“АҚШда ҳам ҳали бунақа эркинлик берилмади” — Америкада 16 йилдан бери яшаб келаётган тадбиркор

Қўшма Штатларда 16 йилдан буён истиқомат қилаётган тадбиркор, “Нексус лайн” корхонаси асосчиси Нурмуҳаммад Отахўжаев 18-август куни Хоразм вилоятида Президент билан тадбиркорлар учрашувида Бразилияда Ўзбекистон савдо компанияси илк бор очилганини маълум қилди.
Тадбиркор ўз нутқини тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятларни эътироф этишдан бошлади. “Қабул қилинган қонунларни ўқиб, бир нарсани тан оламан, ҳурматли Президент, менимча, Америка Қўшма Штатларида ҳам бунақа эркинлик ҳали берилмади”, деди Нурмуҳаммад Отахўжаев.
“Ўтган йили Ню-Ёркда ватандошлар билан суҳбатлашганингизда, мен ҳам сўзга чиққандим. Шунда иккита нарсани ният қилгандим ва сизга ваъда бергандим. Шу ваъда бериш менга ёқиб қолди. Негаки, ваъда бергандан кейин одам берган ваъдалари устида ишлар экан, тун-у кун ухламадик”, дея таъкидлади тадбиркор.
Отахўжаевнинг сўзларига кўра, у раҳбарлик қилаётган компаниянинг Тошкентда 800 га яқин, Америкада эса 3000 дан зиёд ищиси бор. 2025-йилда компаниянинг Ўзбекистондаги диспетчерларига ИТ-парк орқали 10 миллион 300 минг доллар иш ҳақи тўланган, 2026-йилнинг январидан августига қадар ушбу сумма 18 миллион доллардан ошган.
“Энди ҳозир жамоа билан ният қилиб турибмиз, йил якунида Ўзбекистон ёшларига чиқарилаётган ойликни 35 миллион доллардан ошириш. Бу менимча, бир йилда тўрт карра натижа кўрсатиш, сизнинг берган эркинликларингиз, сизнинг берган мотивациянгиз ва ниятим амалга ошди. Шунинг учун сизга чуқур миннатдорчилик билдираман ва биз ҳамма тадбиркорлар хурсандмиз”, деди у.
Бундан ташқари, у Хоразмдаги ёшларни иш билан таъминлаш ва бошқа вилоятларга ҳам аста-секин кириб бориш вақти келганини таъкидлади.
“Экспорт масаласида ҳозир жуда ҳам кўп ўзгаришларни кўрдим, ҳеч қаерда йўқ. Яқинда, ҳурматли Президент, Бразилияда бўлдим, элчимиз Фурқат Аҳмедович билан. У ерда ъАпексъ ташкилоти билан гаплашдик, Ташқи ишлар вазирлиги, қишлоқ хўжалиги, ҳатто Президент ҳузурида бўлдик. Биринчи маротаба Бразилияда Ўзбекистон савдо компаниясини очдим, улар бунга қўл қўйди ва буни компания сифатида тан олади. Буни ъАпексъ ҳам тан олди, ҳурматли Президент. Худо хоҳласа, кейинги йилда биз сизга яхши натижаларни айтиб, яна раҳматни айтиб кўришиш насиб эцин”, деди Отахўжаев.
Президент Шавкат Мирзиёев Нурмуҳаммад Отахўжаевнинг тадбиркорга бундай имтиёзлар, бундай шароитлар ҳамма ерда ҳам йўқлигини айтган гаплари ўзига жуда маъқул бўлганини қайд этди.
“Мана шуни кўпроқ гапириб турсангиз, тадбиркорларимиз ъмусофир бўлмаган мусулмон бўлмайдиъ дейди-ку, мусофирчиликда кўрган ҳаётингизни, бу ҳозирги жонажон ватанимизда бўлаётган ислоҳотларни мана шундай қўллаб-қувватлашингизни кўриб, мен хурсандман ва айтганингиздек, илоҳим, келгуси йил кўришайлик”, деди давлат раҳбари.

