АҚШ давлат қарзи тарихда илк бор 40 трлн доллардан ошди

АҚШнинг давлат қарзи илк бор 40 триллион доллардан ошиб, янги рекорд даражага етди. Бу ҳақда ББС нашри мамлакат Молия вазирлигига таяниб хабар берди.
18-август ҳолатига кўра, давлат қарзининг умумий миқдори 40 триллион 47 миллиард долларни ташкил этган. Шундан 32 триллион 265 миллиард доллардан ортиғи хусусий инвесторлар, аҳоли ва ташкилотлар олдидаги мажбуриятлар бўлса, 7 триллион 781 миллиард доллардан ортиғи ҳукуматлараро (давлат жамғармалари ва тузилмалари ўртасидаги) ички қарз мажбуриятларидир.
Таққослаш учун, 2016-йилда давлат қарзи 20 триллион доллардан бироз камроқни ташкил этган эди. АҚШ давлат қарзининг қонун билан белгиланган чегараси 41 триллион 103 миллиард долларни ташкил этади. Прогнозларга кўра, 2036-йилга бориб бу кўрсаткич тахминан 64 триллион долларга етиши мумкин.
Трампнинг 2025-йилдаги инаугурациясидан буён ўтган 19 ой ичида қарз юкининг ўсиши деярли 3,83 триллион долларни ташкил этди. Маълумот учун, унинг биринчи президентлик муддатининг шу даврида давлат қарзи 1,47 триллион долларга ошганди. Умумий ҳисобда, 2017-йилдан 2021-йилгача давлат қарзи 7,8 триллион долларга кўпайган.
Марказий Осиё мамлакатлари бўйича энг йирик қарздорлик Қозоғистонда кузатилмоқда. 2026-йил 1-апрел ҳолатига кўра, республиканинг давлат қарзи 76,5 миллиард долларга етган, бу бир йил аввалгидан 21 фоизга кўпдир. Ўзбекистоннинг давлат қарзи эса 47 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бир йилда 4,4 миллиард долларга ортган.
Қирғизистоннинг давлат қарзи 9,8 миллиард долларга баҳоланган, бу бир йил аввалгидан 47 фоизга кўпдир. Жорий йил февралида Тожикистоннинг давлат қарзи 3,5 миллиард долларга етгани маълум бўлди. Шундан 3 миллиард доллари ташқи қарз, қолгани ички кредитлар ҳиссасига тўғри келган.
Туркманистон иқтисодиёти бўйича расмий веб-саҳифаларда очиқ маълумотлар етарли эмас. Аммо Жаҳон банки ҳисоботларидан бирида 2025-йилда Туркманистон ялпи ички маҳсулоти 77,4 миллиард долларни ташкил этгани ёзилган. Республиканинг давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 5,2 фоиз экани кўрсатилган. Шундан келиб чиқилса, Туркманистон давлат қарзи 4 миллиард доллар атрофида экани ойдинлашади.

