АҚШдаги маҳкума Криста Пайк муваффақиятсиз қатлдан сўнг «саросимада ва оғриқ билан» уйғонганини айтди
Бу Пайкнинг сентябрь ойида ўлим инъекцияси орқали қатл этилишдан омон қолганидан бери берган биринчи оммавий баёнотидир.

АҚШда ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳкума Криста Пайк сентябрь ойида амалга ошмай қолган қатлдан бери илк бор оммавий баёнот берди.
«Ўша кечадан бери оғриқ ҳис қилмаган бирор бир лаҳзам бўлмади», — дейилади жума куни унинг ҳимоячилар жамоаси томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган баёнотда.
«Баданим оғрияпти. Қўлларим оғрияпти. Панжаларим оғрияпти. Томоғим оғрияпти. Ҳали ҳам гапиришга қийналяпман. Оғриқ фақат жисмоний эмас. Руҳимда ва қалбимда ҳам оғриқ бор».
50 ёшли Пайк пентобарбиталнинг иккита ўлимга олиб келувчи инъекциясидан омон қолгач, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган эди ва ўтган ойнинг охирида у ердан чиқарилди.
Шундан сўнг у 1995 йилда Коллин Слеммерни ўлдиргани учун охирги 30 йилни ўтказган қамоқхонага қайтарилди.
Пайк ўлимга олиб келувчи инъекция орқали қатл қилиш уринишидан омон қолган ягона инсон деб ҳисобланади.
Унинг адвокатлари аввалроқ маҳкумада қатл қилиш уринишидан сўнг зотилжам ривожлангани, қўлларида кучли шиш пайдо бўлгани ва ютина олмаётганини айтган эди.
«Мен соғайяпман ва кучга тўлаётганимни биламан», — деди у жума кунидаги баёнотида. «Бироқ соғайиш ҳаммаси жойида дегани эмас».
Пайк 18 ёшида ўшандаги севгилиси Тадарил Шипп билан бирга кам таъминланган ёшлар учун мўлжалланган касбий таълим оромгоҳида танишган 19 ёшли Слеммерни калтаклаб, қийнаб ўлдирган.
Шипп жиноят содир этилган вақтда қонунан вояга етмагани сабабли ўлим жазосидан қутулиб қолган. У ҳануз қамоқда қолмоқда.

