“Асалга тегишмаган”: Австралияда 800 000 асалари ўғирлаб кетилди

“Асалга тегишмаган”: Австралияда 800 000 асалари ўғирлаб кетилди
Австралиянинг Квинсленд штатида қиймати ўн минглаб долларга тенг деб баҳоланган 800 минг асалари ўғирлаб кетилди.
Асаларичилик соҳаси сентябр бошида варроа канаси сабабли аллақачон оғир вазиятга тушиб қолган эди. Атертон ҳудудидаги асаларичи Том Биднернинг айтишича, уч нафар асаларичининг хўжалигидан жами 44 та асалари оиласи олиб кетилган.
Унинг ҳисоб-китобига кўра, ҳар бир уяда камида 20 мингта, жами эса 800 мингдан ортиқ асалари бўлган. Тахмин қилинишича, ўғриликлар турли ҳудудлардаги бир нечта хўжаликларда содир этилган. Бундай иш пухта режа ва махсус ускуналарни талаб қилади.
Бутун уяни олиб кетиш ўрнига, ўғрилар ёш арилар жойлашган қутидаги ромларни олиб кетган. Шу сабабли уя узоқдан қараганда ўзгармагандек кўринган.
“Аслида улар юк машинасида жуда кўп жиҳоз билан келиб, бизнинг ромларимизни ўз қутиларига кўчириб ўтказади...Натижада фермерларнинг ҳеч бирида кимдир кириб, шундай иш қилгани ҳақида шубҳа уйғонмайди”, деди Биднер.
Ўғрилар асалари уясида қолган асални олиб кетмаган. Уларнинг соҳа вакиллари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Асаларичилар ўғирланган арилардан ташқари, минглаб долларлик чанглатиш шартномаларидан ҳам айрилади. Етиштирувчилар эса гуллар етарлича чангланмагани сабабли зарар кўради. Биднернинг айтишича, бундай ўғрилик биринчи марта юз бермаётган бўлса-да, унинг хотирасидаги энг каттаси ҳисобланади.
Ҳозир Квинсленд шимолида авокадо мавсуми давом этмоқда. Шу сабабли асалари уялари маҳаллий етиштирувчиларнинг далаларига гулларни чанглатиш учун шартнома асосида жойлаштирилган.
“Хавфсизлик борасида, илгари биз бу ишнинг кўп қисмини асалариларнинг ўзига топшириб қўярдик... баъзида кимдир келиб, уяга дахл қилишга 30 сонияча уриниб кўрса, кейин қочиб қолишарди”, деди Биднер.

