Дунё

АҚШ Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ташишни яширинча йўлга қўйди - ОАВ

Америка ҳарбийлари бир неча ҳафтадан бери Ҳўрмуз бўғози орқали танкерларни кузатиб қўйиш бўйича махфий амалиёт ўтказмоқда, деб хабар берди Ахиос икки расмийга таяниб. Гап Эрон билан узоққа чўзилган умумий қарама-қаршилик фонидаги сезиларли тактик муваффақият ҳақида кетмоқда.

АҚШ Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ташишни яширинча йўлга қўйди – ОАВ

**Нималар бўлмоқда?**

ОАВ маълумотларига кўра, ҳар кеча Уммон қирғоқлари бўйлаб, бўғознинг жанубий канали орқали 15-20 та танкер ўтмоқда. Манбалар шу тариқа минтақадан кунига қарийб 10 миллион баррел нефт олиб чиқилаётганини, бу урушдан олдинги ҳажмнинг деярли ярмини ташкил этишини билдирди. Баъзи кечаларда экспорт ҳажми 15-20 миллион баррелга етган.

Бу схема икки томонлама ишлайди: ҳарбийлар нафақат юк ортилган танкерларни Кўрфаздан чиқишда кузатиб боради, балки бўш кемаларга Арабистон денгизи томонидан Форс кўрфазига киришда ҳам ёрдам беради. Улар ўша ерда минтақа давлатларининг портларида нефт юклаб, сўнгра ортга қайтади.

**Бу қандай йўлга қўйилган?**

Таъкидланишича, амалиётни АҚШ армиясининг Форт-Бреггдаги штаб-квартирасидан фаолият юритувчи тезкор гуруҳ мувофиқлаштириб боради. Ҳар куни кирадиган ва чиқадиган кемалар рўйхати шакллантирилади, ҳаракатланиш карвонлар шаклида ташкил этилган – тунда муайян вақтда танкерларнинг бир катта гуруҳи чиқишга, бошқаси эса киришга йўл олади. Эрон дронлари ва қанотли ракеталари ҳужумларини қайтарувчи АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари ҳаводан ҳимояни таъминлайди.

Бундай амалиёт АҚШ Марказий қўмондонлигининг (СЕНТСОМ) икки ҳафталик кампанияси туфайли муваффақиятли ўтказилди. Унинг давомида Эроннинг радарлари ва денгиз кузатув тизимлари ишдан чиқарилган эди. Шу сабабли Теҳрон кўп жиҳатдан кемалар ҳаракатини кузатиш имкониятидан маҳрум бўлиб, деярли кўр-кўрона зарба беришга мажбур бўлмоқда. Танкерларнинг бир қисми барибир шикастланган, бироқ ҳужумларнинг катта қисмини Америка кучлари қайтармоқда – манбаларга кўра, шу ҳафта саккизта Эрон дрони ва иккита қанотли ракета уриб туширилган.

**Трампнинг муносабати**

АҚШ президенти Доналд Трамп Ахиос нашрига Ҳўрмуз бўғози орқали сезиларли миқдорда нефт оқими ўтаётганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Эрон билан музокаралар олиб борилмаяпти: “Улар вақтни беҳуда совурмоқда. Улар билан музокара қилиш – бекорга вақт сарфлашдир”. Эрон, деб қўшимча қилди у, гарчи “эронликларда ҳали жанговар руҳ бор” бўлса-да, “аллақачон ўзининг соясига айланиб қолган”.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.