АҚШда ўлим жазоси жонли эфирда кўрсатилади: 13 кишини ўлдирган собиқ маёр қатл этилади
АҚШда 2009-йили Форт-Худ ҳарбий базасида 13 кишини ўлдирган собиқ маёр Нидал Малик Ҳасанни отиб қатл этиш ва жараённи тўғридан тўғри эфирда намойиш қилиш режалаштирилмоқда. Пентагон маълумотига кўра, ҳукм 3-декабр куни Техасдаги Форт-Худ базасида ижро этилади.

АҚШда ўлим жазоси жонли эфирда намойиш этилади: 13 кишини ўлдирган собиқ маёр қатл қилинади
Реутерс агентлиги 8-октабр куни Пентагон вакилига таяниб, қатл жонли эфирда узатилишини маълум қилди. Трансляция тафсилотлари кейинроқ эълон қилиниши айтилган.
Агар режа амалга ошса, Ҳасан 1945-йилдан бери АҚШ ҳарбийлари томонидан отиб қатл этилган илк маҳкум бўлади. АҚШ ҳарбий тизимидаги сўнгги ўлим жазоси эса 1961-йилда ижро этилган.
Ҳасанга ўлим жазосини отиб қатл этиш усулида ижро этиш таклифини АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет илгари сурган. Президент Доналд Трамп бу қарорни маъқуллаган.
Ҳегсет интервюларидан бирида ҳукмни аскарлар ижро этиши ва одамлар бу жараённи кузатиши учун имконият яратилишини айтган. У буни бундай жиноятларнинг оғир оқибатлари борлигини кўрсатиш зарурати билан изоҳлаган.
Армияда психиатр сифатида хизмат қилган Нидал Ҳасан 2009-йил 5-ноябрда Форт-Худ базасида тиббий кўрикдан ўтиш учун йиғилган қуролсиз одамларга қарата ўқ узган.
Ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, яна 32 киши яраланган. Ҳасаннинг ўзи ҳам жавоб ўқи натижасида жароҳат олган ва шундан бери оёқлари фалаж бўлиб қолган.
У ўз ҳаракатларини Афғонистондаги мусулмонларни Америка аскарларидан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган.
2013-йилда ҳарбий суд Ҳасанни айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм қилган. Суд ҳайъати тўрт соатлик муҳокамадан сўнг қарорни бир овоздан қабул қилган.
Ҳасан суд жараёнида ҳужумни амалга оширганини инкор этмаган. У адвокатлар хизматидан воз кечиб, ўзини ўзи ҳимоя қилган, бироқ фойдасига гувоҳлар ёки далиллар тақдим этмаган.
Унга қонун талаби билан тайинланган адвокатлар Ҳасан атайлаб ўлим ҳукми чиқарилишига эришишга уринган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Шундан бери у Канзас штатидаги ҳарбий қамоқхонада сақланмоқда.

