“Араб оламининг Дианаси”: Саудия Арабистони аёллари ҳақидаги стереотипларни ўзгартириб юборган малика Амира ат-Тавил ҳақида

“Араб оламининг Дианаси”: Саудия Арабистони аёллари ҳақидаги стереотипларни ўзгартириб юборган малика Амира ат-Тавил ҳақида
Дунё ОАВ Европа монархлари, хусусан, Меган Маркл ва Кейт Миддлтон каби маликалар айтган гаплардан тортиб, уларнинг кийиниш услубигача муҳокама қилишдан тўхтамайди. Аммо гўзаллиги ва юксак диди билан эътирофга лойиқ маликалар фақат Ғарбда эмас. Араб аёллари, уларнинг кийиниш тарзи ва турмушига оид тасаввурларни ўзгартиришга сабаб бўлган Амира ат-Тавил ҳақида маълумот берамиз.
Амира оддий оилада туғилган ва бир куни одамлар уни малика деб аташларини тасаввур ҳам қилмаган. Талабалик даврида Саудия Арабистони қиролининг жияни билан учрашгач, унинг ҳаёти бутунлай ўзгариб кетади. Қизга ўқишдан берилган топшириқ — шаҳзода Валид ибн Талолдан интервю олиш эди. Ўшанда Амира атиги 18 ёшда, тахт вориси эса 46 ёшда бўлган. Гўзал талаба илк учрашувдаёқ Саудия шаҳзодасининг қалбини забт этади ва 9 ойлик муносабатлардан сўнг улар турмуш қуришади.
Амира жамоат жойларида араб миллий либоси — абайя кийишдан воз кечган Саудия Арабистонидаги биринчи малика бўлган. Европача услубда кийинишни ёқтирадиган малика мамлакатдаги аёллардан биринчилар қаторида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, автомобил ҳайдаган. Бундан ташқари, у аёлларга машина ҳайдаш ҳуқуқини бериш кераклиги ҳақида бир неча бор чиқиш қилган.
Камбағаллик, ишсизлик, шунингдек, Яқин Шарқдаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қанча хайрия лойиҳаларида фаол қатнашган Амира арабларнинг малика Дианаси деб ҳам аталади.
Шаҳзоданинг қариндошлари унинг эркин турмуш тарзи сабаб уни ёқтирмайди. Турмуш қурганига 10 йилдан ортиқ вақт ўца ҳам меросхўр дунёга келтирмагани қироллик оиласи вакилларининг норозилигини янада кучайтирган.
ОАВда Амиранинг бепуштлиги, шаҳзоданинг бундан хабардор экани ва ҳатто никоҳ шартномасида бу банд қайд этилгани ёзилган.
Бошқа миш-мишларда эса маликанинг ўзи она бўлишни истамаслиги айтилади.
2013-йилда жуфтлик муносабатларига нуқта қўйилган. Ажрашиш жараёни тинч якунланган, Амира ва шаҳзода дўстликни сақлаб қолган.
Бироқ ҳозир ҳам қироллик оиласининг расмий аъзоси бўлмаслигига қарамай, одамлар уни малика деб аташда давом этади.
Фото: Сосмополитан Ҳатто турмуш ўртоғи билан ажрашганидан кейин ҳам хайрия фаолиятини давом эттирган собиқ малика миллионлаб Шарқ аёллари учун ўрнак бўла олади. 2018-йилда собиқ малика миллиардер Халифа ибн Бутти ал-Муҳайрига турмушга чиқди.
Кўпчилик уни “Аловуддиннинг сеҳрли чироғи” мултфилмидаги малика Жасминга ўхшатади.
У нафақат ташқи кўриниши билан, балки ички оламининг ўзига хослиги билан ҳам эртак қаҳрамонини эслатади.

