Асила Мирзаёрова Осиё Паралимпия Спортчилар қўмитасига номзод бўлди
Ўзбекистонлик параатлет Асила Мирзаёрова 2026–2030-йиллар учун Осиё Паралимпия қўмитасининг (АсПС) Спортчилар қўмитаси аъзолигига номзодлар қаторидан жой олди.

Асила Мирзаёрова Осиё Паралимпия Спортчилар қўмитасига номзод сифатида кўрсатилди
Сайловда Осиёнинг 10 та мамлакати ва ҳудудларидан турли паралимпия спорт турлари вакиллари бўлган жами 10 нафар спортчи қатнашади. Мирзаёрова Ўзбекистон ва параатлетика номидан иштирок этади.
Сайлов 18–23-октабр кунлари Японияда бўлиб ўтадиган Аичи-Нагоя 2026 Параосиё ўйинлари давомида ўтказилади.
Параосиё ўйинларида қатнашаётган барча аккредитациядан ўтган спортчилар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. Овоз бериш онлайн тарзда амалга оширилади, сайлов натижалари эса 24-октабр куни эълон қилинади.
Спортчилар қўмитасига беш киши сайланади. Шундан кейин улар ўз ичидан қўмитанинг амалдаги раҳбари, япониялик Хироюки Мисаканинг ўрнини эгаллайдиган раисни танлайди. АсПС Ижро кенгашининг розилиги билан қўмитага қўшимча равишда яна икки нафар аъзо киритилиши мумкин.
Қўмита спортчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилади ва Осиё Паралимпия қўмитаси қарорлар қабул қилаётганда уларнинг фикрлари инобатга олинишини таъминлайди.
Асила Мирзаёрова Паралимпия ўйинлари чемпиони ҳисобланади. 2024-йилги Париж ўйинларида у Т11 (кўриш қобилияти чекланган спортчилар) тоифасида узунликка сакрашда 5,24 метр натижа билан Паралимпия рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритган.

