Лайфстайл

Ақлий ногиронлиги бор ёшлар истеъдодини очаётган “Табассум”: уларга қандай кўникмалар ўргатилмоқда?

Тошкентдаги ъТабассумъ инклюзив устахонаси ақлий ногиронлиги бор ёшларга нафақат ҳунар ўрганиш, балки мустақил ҳаётга қадам қўйиш имконини ҳам бермоқда. У ерда кулолчилик, ҳатто шам ва совун тайёрлаш ҳам ўргатиляпти. ъУлардаги яширин истеъдодни очишимиз керакъ, — дейди тютор. Газета репортажи.

Ақлий ногиронлиги бор ёшлар истеъдодини юзага чиқараётган “Табассум”: уларга қандай кўникмалар ўргатилмоқда?

Тошкентда ақлий ногиронлиги бўлган ёшлар учун мўлжалланган “Табассум” инклюзив устахонаси фаолият бошлаганига бир йил бўлди. 20 ўринли устахонада ёшлар кулолчилик, тикувчилик, шам ва совун тайёрлаш каби ҳунарларни ҳамда кундалик ҳаёт кўникмаларини ўзлаштирмоқда. Шу орқали улар ўз қобилиятларини намоён қилиш ва жамият ҳаётида фаол қатнашиш имконига эга бўляпти.

“Табассум” лойиҳаси ҳамда “Қуёшли олам” ННТ раҳбари Шаҳноза Икромованинг айтишича, асосий мақсад — ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ва келажакда ўз меҳнати эвазига даромад топиши учун шароит яратиш.

Лойиҳа ғояси Икромованинг шахсий тажрибасидан бошланган. Ўғли Рустам туғилгач, унинг ривожланиши билан боғлиқ жараёнларни босқичма-босқич йўлга қўйишга тўғри келган. Бола мактабни тугатиш арафасига етганда, уни кейин нималар кутаётгани ҳақида ўйлай бошлаган. Ногиронлик бўйича халқаро эксперт сифатида турли давлатларга борган Шаҳноза Икромова Туркия, Япония ва Белгиядаги инклюзив кафе ҳамда устахоналар тажрибасини ўрганган. Бу эса уни Ўзбекистонда ҳам шундай тизим яратиш мумкинлиги ҳақида режа тузишга ундаган.

Икромованинг кузатишича, мактабни битирган айрим ногиронлиги бўлган ёшларнинг кун тартиби уйда ўтириш, телевизор кўриш ёки телефондан фойдаланиш билан чекланиб қолади. Бу эса уларнинг ривожланиши ва мустақиллигига салбий таъсир қилади.

“Ҳар бир инсон ҳаётда қандайдир мақсад билан яшаши керак”, — дейди у.

Шу тариқа, 2022-йилда “Табассум” маркази ташкил этилди. У ерда реабилитация ва кўп функсионал хизматлар кўрсатиб келинади. Нутқ ва махсус педагоглар томонидан, шунингдек, ўз-ўзига хизмат қилиш ва ҳаётий кўникмалар бўйича машғулотлар ўтказилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда 18 ёшгача бўлган болалар учун кундузги парвариш, реабилитация ва эрта аралашув хизматлари йўлга қўйилган.

Марказ янги бинога кўчгач, у бир неча йил фаолият юритган 100 йиллик тарихга эга бинода УНИСЕФ гранти асосида 2025-йил августида “Табассум” инклюзив устахонаси очилди. Жамоа шакллантирилиб, профессионал усталар жалб қилинди, Меҳмонхоналар ҳамда Волонтёрлар ассоциациялари билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Устахонада Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтини битирган усталар ва икки нафар тютор ишламоқда. Ҳозир у ерга 15 нафарга яқин йигит-қиз мунтазам келади. Устахона бир вақтнинг ўзида 20−25 нафар болани қамраб олиш имконига эга.

Бу ерда чашка, брошка, брелок ва интерер буюмлари тайёрланади. Маҳсулотлар Тошкентдаги учта меҳмонхонада, шунингдек, Ҳуман Ҳоусе орқали ҳам сотилмоқда. Буюмларга ҚР код жойлаштирилиб, уларнинг қандай тайёрланганини кўриш мумкин.

“Болаларимиз ясаган нарсаларни ачиниш сифатида эмас, айнан сифатли маҳсулот бўлгани учун харид қилишларини хоҳлаймиз”, — дейди Шаҳноза Икромова.

Икромовага кўра, устахонанинг ҳозирги асосий харажатлари маҳсулотлар савдоси ҳисобидан тўлиқ қопланмаяпти. Айни пайтда лойиҳа грант маблағлари ҳисобига ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Грант доирасида хомашё, усталарнинг маоши ва брендни ривожлантириш харажатларини қоплаш назарда тутилган. Шу боис устахона раҳбарияти туризм соҳаси билан ҳамкорликни кучайтириб, туристлар учун пулли маҳорат дарсларини ташкил этишни режалаштиряпти.

