасидан изоҳ берди.
Зафар Ҳошимов мажбурий маркировкалаш ишлаб чиқариш жараёнида ҳақиқатда кераклигини, аммо занжирнинг кейинги босқичларини кузатишдан маъно йўқлигини таъкидлаган эди.
Компания муносабатида айтилишича, маркировкаланган сув ва салқин ичимликларни кузатиш фақат ишлаб чиқариш босқичида керак, деган фикр хато.
Маҳсулотларнинг ноқонуний айланмаси яширин ишлаб чиқариш билан бир қаторда контрабанда (товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказмасдан олиб кириш) ва қалбакилаштириш (товарларни кустар усулда ноқонуний тайёрлаш) каби ҳолатларни ҳам ўз ичига олади.
Жаҳон амалиётида товарларни кузатиш – траск&трасе – тизими товар ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва муомалага киритишнинг барча асосий босқичларини қамраб олади.
"Бу логистика занжирининг барча босқичларида назоратни таъминлашга ҳамда ноқонуний ва қалбаки маҳсулотларнинг "асл маҳсулот" ниқоби остида бозорга кириб келишига йўл қўймасликка имкон беради", – дея изоҳлайди компания.
Зафар Ҳошимов суҳбат давомида маркировкалаш тизими харидорга хизмат кўрсатиш вақтини узайтириб юбораётгани билан боғлиқ бир реал вазиятни келтирган эди. Унга кўра, кичик литраждаги бир неча блок сувни кассадан ўтказишда ҳар бир маҳсулотнинг маркировка кодини алоҳида сканерлашга тўғри келган.
Компания буни сув ва салқин ичимликларни маркировкалашда блокдаги маҳсулотлар кодини қадоқнинг умумий кодига бирлаштириш – агрегатлаш ҳозирча ихтиёрий экани билан боғлайди.
""Кичик улгуржи" савдони ҳисобга олиш учун жаҳон амалиётида гуруҳли қадоқ тушунчаси мавжуд бўлиб, рақамли маркировкалаш тизимида маркировкаланган товарларни агрегатлаш жараёни жорий этилган. Маркировка кодларини доналаб сканерлаш гуруҳли қадоқни йиғиш пайтида амалга оширилади, – дея тушунтиради компания. – Бунда рақамли камера керакли ДатаМатрих кодларини автоматик тарзда ўқиб, уларни гуруҳли қадоқ кодига боғлайди".
Натижада сувни бутун блок ҳолида ҳисобга олишда қадоқ кодини сканерлашнинг ўзи кифоя қилади.
"Маркировкалаш тизими ичидаги маҳсулот қадоқларини ўзи аниқлайди ва уларнинг муомаладан чиқарилишини рўйхатга олади. Бу эса сканерлашлар сонини, демак, харидорга хизмат кўрсатиш вақтини ҳам қисқартиради", – дейилади компания изоҳида.
Бу ерда бир муҳим жиҳатни қайд этиш жоиз: блокдан камида битта маҳсулот сотилган тақдирда, қадоқ коди ишламайди ва қолган ҳар бир маҳсулотни алоҳида сканерлашга тўғри келади.
Компаниянинг эслатишича, ишлаб чиқарувчиларнинг илтимосига биноан маркировкаланган сув ва ичимликларни мажбурий агрегатлаш 2026-йил апрелидан 2027-йил апрелига кўчирилган. Ҳозирда эса маркировкаланган сув ва ичимликларни агрегатлаш ихтиёрий амалга оширилади.
Корзинка асосчиси маркировкалаш жорий қилингач, тармоқнинг БТБ (бусинесс то бусинесс) орқали сув ва салқин ичимликлар улгуржи етказиб бериш ҳажми 80-90 фоизга тушиб кетганини айтиб, буни ҲОРЕСА сегментидаги кўплаб бизнеслар нақд пулда савдога ўтиб кетгани билан боғлаганди.
Бунга қарши аргумент ўлароқ "Асл Белгиси" нақд пулда ҳисоб-китобни чеклашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларни санаб ўтади.
"Иқтисодиётда нақд пулдаги ҳисоб-китоблар ҳажмини камайтириш "яширин иқтисодиёт"ни қисқартиришга қаратилган умумий вазифа бўлиб, бу фақат маркировкаланган товарлар айланмаси билан чекланиб қолмайди", – дейилади компания изоҳида.
Шу ўринда компания 2025-йил 10-декабрдаги президент Фармонига мувофиқ нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш тақиқланган айрим турдаги товарларни эслатади.
"2026-йил 1-апрелдан бошлаб нафақат алкогол ва тамаки маҳсулотларини (улар маркировкаланган товарлар рўйхатига киради), балки кўчмас мулк, автомобиллар ва қиймати 25 млн сўмдан ошадиган ҳар қандай товарларни (бундай товарлар маркировкаланган товарлар рўйхатига кирмайди) харид қилишда нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш тақиқланган", – дея таъкидлайди "Асл Белгиси".
Изоҳда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2002-йил 26-ноябрдаги 407-сонли қарори билан тасдиқланган улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тилга олинади.
"Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган нақд пулга улгуржи савдо қилишга доир чекловлар ҳам "товарларнинг яширин айланмасини" камайтиришга ҳамда маҳсулотни кирим қилиш, сақлаш ва якуний истеъмолчига сотишда ҳисобга олмасдан нақд пулга харид қилиш амалиётини қисқартиришга қаратилган".
