АҚШ Давлат котиби Марко Рубио C5+1 учрашуви ва бизнес музокаралари учун Ўзбекистонга ташриф буюради
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио октябрь ойи ўрталарида Самарқандга ташриф буюриши ва унга 100 дан ортиқ Америка компанияларидан иборат бизнес делегацияси ҳамроҳлик қилиши кутилмоқда, деб хабар берди АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серхио Гор. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ҳамда АҚШнинг Марказий Осиё билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио C5+1 учрашуви ва бизнес музокараларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Рубио, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан C5+1 вазирлар учрашувида иштирок этади, деди Гор. Музокараларда асосий эътибор C5+1 доирасидаги минтақавий иқтисодий боғлиқлик, энергетика хавфсизлиги ва бошқа умумий устувор йўналишларга қаратилиши кутилмоқда.
Сафар давомида Рубио Ўзбекистон раҳбарияти ва Марказий Осиёдаги ҳамкасблари билан учрашиб, савдо-сотиқни кенгайтириш, хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш ҳамда минтақада иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда, деб хабар берди Гор.
Режалаштирилган ташриф Вашингтон ва Тошкент ўртасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кенгайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. Ўзбекистон ва АҚШ энергетика, транспорт, муҳим фойдали қазилмалар, рақамли технологиялар ва қишлоқ хўжалигини келгусидаги қўшма лойиҳалар учун соҳалар сифатида белгилаб олган.
C5+1 формати АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлатини бирлаштиради. Ушбу платформа 2015 йилда ишга туширилган бўлиб, унинг илк вазирлар учрашуви Самарқандда бўлиб ўтган эди.