Шунингдек, “Табассум” устахонаси президент фармони билан йўлга қўйилган “Янги кун” лойиҳасига қўшилди. У 18 ёшдан катта, ақлий ногиронлиги бўлган инсонларнинг уйда қолиб кетишининг олдини олишга қаратилган. Бу ерда иштирокчиларнинг функсионал диагностикаси ўтказилиб, улар учун давлат субсидияси ажратилиши кўзда тутилган.

“Грант ва субсидияларга боғлиқ бўлиб қолмасликни истаймиз. Олий мақсадимиз — устахонани яхши бизнес даражасига етказиш, маҳсулотларимиз савдосини кўпайтириш ва уста даражасига етган болаларга меҳнат шартномаси орқали ҳақ тўлаш”, — дейди Шаҳноза Икромова.

Унинг сўзларига кўра, бу мақсадга бирданига эришиб бўлмайди. Аммо устахона фаолиятининг биринчи йилидаёқ бино таъмирланиб, иш жараёни ва маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилди. Энди асосий вазифа — устахонани ўзини ўзи қоплайдиган тизимга айлантириш ва ёшларнинг ўз меҳнати орқали мустақил бўлишига эришиш.

Наима Умарова устахонада болаларни кутиб олиш, ота-оналар билан ишлаш, устозларга ёрдам бериш ва машғулотларни назорат қилиш билан шуғулланади. Унинг айтишича, устахона фаолиятининг дастлабки даврида ота-оналар ҳам, ходимлар ҳам болаларнинг янги муҳитга қандай мослашишидан хавотирланган. Аммо вақт ўтиши билан болаларнинг тез киришиб кетиши, берилган вазифаларни бажаришга уриниши уларда ишонч уйғотган.

“Нима вазифа берсангиз, қила олмаса ҳам, „Қила олмайман“ дейишмайди. „Хўп“ деб ҳаракат қилиб кўради. Биз буни кўриб, хурсанд бўламиз”, — дейди у.

Устахонада болаларга ҳунармандчилик билан бирга кундалик ҳаётда керак бўладиган кўникмалар ҳам ўргатилади. Улар тозалаш, овқат тайёрлаш, ҳовлидаги юмушларда қатнашади. Янги келган болага ишни бир марта кўрсатиб бериш кифоя — у кейин бошқаларга қўшилиб, жараёнда қатнаша бошлайди.

“Биз диагнозига қараб алоҳида ёндашамиз деб ўйлагандик. Аслида, кўрсатиб берсангиз, ўзлари киришиб кетишаркан. Қийналган жойида „устоз“ деб чақиришади”, — дейди тютор.

Бу ерда болалар соат 10:00 дан 16:00 гача шуғулланади. Ҳар куни иссиқ овқат тайёрланади. Кун охирида айрим болалар мустақил кетади, бошқаларини ота-онаси олиб кетади ёки ходимлар таксига кузатиб қўяди.

Наима Умарованинг фикрича, бундай устахоналар Ўзбекистонда кўпроқ бўлиши керак. Чунки боланинг имкониятини фақат ташхисига қараб белгилаб қўйиш тўғри эмас.

“Шаҳноза опам доим „Болаларга ўзларингча баҳо бериб, бу қила олади, бу қила олмайди деманглар. Ҳаммасининг яширин истеъдоди бор, шуни очимиз керак“ дейди. Шу тамойил асосида бирор ишни бажара олмаган болага ҳам „келма“ демаймиз. Чунки унинг қизиқиши бошқа йўналишда бўлиши мумкин: кимдир лой билан ишлашни, кимдир ранг беришни, яна кимдир ҳовлидаги юмушларни яхши кўради”, — дейди у.

Унинг айтишича, ўзлаштириши яхши бўлган болалар бошқаларга ёрдам беришга жалб қилинади. Бу уларда ўзини қадрлаш ва керакли инсон эканини ҳис қилиш туйғусини кучайтиради. Бир йилга яқин вақт ичида болаларнинг кўникмалари билан бирга тайёрлаётган маҳсулотлари сифати ҳам сезиларли ўзгарган.

“Биринчи ясаган кружкаларимизни кўрсангиз, ҳозиргиси билан фарқи катта. Бугунги маҳсулотларимиз жуда яхши даражага ўзгарган. Кўргазмаларга чиққанда, олдин қандай эди, ҳозир қандай — шунга қараб, „Зўр ўсибмиз“ дейман”, — дейди Наима Умарова.

Унинг учун бу ўзгаришлар фақат маҳсулот сифати яхшиланганини эмас, болалар ўз қўли билан нимадир қила олиши, меҳнатининг натижасини кўриши ва ўз имкониятига ишона бошлаганини англатади.

