Сиёсат

АҚШ Эрон билан музокараларга Австрия ва Грецияни ҳам жалб қилмоқда

АҚШ Эрон билан музокараларга Австрия ва Грецияни ҳам жалб қилмоқда

АҚШ Эрон билан музокараларни қайта бошлаш мақсадида Австрия ва Греция билан дипломатик алоқаларни фаоллаштирди. Бу ҳақда Ассосиатед Пресс хабар берди.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио 11-август куни Вашингтонда Австрия ташқи ишлар вазири Беате Майнл-Райсингер билан учрашди. Эртаси куни эса Греция ташқи ишлар вазири Ёргос Герапетритис билан телефон орқали суҳбатлашди.

Кўп ўтмай, Австрия ва Греция ташқи ишлар вазирлари Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан ҳам мулоқот қилдилар.

АҚШ Давлат департаменти Рубионинг улардан Вашингтон номидан Теҳронга бирор хабар етказишни сўрамаганини маълум қилди. Бироқ учрашув ва суҳбатларда Эрон масаласи муҳокама қилинганини тасдиқлади.

АП суҳбатлашган европалик дипломатга кўра, ушбу дипломатик алоқаларнинг кетма-кетлиги тасодифий эмас.

“Австрия Эрон билан навбатдаги музокараларни Венада ўтказишни таклиф қилган. Халқаро атом энергияси агентлигининг бош қароргоҳи ҳам шу шаҳарда жойлашган. 2015-йилда Эрон ядровий дастури бўйича якуний музокаралар ҳам Венада ўтказилган эди. Греция эса Ҳормуз бўғози ва Қизил денгиздаги кема қатновидан бевосита манфаатдор. Герапетритис Ароқчи билан суҳбатда денгиз йўлларининг очиқлиги ва кемаларнинг эркин ҳаракатланиши муҳимлигини таъкидлаган”, дейилади таҳлилий мақолада.

Австрия томони ҳам Эрон билан боғлиқ муаммони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини билдириб, дипломатик келишув имконияти сақланиб қолаётганини қайд этган.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги мулоқотда Уммон, Қатар, Туркия ва Покистон ҳам иштирок этмоқда. Бироқ музокаралар ҳозирча барқарор натижа бермаган.

Вашингтон учун асосий масалалардан бири Ҳормуз бўғозида кема қатновини тиклашдир. Дунё бўйича денгиз орқали ташиладиган нефтнинг салмоқли қисми шу стратегик йўлакдан ўтади.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс Ҳормуз бўғозини очиш нефт ва газ нархларини назорат қилиш учун муҳимлигини айтган. Вашингтоннинг яна бир мақсади Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик экани билдирилган.

Уруш бошланганига қарийб олти ой бўлди

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши 2026-йил 28-февралда бошланганди. Орадан қарийб олти ой ўтган бўлса-да, ҳарбий қарама-қаршилик давом этмоқда. Уруш фонида Ҳормуз бўғозидаги кема қатнови ҳам кескин чекланган.

Июн ойида АҚШ ва Эрон вақтинчалик келишувга эришган, бироқ у узоққа чўзилмади. Вашингтон Теҳронни Ҳормуз бўғозини очмаганликда, Эрон эса АҚШни портлар блокадасини бекор қилмаганлик ва бошқа мажбуриятларни бажармаганликда айблаганди.

Август бошида томонлар Ҳормуз бўғозини қайта очиш бўйича келишувга яқинлашгани айтилган бўлса-да, музокаралар яна натижасиз якунланган.

Эрон бўғозни очиш эвазига санксияларни юмшатиш ва уруш учун компенсация талаб қилмоқда. АҚШ эса эркин кема қатновини тиклаш ва Эрон ядровий дастури бўйича кафолатлар олишни истамоқда.

Томонларнинг асосий талаблар бўйича позициялари ўзгармаётгани сабаб дипломатик уринишлар ҳозирча сезиларли натижа бермаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.