“Арманистон ва Россия муносабатларида муқаррар ўзгаришлар бўлади” — Пашинян

“Арманистон ва Россия муносабатларида муқаррар ўзгаришлар бўлади” — Пашинян
Арманистон билан Россия ўртасидаги алоқалар муқаррар равишда ўзгаради. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян Боон ТВ телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу ўзгаришлар алоҳида бир шахс ёки сиёсий куч билан боғлиқ эмас.
“Москва билан муносабатларимиз ўзгариши муқаррар ва бунинг бирор инсон ёки сиёсий кучга алоқаси йўқ. Ким бўлишидан қатъий назар, Арманистон ва Россия ўртасидаги алоқалар энди ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди”, деди у.
Пашинян Россия билан илгари шаклланган муносабатлар формати низолар шароитида юзага келганини ҳам қўшимча қилди. Ҳозир эса Арманистон тинчлик муҳитида яшаётгани таъкидланди. У кутилаётган ўзгаришларни айнан шу омил билан изоҳлади.
Шу билан бирга, бош вазир Москва билан алоқаларни узиш ниятида эмаслигини билдирди.
“Биз муносабатларимизни чуқурлаштирмоқчимиз, лекин янги муҳитда ва янги шароитларда. Арманистон Москва билан низога киришмайди. Аксинча, ўз позициясини хотиржам ва изчил равишда ҳимоя қилишда давом этади”, деди Никол Пашинян.
1-сентябр куни Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин ва Никол Пашинян музокаралар ўтказган эди. Учрашувдаги асосий мавзулардан бири Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш нияти ва бу қарорнинг Россия билан муносабатларга таъсири бўлди.
Россия етакчиси ўз баёнотида Москва Арманистон билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини айтган. Бироқ у Ереваннинг Европани танлаши Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЁИИ) доирасидаги кейинги ҳамкорликда қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкинлигини қайд этган.
Ўз навбатида, Никол Пашинян Арманистон Россия билан муносабатларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади. У Европа Иттифоқига қўшилиш интилишини Россия ва ЁИИ олдидаги келишувларни бузиш деб ҳисобламаслигини ҳам қўшимча қилди.
Аввалроқ Пашинян мамлакатдаги Россия ҳарбий базаси ҳақида фикр билдириб, шундай деган эди:
“Улар базани олиб чиқиб кетмоқчи бўлса, марҳамат, эртагаёқ олиб кетишсин. Агар қолмоқчи бўлишса, шартларни муҳокама қилишга тайёрмиз”, деди Пашинян.

