Армия, бурч, қаҳрамонлик: Россия урушни ўз мактабларига қандай олиб кирди?

**Армия, бурч, қаҳрамонлик: Россия урушни ўз мактабларига қандай олиб кирди?**
Россия мактабларида ўқувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ва уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш узоқ вақтдан бери муҳим масала сифатида қаралиб келган. Аммо Украинага қарши кенг кўламли босқин бошланганидан кейин бу йўналишга эътибор анча кучайди. Сўнгги йилларда эса милитаристик кайфият мактаб муҳитига янада чуқурроқ сингиб борди.
Хусусан, 2024-йил 1-сентябрдан бошлаб Россия мактабларида Ҳаётий фаолияти хавфсизлиги асослари (ОБЖ) фани бекор қилинди. Узоқ йиллардан бери ўқитилиб келган ва болаларга йўл ҳаракати қоидалари, ёнғин хавфсизлиги, биринчи тиббий ёрдам каби кўникмаларни ўргатиб келган дарслар ўрнини Хавфсизлик ва ватанни ҳимоя қилиш асослари (ОБЗР) эгаллади.
Ташқи томондан бу ўзгариш фақат ном алмашгандек кўриниши мумкин. Бироқ фанга юкланган вазифалар анча кенгайди. Янги дастурга бошланғич ҳарбий тайёргарлик бўйича алоҳида модул киритилди. Яъни бу фан энди фақат болаларни кундалик хавфлардан ҳимояланишга ўргатиш билан чекланмайди. У, шунингдек, ўқувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ва ватанни ҳимоя қилишга тайёр авлодни шакллантириш вазифасини ҳам бажариши керак.
“Верстка” нашри ва “Не норма” тадқиқот лойиҳаси Россия мактабларида кучайиб бораётган милитаризм ҳақида материал тайёрлади. Улар жараёнда таълим муассасалари ижтимоий тармоқларга жойлаган миллионлаб постлар, ўқитувчилар гувоҳликлари ҳамда суд материалларини таҳлил қилди.
Тадқиқотга кўра, “ОБЖ” ва “ОБЗР” ҳақидаги мактаб постларида армия, ҳарбий йиғинлар, бурч, фидойилик, жасорат ва ватанпарварлик каби сўзлар деярли икки баравар кўпайган. Бу жараёнга прокуратура ҳам қўшилган. Прокурорлар мактаб маъмуриятларини янги фан учун зарур бўлган ҳарбий жиҳозларни харид қилишга мажбурламоқда. 2024–2026-йилларда Россия мактабларига нисбатан айни шу мазмундаги 597 та суд даъвоси киритилган.
### “ОБЖ”дан “ОБЗР”га: номдан кўра кўпроқ нарса ўзгарди
Янги фан жорий этилган мактабларда ўқувчилар “Калашников” автоматини қисмларга ажратиш ва қайта йиғишни ўрганмоқда. Бундан ташқари, улар қурол-аслаҳа ва анжомларнинг ўқув макетлари билан танишиб, тактик тиббиёт машғулотларида қатнашяпти. Айрим таълим муассасаларида дронлар ва электрон уруш тизимларидан фойдаланиш кўникмалари ҳам ўргатилмоқда.
Шу билан бирга, мактабларда “ОБЗР” кабинетларини жиҳозлаш талаблари ҳам кенгайтирилди. Мажбурий харид қилиниши керак бўлган жиҳозлар рўйхати тузилган. Унда “Калашников” автомати, “Макаров” тўппончаси ва қўл гранаталарининг юқори сифатли макетларидан тортиб, ўқув дронлари ва тиббий жиҳозларгача бор. Аммо бу ҳаммаси эмас. Агар мактаб ўқувчиларни йиғинларга олиб чиқиш имконига эга бўлмаса, ҳарбий машғулотлар учун зарур қўшимча жиҳозларни ҳам сотиб олиши керак. Улар орасида чодир, брезент, гиламча, аскар сув идишлари, дала қозони, газ горелкаси, пиёда белкураги ва дурбин бор.
Баъзи мактаблар бундай инфратузилмани аллақачон яратиб улгурган. Масалан, Калуга вилоятининг Бахмутово қишлоғидаги мактаб ҳудудида етти элементдан иборат махсус тўсиқлар йўлаги қурилган. Унда сунъий хандақ, лабиринт, қия девор ва вайрон қилинган кўприк мавжуд. Мактаб маъмурияти бу обьектлар ўқувчиларга “янги имкониятлар” беришини айтган.
