АҚШ ҳарбийлари Страва иловаси орқали Яқин Шарқдаги базалари ва ҳаракатларини ошкор қилиб қўйди

АҚШ ҳарбийлари Страва иловаси орқали Яқин Шарқдаги базалари ва ҳаракатларини ошкор қилиб қўйди. Скй Невс хабарига кўра, 1300 дан ортиқ Страва фойдаланувчиси АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларидан туриб ўз машғулотларини улашган, бу эса Эрон томонидан Америка кучларини нишонга олишда фойдаланилган бўлиши мумкин.
Страва иловаси фойдаланувчиларга югуриш, велосипед ҳайдаш ва сузиш вақтида босиб ўтилган аниқ йўналишлар ҳамда вақтни улашиш имконини беради. АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларида минглаб шундай машғулотлар қайд этилган. Натижада базадаги кундалик тартиб-қоидалар, шахсий таркибнинг жойлашуви ва ҳарбийларнинг базалар ўртасидаги ҳаракатланиш тартибини кузатиш имкони бўлган. Улар орасида оммавий хариталарда белгиланмаган базалар ҳам бор.
Ўз фаоллигини Страваъда улашиб борган фойдаланувчиларнинг аксарияти буни ҳақиқий исмлари билан амалга оширган. Бу эса уларни ҳужум ёки жосуслик учун потенсиал нишонга айлантирган. Пентагон етти йил аввал ходимларига илованинг жойлашувни узатиш функсияларидан рухсациз фойдаланишни тақиқлаганди.
Махсус операциялар бўйича эксперт Жонатан Ҳеккет “хабардорликнинг етишмаслиги“ туфайли жойлашув маълумотларини улашиш давом этаётганини айтди. У Эрон “деярли шубҳасиз” Страва каби иловалардан АҚШ қўшинларининг Яқин Шарқдаги ҳаракатларини кузатиш учун фойдаланаётганини таъкидлади. Айрим ҳолатларда Страваъда улашилган маълумотлар Эроннинг нишон танлаш бўйича қарорларига бевосита таъсир қилган бўлиши мумкин.
1-март куни Эрон Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига жавоб ҳужумларини бошлади. Нишонлар орасида Баҳрайннинг Манама шаҳридаги йирик ҳарбий-денгиз базаси ҳам бўлганди. Кейинчалик мазкур база эвакуация қилиниб, кўплаб ходимлар шаҳар атрофидаги турар жойлар ва меҳмонхоналарга кўчирилди. Манамадаги АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари пудратчиси Страваъда аккаунт юритгани аниқланди. Урушдан бир ҳафта олдин у мунтазам равишда база бўйлаб югуришларини улашган. Иловадаги икки кунлик сукунатдан сўнг у яна Сровне Плаза меҳмонхонаси ҳовлисида югургани аниқланган. Олти кун ўтиб, ҳарбий-денгиз базасига уюштирилган ҳужумлар чоғида Эрон меҳмонхонага ҳам бомба ташлади. Оқибатда Пентагоннинг икки ходими яраланди.
Миллий хавфсизлик бўйича эксперт Жозеф Ярнецки Эрон бошқа маълумот манбалари қаторида Страваъдан АҚШ ходимларининг қаерга кўчирилаётганини кузатиш ва уларни нишонга олиш учун фойдаланиши “мутлақо ҳақиқатга яқин” эканини айтди. “Бу саккиз йилдан ортиқ вақт давомида жуда яхши ҳужжатлаштирилган разведка маълумотларини йиғиш вектори бўлиб келмоқда”, деди у.
28-февралда уруш бошланишидан олдин Иорданиянинг Муваффақ Ал Салти ҳаво базасидаги АҚШ ходимлари Страваъда юзлаб югуришларини жойлаштирган. Шахсий таркиб апрел ойида, ўт очишни тўхтатиш даврида ўз фаолиятини улашишни давом эттирган. Аммо уларнинг кундалик ҳаёт тарзи ўзгарган. Югуришлар база бўйлаб бир текис тақсимланишининг ўрнига, эндиликда уларнинг 76 фоизи айнан битта жой — базанинг шарқий қисмидаги казармаларда бошланган ёки якунланган. 17-июл куни Эрон ўша казармаларга ҳужум қилиб, уч аскарни ўлдирди.
Скй Невс ўз хулосаларини Пентагонга тақдим этганда, Яқин Шарқ учун масъул бўлган СЕНТСОМ ҳарбий қўмондонлиги билан боғланиш сўралган. Аммо қўмондонлик жавоб бермаган. Бироқ Страваъдан фойдаланишни давом эттираётганлар фақат АҚШ ходимлари эмас. “Биз Эронга ҳужум қилинган Кипрдаги РАФ Акротири ҳарбий авиабазасидан машғулотларини улашган амалдаги британиялик аскарларни ҳам аниқладик. Умуман олганда, январ ойидан бери база ҳудудидан 12 мингта машғулот улашилганини топдик”, дейилади хабарда.
Ушбу профилларнинг баъзиларини Яқин Шарқ бўйлаб жойлаштирилганида, шу жумладан оммавий хариталарда белгиланмаган баъзи базаларда ҳам кузатишга муваффақ бўлинган. Ҳатто учта Страва фойдаланувчиси Исроилнинг Димона ядровий тадқиқот маркази ичида югургани ҳам аниқланган. Бу мамлакатнинг энг нозик обьекти ва Эроннинг такрорий ҳужумлари нишони ҳисобланади.
Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ҳарбий эксперти Вирпратап Викрам Сингхнинг айтишича, Страва маълумотлари “шубҳасиз хавфсизликка таҳдиддир”. Страва матбуот котибига кўра, компания ўз фойдаланувчиларининг хавфсизлиги ва махфийлигига жуда жиддий ёндашади. “Хизмат шартларимизда кўрсатилганидек, биз нозик касбларда ишлайдиган одамлардан ўзлари учун мавжуд бўлган назорат воситаларидан фойдаланишни ва контентларини тегишли равишда чеклашни кутамиз”, дейилади илова ишлаб чиқувчилари баёнотида.
Аввалроқ Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари 2019-йилдан 2024-йилгача мунтазам равишда Қора денгиз соҳилидаги Геленжик саройи ва Карелиядаги Марялахит кўрфазидаги қароргоҳ атрофида югуриш йўналишларини Стравада белгилаб келгани аниқланганди. Бу маълумотлар ёрдамида Путиннинг ҳаракатланиш манзиллари маълум бўлган.

