АҚШ пойтахтида ҳам 1-сентабр Ўзбекистон мустақиллиги куни деб эълон қилинди
Пойтахт Вашингтон мери Мириел Баузер 1-сентабрни шаҳарда Ўзбекистон мустақиллиги куни деб эълон қилувчи махсус фармойишни имзолади. Бу нафақат мустақиллик, балки Ўзбекистон ва АҚШ алоқалари, пойтахтдаги ўзбек жамоатчилигининг аҳамиятини эътироф этади, дейди Вашингтондаги элчихона.

АҚШ пойтахти Вашингтонда ҳам 1-сентабр Ўзбекистон мустақиллиги куни деб эълон қилинди.
Вашингтон мери Мириел Баузер тегишли фармойишни имзолади. Шу тариқа, Сиетл шаҳридан кейин пойтахт Вашингтон ҳам Ўзбекистон мустақиллиги кунини нишонлайдиган шаҳарлар қаторига қўшилди. Сиетл мери ҳам аввалроқ 1-сентабрни Ўзбекистон мустақиллиги байрами сифатида нишонлаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаганди.
Имзоланган декларацияда мустақиллик кунининг аҳамияти ва АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани таъкидланган.
Мер имзолаган ҳужжатда шундай дейилади: “Бу йил Республика ўз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлайди. Ушбу сана ҳар йили 1-сентабрда байрам қилиниб, ўзбек халқининг бой маданий мероси, эришган ютуқлари ҳамда халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини эътироф этади”.
Мириел Баузернинг фикрича, АҚШдаги элчи Фурқат Сидиқов бощилигидаги дипломатик корпус Вашингтон билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, шаҳарнинг таълим соҳасидаги ва маданий хилма-хиллигини ривожлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Мер декларациясида шунингдек, қуйидагилар қайд этилган: “Биз бутун дунёдаги ўзбек жамоатчилиги билан биргаликда Ўзбекистон мустақиллигини нишонлар эканмиз, дўстлик, умумий эзгу мақсадларни қадрлаймиз. 2026-йилнинг 1-сентабри Вашингтон ва Колумбия округида “Ўзбекистон мустақиллиги куни” деб эълон қилинади”.