### Судга тортилган мактаблар
Россияда “ОБЗР” кабинетларини жиҳозлаш масаласи фақат таълим идоралари назоратида эмас. Юқорида айтилганидек, прокуратура ҳам мактабларда янги фан учун белгиланган жиҳозлар бор-йўқлигини текширмоқда. Талаблар бажарилмаса, мактаблар ва маҳаллий ҳокимият органларига қарши судларга мурожаат қилинмоқда. Нашр мутахассисларининг ўрганишича, бундай ишларнинг деярли барчасида прокуратура фойдасига қарор чиқарилган. Бироқ мактаблар кўпинча ҳукмни бажариш учун молиявий имкониятлари етарли эмаслигини билдирган.
Чунки зарур жиҳозларни сотиб олиш учун маблағ одатда шаҳар ёки туман маъмуриятлари томонидан ажратилади. Агар маҳаллий бюджетларда пул бўлмаса, юз минглаб рублга тушадиган бундай харажатлар мактаблар учун оғир юк бўлади. Сабаби “ОБЗР” учун мўлжалланган жиҳозлар арзон эмас. Материал тайёрлаш жараёнида аниқланишича, “Калашников” автомати макетлари 56 минг рублдан (570 доллар) бошланади. Ўқ отиш тренажёрлари эса бундан анча қиммат бўлиб, нархи 100 минг рублдан 1 миллион рублгача етиши мумкин.
Шу сабаб айрим мактаблар мавжуд имкониятлар билан чекланишга мажбур бўлмоқда. Масалан, татаристонлик ўқитувчилардан бири замонавий жиҳозлар етишмагани учун бузилган “Мавис” дронини олиб келиб, ўқувчиларга кўрсатган. Унинг нашрга айтишича, бундай муаммо қишлоқ мактабларида янада кескинроқ.
Жорий йил августида Бурятияда кўрилган иш бунга мисол бўла олади. Прокуратура Тужинкинский ўрта мактаби ва туман маъмуриятидан “ОБЗР” кабинетини 20 турдаги жиҳоз билан таъминлашни талаб қилган. Рўйхатда қурол ва граната макетлари, оддий бошпана макети ва бошқа ўқув воситалари бор эди. Суд таълим муассасаси ва туман маъмуриятига тегишли жиҳозларни сотиб олиш учун 10 ой муҳлат берган. Забайкалье ўлкасининг Қйринский тумани маъмурияти эса шу йили судга мурожаат қилиб, маҳкама талабини бажара олмаслигини билдирган. Бунга ҳатто иш ҳақи фонди учун ҳам маблағ етишмаслиги сабаб қилиб кўрсатилган. Хатда, шунингдек, назорат органларининг шундай талабларини бажариш учун тахминан 50 миллион рублгача харажат кетиши мумкинлиги айтилган. Шунга қарамай, айрим мактаблар зарур маблағни бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига топишга муваффақ бўлган.
### Мактабларнинг ижтимоий тармоқларида ҳам ўзгариш бор
“ОБЗР” фанининг жорий этилиши нафақат дарс мазмунига, балки мактабларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятига ҳам таъсир кўрсатган. 2022-йилдан бошлаб Россия мактаблари “ВКонтакте”да ўз саҳифаларини очишни бошлаган. Натижада интернетда дарслар, тадбирлар ва бошқа машғулотларни акс эттирган юз минглаб постлар пайдо бўлган. Материал муаллифлари уларни таҳлил қилиб, “ОБЖ” ва “ОБЗР” билан боғлиқ контент ҳажми ошганини аниқлаган.
Масалан, 2021–2022-ўқув йилида мактаблар “ОБЖ” ҳақида 20 мингдан сал кўпроқ пост жойлаган. Кейинги ўқув йилида бу кўрсаткич 2,5 баравар ошиб, 52 мингдан юқорига чиққан. “ОБЗР” фани бутун мамлакат бўйлаб жорий этилган 2023–2024-ўқув йилида эса шу мазмундаги 73 мингдан ортиқ пост чоп этилган. Бироқ манбага кўра, постларнинг мазмуни уларнинг умумий сонидан ҳам муҳимроқ.
