«Армата» қоғозда кучли, амалда-чи? Америкалик таҳлилчи икки танкни солиштирди
Америкалик ҳарбий шарҳловчи Айзек Сейц Россиянинг Т-14 «Армата» танкини Британиянинг Чалленгер 3 танки билан таққослади. Унинг баҳосича, «Армата» конструксияси ҳимоя ва ҳаракатчанлик борасида устун кўринади. Бироқ бу устунликни амалда тасдиқлаш учун мустақил маълумотлар етарли эмас.

«Армата» қоғозда кучли, амалда-чи? Америкалик таҳлилчи икки танкни солиштирди
Унда истиқболли танкнинг конструктив устунликлари унинг ҳақиқий жангдаги имкониятлари ҳақида хулоса чиқариш учун қай даражада асос бўлиши мумкинлиги муҳокама қилинган.
Шарҳловчининг ёзишича, қоғозда Т-14 ҳимоя ва ҳаракатчанлик борасида илғорроқ кўринади, ўт очиш қудрати бўйича эса икки машинанинг имкониятлари деярли тенг. Бироқ эълон қилинган хусусиятларни мустақил текшириш имконияти чекланганлиги сабабли, «Армата»нинг шубҳасиз устунлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Сейц эҳтимолий тўқнашувда қайси танк ғолиб чиқишини аниқ айтмаган. Унинг фикрича, натижани техникадан ташқари, экипаж тайёргарлиги ва қўллаш шароити ҳам белгилайди.
«Ҳаммаси экипаж маҳорати ва тактикага бориб тақалади. Энг муҳими - шу», - деб ёзган шарҳловчи.
«Армата»нинг асосий фарқи нимада?
Икки танкнинг ички тузилиши бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади. «Ростех» маълумотига кўра, Т-14 минорасида экипаж жойлашмайди: танкчилар корпус ичидаги, ўқ-дорилардан ажратилган зирҳли капсулада ўтиради ва қуролларни масофадан бошқаради.
Бундай ечим экипаж ва жиҳозларни жойлаштиришга ёндашувни ўзгартиради. Аммо зирҳли капсула мавжудлиги танк ёки унинг ичидаги одамлар зарбадан мутлақо ҳимояланганини англатмайди.
Чалленгер 3 эса Чалленгер 2 танкини чуқур модернизация қилиш асосида яратилмоқда. Унда тўрт кишилик экипаж сақланиб қолади.
Ишлаб чиқарувчи Рҳеинметалл БАЕ Сйстемс Ланд компанияси маълумотига кўра, дастур янги минора, Л55А1 силлиқ стволли тўп, командир ва нишонга олувчи учун янги тепловизион нишонга олиш мосламалари ҳамда рақамли иш жойларини жорий этишни ўз ичига олади. Шунингдек, осма тизими, двигателни совитиш ва ҳимоя воситалари такомиллаштирилади.
Британия мавжуд танкни янгилаш йўлини танлаган. Т-14 эса аввалги машиналардан, аввало, экипаж жойлашадиган бўлинма тузилиши билан ажралиб туради.
Чалленгер 3 ҳали синов босқичида
Британия армиясининг расмий маълумотлари ҳам таққослаш нега ҳозирча назарий эканини кўрсатади. Чалленгер 3 тажриба намуналари мамлакатнинг турли ҳудудларида синовдан ўтказилиб, жиҳозлари ва дастурий таъминоти текширилмоқда.

