Спорт

«Арсенал» чемпионликдан кейинги илк мавсумни қандай бошламоқда?

Муаммолар, трансферлар ва футболчиларнинг ҳолати ҳақида.

«Арсенал» чемпионликдан кейинги илк мавсумга қандай тайёргарлик кўрмоқда?

Бугун Англия чемпиони «Арсенал» Суперкубок учун Англия кубоги соҳиби «Манчестер Сити» билан тўқнаш келади. Лондонликлар сўнгги йилларда бу соврин учун бир неча бор майдонга тушган (охирги бешта финалда бешта ғалаба), аммо бу сафар улар Англия чемпиони сифатида иштирок этмоқдалар.

АПЛ ғалабасидан сўнг Микел Артета жамоасида ўзгаришлар юз берди ва бу жараён давом этмоқда. Қуйида жамоанинг 2026/27 йилги мавсумга қандай ҳолатда кириб келаётгани ҳақида маълумот берилади.

**Жамоа таркиби қанчалик кучайди?**

Винисиус Жуниорни қўлга киритишга уринишлар муваффақияцизликка учрагани сабабли, «Арсенал»нинг ёзги трансфер ойнасидаги энг муҳим хариди «Нюкасл»дан 87,5 миллион евро эвазига Бруно Гимарайшнинг олиб келиниши бўлди.

Бразилиялик яримҳимоячи шусиз ҳам кучли бўлган майдон марказини янада мустаҳкамлайди. У АПЛда бир неча йилдан буён муваффақиятли ўйнаб келмоқда ва жамоани ҳозирнинг ўзида кучайтира олади. Бруно бир нечта позицияни ёпа олади, унинг борлиги жамоанинг ҳужум чизиғидаги имкониятларини оширади, шу билан бирга, яримҳимоя чизиғи футболчиларига тушадиган юкламани камайтиради.

Туркияга йўл олган чап қанот вингери Леандро Троссар ўрнига Христос Золис келди. У юқори даражага чиқиш салоҳиятига эга ва таркибни кенгайтирадиган футболчи. Грециялик футболчи ўтган мавсумда Белгиянинг «Брюгге» клуби сафида барча турнирлар доирасидаги 52 ўйинда 22 гол уриб, 29 голга узатма берган. «Арсенал» 24 ёшли вингер учун 40 миллион евро тўлади. Лондонликлар чап қанот учун яна бир трансферни (асосий таркиб учун юқори даражадаги футболчи олиб келишни) мақсад қилган, аммо ҳозирча бу борада силжиш кузатилмаяпти, шунинг учун янги мавсум бошида айнан Золис асосий таркиб футболчиси бўлиши мумкин.

Дарвоза чизиғи учун ҳам битта трансфер амалга оширилди – «Лидс»дан Иллан Меле эркин агент сифатида келди. Бироқ у асосий дарвозабон Давид Райяга рақобат қилмайди. Меле – мавсум охирида кетиши мумкин бўлган Кепа Аррисабалагага ўринбосар ҳисобланади.

Шунингдек, «Арсенал» «Баер»дан 49 миллион евро эвазига Пиеро Инкапиенинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олди. Ўтган мавсумда лондонликлар сафида ижара асосида ўйнаган эквадорлик ҳимоячи юқори даражадаги футбол намойиш этганди. Артета у борлиги туфайли чап қанот ҳимоясида қўшимча вариантга эга бўлди – вазиятга қараб ҳужумга кўпроқ қўшиладиган Калафиори ёки ҳимояда ишончлироқ бўлган Инкапиени тушириши мумкин эди.

**Молиявий фейр-плей билан боғлиқ муаммолар**

Тҳе Телеграпҳ нашрининг ёзишича, «Арсенал» АПЛ ва УЕФАнинг молиявий назорати талаблари туфайли футболчилар сотиб олишдан ташқари футболчи сотувларини ҳам амалга ошириши керак бўлади. Шу масалада муаммолар бошланади. Клуб жамоадаги энг катта маош олувчи футболчилардан бири бўлган, шу билан бирга, форвард позициясида фақат тўртинчи танлов бўлиб қолаётган Габриел Жезусдан қутула олмаяпти. Ёш яримҳимоячи Итан Нванерининг трансфер нархи «Марсел»даги муваффақияциз ижара туфайли тушиб кетган, «Арсенал» раҳбарияти эса академиянинг энг истеъдодли маҳсулларидан бирини арзонга сотмоқчи эмас.

