Сиёсат

АҚШ Эронга қарши санксияларни кучайтиришга тайёрланмоқда

АҚШ Эроннинг иқтисодий изоляциясини янада кучайтириш мақсадида Теҳрон билан ҳамкорлик қилаётган шахслар, компаниялар ва савдо кемаларига қарши янги санксиялар жорий этишга тайёрланмоқда. Вашингтон 60 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахс ҳамда кемани санксиялар рўйхатига киритиши мумкин. Шунингдек, рақамли активлар, технологиялар, олтин, авиация ва денгиз ташувлари соҳаларида Эрон билан ишлаётганларга иккиламчи санксиялар қўллаш имконияти кўриб чиқилмоқда.

АҚШ Эроннинг иқтисодий ҳамкорларига босимни кучайтириш орқали санксияларни янада кучайтиришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда 24-август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ молия вазири Скотт Бессент маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Эрон билан иқтисодий алоқаларни давом эттираётган томонлар АҚШнинг санксия чораларига дуч келиши мумкин. Бессентнинг таъкидлашича, АҚШ Молия вазирлиги Эрон нефтини ноқонуний сотиш ва амалдаги санксияларни четлаб ўтишда фойдаланилган асосий марказлар, воситачилар ва тармоқларни аниқлаган.

**60 дан ортиқ шахс, ташкилот ва кема санксияга тушиши мумкин**

АҚШ томони 60 дан ортиқ юридик ва жисмоний шахс, шунингдек, дунёнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган савдо кемаларига санксия жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Вашингтоннинг даъвосига кўра, ушбу тармоқлар орқали Теҳрон ядровий ва ракета технологияларини қўлга киритган, нефт савдосидан даромад олган ва кибероперацияларни амалга оширган.

Бироқ Бессент қайси давлатлар, компаниялар ёки шахслар янги "қора рўйхат"га киритилиши мумкинлигини очиқламаган. Матбуот анжуманида ундан Эрон нефтининг асосий харидори ҳисобланган Хитойга нисбатан ҳам санксиялар қўлланиши мумкинми, деб сўралган. Бессент бунга аниқ жавоб бермаган, бироқ ҳеч ким Вашингтоннинг бу борадаги қатъиятини синаб кўрмаслиги кераклигини таъкидлаган.

**Вашингтон Эрон ҳамкорларидан "зудлик билан ҳаракат" кутмоқда**

АҚШ Эрон билан ҳамкорлик қилишда гумон қилинаётган давлатлар ва ташкилотлардан муайян иқтисодий алоқаларни тўхтатиш бўйича тезкор чоралар кўришни талаб қилмоқда. Бессентнинг айтишича, АҚШ Молия вазирлиги, Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлиги вакиллари дунё бўйлаб ҳамкор давлатлар билан алоқада бўлиб турибди.

Ҳар бир мамлакатга Эрон билан боғлиқ муайян фаолиятни тўхтатиш учун алоҳида муддат берилиши режалаштирилган. Агар белгиланган талаблар бажарилмаса, Вашингтон тегишли чораларни кўради. Айни пайтда АҚШ томони бу муддатлар қанча бўлишини очиқламаган. Шунингдек, талабларни бажармаган алоҳида мамлакатларга нисбатан айнан қандай чоралар кўрилиши ҳам маълум қилинмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.