АҚШ Сурияни терроризм ҳомийлари рўйхатидан олиб ташлади

АҚШ Сурияни терроризм ҳомийлари рўйхатидан чиқарди, бу эса Вашингтоннинг Дамашқдаги янги ҳукумат билан алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган қадамдир. Сурия ҳукумати бу қарорни мамлакатга сармоя жалб қилиш йўлидаги сўнгги жиддий тўсиқни бартараф этиш сифатида баҳолади, деб хабар берди Реутерс.
АҚШ Молия вазирлиги сайтида эълон қилинган тегишли қарор 24-август куни дарҳол кучга кирди. Бунгача Конгрессда 45 кунлик текширув ўтказилган эди. Июл ойида президент Доналд Трамп Конгрессга Суриянинг бу мақомини бекор қилиш ниятида эканлигини расман маълум қилган эди.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг таъкидлашича, "бу чоралар президент Аҳмад аш-Шараа бощилигидаги Сурия ҳукуматининг ижобий қадамлари туфайли қўлланилди. Сурия ҳукумати мамлакатни халқаро террорчилик ҳаракатларидан тўлиқ узиш мажбуриятини олди".
Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний 22-август куни Реутерс агентлигига берган интервюсида "охирги тўсиқ"нинг олиб ташланиши мамлакатни жаҳон молия ва иқтисодий тизимига қайта боғлашга ёрдам беришига умид билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат сармояларни оширишга хизмат қилади. "Энди Сурияга сармоя киритиш, бизнес юритиш ва иқтисодий ҳаётни қайта тиклаш учун ҳеч қандай тўсиқ қолмади", деди вазир.
Сурия 1979-йилда бу рўйхатга киритилган эди. Ўшанда Вашингтон собиқ президент Ҳофиз Ассад ҳукуматини қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблаган. Кейинчалик ҳокимиятга унинг ўғли Башар Ассад келган ва мақом сақланиб қолган. 2024-йилнинг декабр ойида исёнчилар Башар Ассадни ҳокимиятдан ағдарган. Исёнчиларга амалдаги президент Аҳмад аш-Шараа раҳбарлик қилган эди.
24-август кунги эълон билан "Нусра фронти" ташкилотидан ҳам алоҳида халқаро террорчи ташкилот мақоми олиб ташланди. Энди Вашингтоннинг терроризм ҳомийлари рўйхатида фақат учта давлат қолди: Куба, Эрон ва Шимолий Корея.
Терроризм ҳомийси мақоми АҚШнинг ташқи ёрдами, мудофаа экспорти ва савдосига чекловлар қўяди. Икки хил мақсадда ишлатиладиган товарлар ва молиявий операцияларга ҳам тақиқлар қўлланади. Вашингтон Сурияга қарши кенг кўламли санксияларни бекор қилган бўлса-да, бу мақом банклар ва сармоядорлар учун катта тўсиқ бўлиб келаётган эди.
Трамп маъмурияти 2025-йилнинг июл ойида Сурияга нисбатан умумий санксияларни бекор қилган. Лекин Ассад ва унинг шерикларига нисбатан аниқ санксиялар сақлаб қолинган. Инсон ҳуқуқларини бузувчилар, наркотик сотувчилар, ИШИД, "Ал-Қоида" ва Эрон гуруҳларига алоқадор шахсларга қарши чекловлар ҳам ўз кучида қолди.
Айни дамда Сурия ҳукумати деярли 14 йиллик урушдан кейин мамлакатни қайта қуриш учун миллиардлаб доллар сармоя изламоқда. Реутерс агентлигининг август ойида хабар беришича, Дамашқ Россия нефти импортини кескин камайтиришга рози бўлган. Келишув АҚШ билан терроризм мақомини олиб ташлаш бўйича ўтказилган мулоқотлар вақтида тузилган.
Трамп аш-Шараани тобора кўпроқ қўллаб-қувватламоқда. Аш-Шараа илгарилари "Ал-Қоида"нинг "Нусра фронти" қўмондони бўлган. У 2016-йилда халқаро террорчилик тармоғи билан алоқасини узган. Кейин эса Ассадни ағдарган исёнчилар коалициясига раҳбарлик қилган.
Вашингтон Аш-Шараа ҳукуматининг ИШИДга қарши ҳамкорлигини юқори баҳолади. Чекловларнинг юмшатилиши Сурияга барқарорлашиш, сармоя жалб қилиш ва қайта тикланиш учун имконият беради.