Асосий таркибга тортмай қолган Габриел Мартинеллига «Галатасарой»дан қизиқиш билдирилганди, аммо Истанбул клуби бразилиялик вингер учун 45 миллион евродан ортиқ нарх таклиф қилмади. Футболчининг ўзи ҳам АПЛни Туркия Суперлигасига алмаштирмоқчи эмас. Фабиу Виейра ва Рис Нелсон сотиш учун биринчи номзодлар эди, аммо «Арсенал» уларга ҳам ҳар томонлама маъқул таклиф олмаяпти.

Натижада АПЛ стартига бир ҳафтадан камроқ муддат қолганида «Арсенал» сотувлардан 46 миллион евро атрофида маблағ ишлаган – Троссар, Кивиор, Норгар ва Ҳейн трансферида. Тҳе Телеграпҳ маълумотига кўра, сотув билан боғлиқ муаммолар клубни Люис-Скеллининг трансфер нархини ўрганиб чиқишга ундаган, воситачилар орқали у «Челси» ва «Манчестер Юнайтед»га таклиф қилинган. Ҳолбуки, ушбу ёш яримҳимоячи атиги бир йил олдин клуб билан узоқ муддатли шартнома имзолаган, майда эса Чемпионлар лигаси финалида ўйнаганди.

**Жароҳатлар**

«Арсенал»нинг яна бир муаммоси – ҳимоя чизиғидаги жароҳатлар. Салиба белидаги муаммо туфайли узоқ муддатга сафдан чиққан, Тимбер эса ўтган мавсум охиридаги жароҳатидан тикланиш жараёнини давом эттирмоқда. Микел Артетанинг сўнгги маълумотига кўра, франсуз футболчиси мавсумнинг ярмини, нидерландиялик эса стартни ўтказиб юборади.

Натижада шундай вазият юзага келдики, ҳимоянинг ўнг томонида (ўнг марказий ҳимоячи ва ўнг қанот ҳимоячи)ги позициялар учун захира вариант қолмади. Майдоннинг муҳим қисми кучсизланган. Энди бу позицияларда ўйнатиш учун тажрибасиз Москера ҳамда ўзи ҳам мунтазам жароҳат оладиган Бен Уайт қолган, улар ҳам сафда бўлмаганида эса академия футболчиларига таянишга тўғри келади.

Шунинг учун «Арсенал» ушбу позицияларнинг иккисини ҳам ёпа оладиган футболчи қидирмоқда. Матбуотда Жюл Кундедан Марк Пубилгача бўлган турли вариантлар келтирилди. Лондонликлар учун устувор нишонлар эса Эзри Конса ва Жарелл Куанса бўлиб турибди. Лекин «Астон Вилла» ҳам, «Баер» ҳам футболчилари учун камида 50 миллион евро сўрамоқда, АПЛ чемпионлари эса ярим йилдан кейин захирада ўтирадиган футболчи учун бунча кўп пул тўлашни хоҳламаяпти.

**Мавсумолди йиғини**

ЖЧ-2026 туфайли кўплаб топ-клублар, жумладан, «Арсенал» ҳам мавсумлар оралиғидаги йиғинни қисқартиришга мажбур бўлди. Футболчилар таътилдан турли вақтларда қайтишди, натижада Артета асосий таркибни «Комо»га қарши кечган тўртинчи ўртоқлик учрашуви арафасида йиға олди. Ундан олдинги ўйинларда эса асосан иккинчи таркиб футболчилари ва ёшлар жамоаси вакиллари ўйнашди. Натижалар ҳам шунга яраша бўлди.

«Арсенал» тўрт ўйиндан фақат биттасида ғалаба қозонди – «Жирона»га қарши биринчи ўйинда (4:1). Кейин «Бетис» (1:3) ва Дортмунднинг «Боруссия» клубларига қарши ўйинларда мағлубиятга (2:3, пеналтилар сериясида 5:4) учралди. «Комо» билан ўтган сўнгги ўртоқлик учрашувининг асосий вақтида дуранг натижа қайд этилди (1:1, пеналтилар сериясида 4:3).

Бундай мавсумолди йиғинидан қандайдир хулоса чиқариб бўлмайди. Шунчаки футболчилар ҳолатига алоҳида-алоҳида баҳо бериш мумкин. Кимдир тўлиқ ўйин ўтказишга тайёр, кимдир эса ҳали жисмоний формасини тиклаши талаб этилади.

Англия Суперкубоги учун «Манчестер Сити»га қарши кечадиган ўйин АПЛ старти арафасидаги репетиция бўлади ва бу ўйинда жамоанинг нисбатан асосий бўлган таркибини (Сака ва Райс каби футболчилар ҳали бирорта ўйинда тушмади ва Суперкубок баҳсида ҳам бошланғич таркибда бўлиши кутилмаяпти) ва ҳақиқий кучини кўришимиз мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.