"Амалиёт Б2Б форматидаги чакана савдога талаб юқори эканлигини кўрсатаётгани сабабли, давлат органлари билан биргаликда бир томондан бундай форматнинг афзалликларини, иккинчи томондан "яширин айланамага" қарши курашиш вазифаларини ҳисобга оладиган механизмларни ишлаб чиқиш зарурати юзага келмоқда", – дея қўшимча қилган компания.
Зафар Ҳошимов қалбакилаштирилган дори-дармонлар, газланган ичимликлардан истеъмолчига (соғлигига, ҳаётига) хавф ҳақиқатда мавжудлигини тан олган.
"Масалан, [қалбаки] доридан, алкоголдан Соса-Солаъдан жамиятга, истеъмолчиларга риск ҳақиқатда мавжуд. Лекин бу сувдан қанақа риск?", – дея оддий газланмаган сувга ишора қилади у.
Компаниянинг изоҳлашича, "сув ва салқин ичимликлар" анча кенг истеъмол сегменти бўлиб, сувдан ташқари тетиклаштирувчи ва қувват берувчи ичимликлар, мева-сабзавот шарбатлари, таркибида шакар бўлган ичимликлар, шу жумладан, газланган ичимликлар ҳамда функсионал ичимликлар каби тоифаларни ўз ичига олади. Шунингдек, сув ҳам оддий ичимлик суви ва минерал булоқлардан олинадиган минерал сувга ажратилади.
"Ноқонуний айланма амалиёти кўп жиҳатдан маҳсулот турига боғлиқ. Масалан, тетиклаштирувчи ва қувват берувчи ичимликлар аксиз солиғига тортилади ва юқори маржага эга, шунинг учун улар кўпинча контрабанда йўли билан олиб кирилади ёки яширинча ишлаб чиқарилади", – дея тушунтиради компания.
Шарбатлар ва таркибида шакар бўлган ичимликларда, компаниянинг қайд этишича, "яширин ишлаб чиқариш" тенденсияси кузатилади. Ичимлик ва минерал сув ниқоби остида эса кўпинча жўмракдан олинган оддий сув сотилади.
Шу ўринда "Асл Белгиси" сув ва салқин ичимликлар сегментида қалбаки маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланаётгани соҳада контрафакт хавфи мавжудлигини тасдиқлашини айтади. Мисол қилинишича, яқинда Наманган вилоятида қалбаки энергетик ичимлик сотилаётгани аниқланган.
"Унинг маркировка коди "Асл Белгиси" мобил иловаси орқали текширилганда маркировкалаш миллий ахборот тизимида мавжуд бўлиб чиқмади. Бундай товарни аниқлаш рақамли маркировка воситаси ёрдамида имконли бўлди, бу эса маҳсулотнинг қонунийлигини текшириш ва аниқланган қоидабузарликни зудлик билан қайд этиш имконини беради", – дейилади изоҳда.
Маълум қилинишича, Намангандаги ҳодиса ягона ҳолат эмас ва бутун мамлакат бўйлаб шунга ўхшаш ҳолатларнинг бутун бир хроникасига гувоҳ бўлиш мумкин:
Шунингдек, компания 2021-йилда кузатилган ҳолатни мисол келтириб, контрафакт маҳсулотлар илгари қандай аниқлангани ва ҳозир қандай аниқланаётганини таққослайди.
"Маркировка жорий этилишидан аввал: Соса-Сола, Фанта ва Пепси антисанитария шароитида яширин сехда ишлаб чиқарилган.
Бу ҳолат фақат Соса-Сола компанияси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига расман мурожаат қилганидан сўнг, бир неча ойлик суриштирувдан кейингина аниқланган. Бугун эса – икки дақиқа ва "Юбориш" тугмаси кифоя", – дейди компания ўз изоҳида.
Зафар Ҳошимовнинг "ўзи 1200 сўм турадиган сувнинг қадоғида маркировканинг бўлмаслиги номутаносиб миқдордаги жаримага сабаб бўлишини" айтиб, буни мантиқсиз деб атаган эди. Ҳозиргача бу сабаб билан ҳеч ким жазоланмаган бўлиши мумкин, лекин, унинг таъкидлашича, барибир потенсиал хавф исталган бизнес учун нархга айланади.
"Тадбиркор хавфсирагани учун ҳам истеъмолчи пул тўлайди", – деди у.
"Асл Белгиси" бунга жавобан рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан белгиланганини қайд этди.
"Шу билан бирга, жарима миқдори бир неча бор пасайтириш тарафига қайта кўриб чиқилган", – дея таъкидлайди компания.
Амалдаги меъёрларга кўра, бир йили давомида қайд этилган дастлабки иккита қоидабузарлик учун қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма берилади ва ҳеч қандай жарима қўлланилмайди. Лекин кейинги қоидабузарликлар учун эса жарима миқдори босқичма-босқич ошириб борилади.
Тадбиркор хавфсирагани учун маҳсулот нархи ошиши борасидаги фикрга жавобан компания рақамли маркировка сув ва ичимликларнинг якуний қиймати ҳамда савдо устамаси миқдорини белгилайдиган омил ҳисобланмаслигини айтади.
"Барча сув ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари рақамли маркировкалаш жараёнларини аллақачон жорий этган. Бунда 0,5 литргача ҳажмдаги газланмаган ичимлик суви учун маркалаш кодлари бепул асосда тақдим этилади", – дея маълум қилган "Асл Белгиси".