Тадқиқотчилар мактабларнинг “ОБЖ” ва “ОБЗР” ҳақидаги постларида армия, ҳарбий йиғинлар, бурч, фидойилик, жасорат ва ватанпарварлик каби сўзларнинг ишлатилиш частотасини ҳам ўрганган. Бу сўзлар 2021–2022-ўқув йилида постларнинг тахминан 12 фоизида учраган. Яъни ҳар саккизинчи материалда. 2024–2025-ўқув йилида эса бу кўрсаткич 23 фоизга етган.
### Ҳарбий хизмат мактаб ўқувчиларига қандай кўрсатилмоқда?
Тадқиқотчилар мактабларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали болаларнинг уруш ҳақидаги тасаввурларига қандай таъсир кўрсатаётганига ҳам эътибор қаратган. Масалан, Татаристондаги мактаблардан бири ўқувчиларнинг ҳарбий йиғинлари ҳақида материал жойлаган. Унда ўқувчилар йиғин давомида қурол билан ишлаш кўникмаларини ўзлаштиргани, ҳақиқий жанговар автоматни қўлига олиб кўргани ва ўқ овозидан пайдо бўладиган психологик қўрқувни енггани ҳақида хабар берилган.
Мактаб маъмурияти бундай машғулотларни оқлаб, улар ўқувчиларга керак бўлишини таъкидлаган. Ўқитувчилар буни болалар бир неча йилдан кейин Россия армиясида муддатли ҳарбий хизматни ўташига тўғри келиши билан изоҳлаган. Эътиборлиси, бундай йиғинларни ўтказишда аксар ҳолларда Украинага қарши урушда қатнашганлар жалб этилган.
### Уруш иштирокчилари мактабларда
Мактабларда “ОБЗР” фанини ўтиш ва бошқа тадбирлар учун “уруш фахрийлари”ни таклиф этиш одатий ҳолга айланган. Масалан, 2024-йилда Новгород вилоятидаги таълим муассасасига урушдан қайтган Дмитрий Матвеев келган. Мактабнинг ижтимоий тармоқ саҳифасида ёзилишича, у ўқувчиларни спорт билан шуғулланишга, тарих ва географияни ўрганишга, ватанпарвар бўлишга ҳамда армиядаги хизматга тайёрланишга чақирган.
Курган вилоятидаги бошқа бир мактабга эса маҳаллий уруш иштирокчиси Дмитрий Пузирёв таклиф этилган. У урушдан бир оёғидан айрилган ҳолда қайтган. Пузирёв ўқувчиларга “жасорат” ва “ватанпарварлик” намунаси сифатида таништирилган. Аммо собиқ ҳарбийнинг Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашдан олдин икки марта ўғрилик учун судлангани тилга олинмаган.
“ОБЗР” фанининг жорий этилиши яна бир муаммони юзага чиқарган. Гап шундаки, уни болаларга ким ва қайси усуллар билан ўқитиши масаласи тўлиқ очиқланмаган. Самаралик ўқитувчи Евгениянинг айтишича, янги фан бўйича дарсликлар ҳозирча йўқ. Шу сабаб у эски “ОБЖ” дарсликларидан, шунингдек, интернетдаги турли сайтлардан фойдаланади.
Шунга қарамай, Евгениянинг дарсларида ҳарбий тайёргарликнинг амалий жиҳатлари бор. Ўқувчилар саф машқларини бажаради, “Калашников” автоматини қисмларга ажратиш ва йиғишни ўрганади. Шунингдек, тактик тиббиёт билан шуғулланади. Бундай машғулотларда уларга шартли жанг майдонидан ярадорни олиб чиқиш, унга ёрдам кўрсатиш ва хавфсиз ҳудудга етказиш каби вазифалар берилади.
Айрим ўқитувчилар эса янги фанни ўқитиш учун педагогнинг ўзи ҳам тегишли ҳарбий билимга эга бўлиши кераклигини айтган. Татаристондаги ўқитувчилардан бири “ОБЗР” ўқитувчиси ватанни севиши, тактик тиббиёт ва дронлар ҳақида тушунчага эга бўлиши шартлигини таъкидлаган. Бошқа бир ўқитувчи эса ҳарбий хизматга муносабат ўқувчилар орасида аввалгидек эмаслигидан норози бўлган. Унинг сўзларига кўра, айрим ўқувчилар армиядаги хизматни “йўқотилган бир йил” деб билади.

