“Ақлли” газ ҳисоблагичлар: ёпиқ шартнома, триллионлаб харажат ва энди жиноят иши
Технопарк ва “Ҳудудгазтаъминот” масъуллари газ ҳисоблагичларга техник хизмат кўрсатиш баҳонасида талон-торожга қўл ургани айтиляпти. Бу жиноят иши Остен бренди остидаги ҳисоблагичлар билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳам яна долзарблаштиради – тергов давомида аввалроқ жамоатчиликда туғилган саволларга ҳам эътибор қаратилса ажаб эмас. Хўш, Технопарк қачон, ким томонидан ташкил этилган ва 5,3 трлн сўмлик шартномани қандай қўлга киритган эди?

“Ақлли” газ ҳисоблагичлари билан боғлиқ ёпиқ шартнома, триллионлаб харажатлар ва энди жиноят иши юзасидан тергов бошланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотларига кўра, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Технопарк” МЧЖ мансабдор шахслари бошқа шахслар билан тил бириктириб, электрон газ ҳисоблагичларига техник хизмат кўрсатиш ниқоби остида қарийб 19,9 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштирган. Бундан ташқари, истеъмолчиларга ўрнатилган 273 дона газ ҳисоблагичининг кўрсаткичлари кам ҳисоблангани натижасида давлат ва жамият манфаатларига 861,1 миллион сўм зарар етказилган.
Шуни таъкидлаш керакки, “ақлли” газ ҳисоблагичларини жорий этиш бошланганидан буён бу масала атрофида турли саволлар мунтазам равишда кўтарилиб келмоқда.
**Лойиҳанинг бошланиши ва нохуш ҳодисалар**
2019-йилда Ўзбекистонда “ақлли” газ ҳисоблагичларини маҳаллийлаштириш режаси эълон қилинганида, лойиҳа мамлакат энергетика тизимини рақамлаштиришдаги муҳим босқич сифатида тақдим этилган эди. Ўшанда замонавий электрон газ ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш бўйича Артел компанияси билан музокаралар олиб борилгани маълум қилинган, аммо якунда маҳсулот ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчиси сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарашли “Технопарк” МЧЖ танланган.
2020-йилда Тошкентдаги Технопарк ҳудудида қиймати 50 миллион долларлик завод ишга туширилди. У ерда СИМ-карта ўрнатилган, сарфланган газ ҳажмини автоматик равишда марказий серверга узатувчи Остен маркали ҳисоблагичлар ишлаб чиқарила бошланди. Расмий хабарларда йилига 3 миллион дона ҳисоблагич ишлаб чиқарилиши айтилганди.
Қурилмаларни ўрнатиш бошланиши билан бир нечта ҳолатлар тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Хусусан, 2020-йилнинг ўзида Андижонда 40 дан ортиқ “ақлли” газ ҳисоблагичи ишламай қолгани, айрим хонадонларда эса қурилмалар портлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Технопарк эса ҳисоблагичлар сифати кафолатланганини, мазкур муаммолар ўрнатиш жараёнидаги хатоликлар оқибати эканини маълум қилди.
Бир йил ўтиб, Учтепа туманида яна Остен ҳисоблагичларидан бири ёниб кетди – “Ҳудудгазтаъминот” бу ҳодиса ҳисоблагичдаги нуқсон эмас, ташқи таъсир оқибатида юз берганини билдирган эди.
2024-йилга келиб эса яна бир тизимли муаммо юзага чиқди. Айрим ҳисоблагичларда батарея қуввати бир неча йил ичида тугаб, қурилмалар марказий тизимга маълумот узатмай қўйгани маълум бўлди.
2026-йил июл ойига келиб, аҳоли хонадонларига ўрнатилган 300 мингта газ ва 234 мингта электр ҳисоблагич тармоққа маълумот узатмаётганини бевосита давлат раҳбари ҳам танқид қилди.
**Нархлар, тендер ва шаффофлик бўйича саволлар**
Ҳисоблагичларнинг техник жиҳатлари билан бир қаторда, лойиҳа қиймати ҳам баҳс мавзуси бўлиб келмоқда. Янги ҳисоблагич ўрнатилиши бўйича давлат компаниясининг харажатлари жамоатчиликка очиқ эълон қилинмади.
ОАВдаги маълумотларга кўра, Технопарк ва “Ҳудудгазтаъминот” ўртасида 2020-йил 23-апрелда тузилган шартномага асосан, Технопаркка берилган давлат буюртмаси қуйидагиларни ўз ичига олган: жами 3 546 148 дона ҳар хил моделдаги газ ҳисоблагич қурилмаси, 2 455 176 дона ҳисоблагич ва газ босими регулятори учун қути, 1 292 969 дона регулятор. Компания бу қурилмаларни 2021-йил 1-июлига қадар тўлиқ етказиб бериши кўзда тутилган.
Anhor.uz'нинг ёзишича, республика бўйлаб 3,54 миллион дона “ақлли” газ ҳисоблагичи ўрнатиш лойиҳаси қиймати 5,28 триллион сўм этиб белгиланган, бу эса битта ҳисоблагич нархи ўртача 1,49 миллион сўмга тенглигини кўрсатади.
Нашр хориждаги шунга ўхшаш ҳисоблагичларнинг чакана нархлари бундан анча паст эканига эътибор қаратиб, ишлаб чиқарувчи танлови фақат маҳаллий компаниялар ўртасида ўтказилгани, “Технопарк”га берилган айрим имтиёзлар ва давлат компаниясининг харидлари юзасидан ошкоралик етарли эмаслигини танқид қилган.
Таҳлилда давлат маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган бундай лойиҳаларда харид нархлари ва тендер жараёнлари бўйича тўлиқ очиқлик таъминланиши зарурлиги таъкидланган. Дарҳақиқат, юқорида келтириб ўтилган 2020-йил 23-апрелдаги шартнома, гарчи йирик давлат харидига оид бўлса-да, кўплаб бошқа давлат харидларига оид шартномалардан фарқли равишда, жамоатчиликка очиқланмаган.
**Технопарк қандай компания?**
“Технопарк” МЧЖ Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигида ташкил этилган саноат кластери бўлиб, маиший техника, электроника, қурилиш материаллари, лифт ва эскалаторлар, энергетика ускуналари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Сўнгги йилларда корхона импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик саноат майдонларидан бири сифатида тақдим этиб келинмоқда.
Шу билан бирга, компания ташкил этилиши ва айрим йирик давлат буюртмаларини олиши сабабли жамоатчилик эътиборидан ҳам четда қолмаган. Хусусан, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев даврида ташкил этилгани боис унинг компанияга алоқадорлиги ҳақидаги иддаолар бир неча бор янграган.
Kun.uz аввалроқ бу боғлиқликни ўрганар экан, ўша вақтда Технопарк директори бўлган Сарвар Аҳадов бундан олдин “Дреам Продустион” қўшма корхонасида ишлагани, мазкур корхона эса “Артел Гроуп” билан бир манзилда жойлашганига эътибор қаратган эди. Бироқ ўша пайтда Артел расмийлари “ақлли” газ ҳисоблагичлари лойиҳаси ва “Технопарк” билан алоқаси йўқлигини билдирган.
Айни пайтда олиб борилаётган жиноят иши тергови ушбу лойиҳа юзасидан йиллар давомида тўпланган саволларга ҳуқуқий баҳо берилишида муҳим босқич бўлиши мумкин.

