Дунё

АҚШдаги афғон ўзбеклари тил байрамини нишонлади

АҚШнинг Пенсилвания штатида яшовчи афғон ўзбеклари ҳар йилги анъанасига содиқ қолган ҳолда ўзбек тили байрамини кенг нишонлади. Йиғилганлар орасида фаоллар, олимлар, маданият намояндалари, санъаткорлар, Америкада яшовчи афғон жамоа вакиллари бор. Тадбирда ўзбекча куй-қўшиқлар янгради, шеърлар айтилди, ўзбек миллий таомлари тортиқ қилинди.

АҚШдаги афғон ўзбеклари тил байрамини нишонлади

Бугун АҚШнинг Пенсилвания штати Филаделфия шаҳрида кўплаб афғонистонлик ўзбеклар яшайди. Уларнинг аксарияти аввал Ўзбекистонда бўлмаган, бироқ миллати ўзбек бўлган инсонлардир. Афғон ўзбеклари анча фаол бўлиб, Ўзбекистон байрамларини кенг нишонлаб келади, айниқса тил байрамини.

Бу йил ҳам Филаделфия шаҳрида тил байрамига бағишланган тадбирга ўнлаб одамлар тўпланди.

Kun.uzънинг АҚШдаги мухбирининг хабарига кўра, Индиана университети профессори Назиф Шаҳроний тадбирда Афғонистон турклари, хусусан ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ҳақида маъруза қилди. У ўзбек тилини асраб-авайлашнинг аҳамияти, тилнинг тарихий-маданий ўзликни сақлашдаги ўрни ҳақида фикр билдирди.

Афғонистоннинг таниқли санъаткори Фарҳод Дарё эса бадиий қисмда ўзбекча қўшиқлар ижро этди. У санъат ва мусиқанинг инсонларни бирлаштиришдаги роли, тил ва маданий хилма-хилликка ҳурмат билан қараш ҳамда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

Она тили байрамида ёш болалардан тортиб аёлларгача шеър ва ғазаллар ўқишди.

Шунингдек, Фарҳод Дарё, Хайр Муҳаммад Човуш, Саид Кабир Камол каби санъаткорлар ўзбекча куйлади. Тадбир доирасида ўзбек миллий таомлари ва анъанавий кийимлар кўргазмаси ҳам уюштирилди.

Дастур якунида миллий таомлар тортиқ қилинди, ўзбек тилида самимий суҳбат ва мулоқот бўлиб ўтди.

Умуман олганда, афғон ўзбеклари она тили байрамини АҚШда кенг нишонлаш орқали бу миллат ва унинг тилига бўлган юксак ҳурматини намоён этмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.