АҚШ Суриянинг террорчи давлат мақомини расман бекор қилди
24-август куни АҚШ давлат котиби Вашингтон ортиқ Сурияни террорчи давлат деб билмаслигини эълон қилди. Давлат департаментининг ОАВга йўллаган хабарига кўра, қарор Конгресс билан бамаслаҳат, 45 кунлик мажбурий муҳокама давридан сўнг қабул қилинган. Рубио буни Сурия учун санксияларнинг тўлиқ бекор бўлиши билан уламоқда.

АҚШ Суриянинг террорчи давлат мақомини расман бекор қилди.
АҚШ давлат котиби 24-август куни Суриянинг террорчилик мақомини бутунлай бекор қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Давлат департаменти ОАВга юборган расмий хабарда, шунингдек, Ҳайъат Таҳрир аш-Шом ташкилотининг “Махсус белгиланган глобал террорчи” мақоми ҳам олиб ташланаётгани маълум қилинди.
Марко Рубионинг сўзларига кўра, “Бугун мен Суриянинг “Терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат” сифатидаги мақомини расман бекор қилишни тасдиқладим. Шунингдек, Ҳайъат Таҳрир аш-Шом ташкилотининг “Махсус белгиланган глобал террорчи” мақомини ҳам бекор қилдим. Бу қарорлар президент Трамп томонидан Сурия халқига фаровонликка эришиш йўлини очиш борасида амалга оширилган яна бир тарихий қадамдир”.
Қўшимча қилинишича, ўтган бир йил давомида Трамп маъмурияти Сурия халқига фойда келтирадиган санксияларни енгиллаштириш бўйича анчагина чоралар кўрган.
Давлат департаментига кўра, 2025-йил июн ойида чиқарилган “Сурияга нисбатан санксияларни бекор қилишни таъминлаш” ҳақидаги президент фармони тарихий бўлди ва Сурияга нисбатан санксияларни бекор қилиш жараёнини тезлаштирди. Жумладан, у Сурияга оид санксиялар дастурини ва Сурия билан боғлиқ фавқулодда ҳолатни тугатди, шунингдек, Сурия билан боғлиқ турли санксиялар ва террорчи ташкилотлар мақомини қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлади.
Ахборотда айтилишича, бу чоралар Суриянинг президент Аҳмад аш-Шаръа бощилигидаги ҳукуматининг халқаро терроризм билан алоқаларни тўлиқ узиш борасида кўрсатган ижобий ҳаракатлари ва олган кейинги мажбуриятларини эътироф этиш мақсадида амалга оширилди.
АҚШ назарида ўтган бир йил давомида Сурия ҳукумати терроризмга қарши курашда муҳим қадамлар ташлади. Жумладан, ноябр ойида ИШИДни мағлуб этиш бўйича глобал коалицияга расман қўшилди ва ИШИД, “ал-Қоида”, “Ҳизбуллоҳ” ҳамда Эрон билан иттифоқчи гуруҳларнинг террор тармоқларини издан чиқаришга қаратилган операциялар ўтказди.