“Табассум”да тайёрланган маҳсулотлар асосан корпоратив буюртмалар ва туризм соҳаси орқали сотилмоқда. Лойиҳа менежери Елена Тўраеванинг айтишича, компаниялар ижтимоий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қизиқиши ортиб бораётгани сабаб маҳаллий маҳсулотларга ҳам эътибор қаратмоқда.

“Компаниялар қандайдир Хитой заводида буюртма беришдан кўра, бизникига ўхшаш маҳаллий лойиҳаларга эътибор қаратиб, ўз буюртмалари билан қўллаб-қувватламоқда”, — дейди у.

Лойиҳа Тошкентдаги бир нечта меҳмонхона билан ҳамкорлик қилмоқда, Бухоро ва Самарқанддаги меҳмонхоналар ҳамда туристик дўконлар билан музокаралар олиб бориляпти. Кейинги қадам — Хива каби туристик йўналишларга чиқиш.

Унинг таъкидлашича, ҳудудларда сотувни йўлга қўйишда тўлов тизими муаммо бўлмоқда. Тошкентда ўзбек карталари орқали ҚР код билан тўлов қабул қилинса, туристларнинг Виса ёки Мастерсард карталари билан жойида тўлов қилиш имконияти ҳозирча тўлиқ ишламаяпти. Ҳар бир ҳудудда алоҳида сотувчи ишлатиш эса қўшимча харажат талаб қилади.

Менежерга кўра, устахонанинг ўзида ҳам туристик маскан ташкил этиш режалаштирилган. Меҳмонлар бу ерда маҳсулот тайёрлаш жараёни билан танишиб, кружка ёки ликопча ясаб кўриши, тайёр маҳсулотларни харид қилиши мумкин бўлади. Шунингдек, ўзбек чойхонаси ташкил қилиниб, устахонадаги йигит-қизларга официантлик кўникмаларини синаб кўриш имконияти яратилади.

“Официантлик ҳам улар ўзини намоён қилиши мумкин бўлган йўналишлардан бири”, — дейди Тўраева.

Унинг қайд этишича, маҳсулотларни сотиш ва тарғиб қилишда кўргазмалар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Устахона туризм ва қўл меҳнати кўргазмаларида иштирок этиб, ўз усталарини ҳам савдо жараёнига жалб қиляпти. Рустам ва Бобур каби болалар маҳсулот тайёрлашдан ташқари, харидорлар билан ишлашни ҳам ўрганмоқда.

“Ишлаб чиқариш ҳажми печ сотиб олганимиздан кейин ошди. Стерлинг фонди кўмагида печ харид қилингач, аввал ҳафтасига 10−15 та кружка тайёрланган бўлса, ҳозир 50−70 тага етган. Режа — бу кўрсаткични ҳафтасига 150 тага чиқариш. Брошка ишлаб чиқариш ҳам икки-уч ой аввалги 150 та атрофидан ҳафтасига 800 тагача кўпайган. Печни эндигина олдик ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнидамиз. Бу биз учун яхши натижа”, — дейди Тўраева.

Нилуфар Тўхтаева

Қизим Жаннатой 20 ёшда. “Табассум”га 2025-йил октабридан бери келамиз. У мактабни битирганига уч йил бўлган, уйда жуда зерикаётган эди. Қизимни қаерга олиб бориш, қандай тўгаракларга жалб қилиш мумкинлигини билиш учун кўп жойларни изладим, маҳалла ва давлат идораларига ҳам мурожаат қилдим. Ниҳоят, “Табассум”ни ижтимоий тармоқлар орқали топдик.

Жаннатой.

Бу ерга қатнай бошлагандан кейин Жаннатойда катта ўзгариш юз берди. Аввал ҳаётга нисбатан тушкунликка тушиб қолган эди, ҳозир эса дунёқараши ўзгариб, ҳар куни хурсанд бўлиб, шу ерга шошади. Устозлари ҳақида яхши гапиради, уйга келиб, кун давомида нима ясаганини ҳаяжон билан сўзлаб беради. Бу масканни шу қадар яхши кўрадики, бирор кун қолдирмасликни истайди. Ҳатто мазаси бўлмаса ҳам, “Мен боришим керак, мени кутишяпти” дейди.

Мен учун “Табассум” шунчаки вақт ўтказадиган жой эмас, балки болалар ривожланиб, ўзини намоён қиладиган маскан. Қизим бу ерда овқат тайёрлаш ва кулолчиликка қизиқиб қолди. Илгари бундай машғулотларга қизиқиши йўқ эди. Шунинг учун “Табассум”ни меҳр ва мўъжиза маркази деб биламан. Қизим ҳам, оиламиз ҳам устахонадагилардан жуда миннатдор.

Ўғлим Рустам 18 ёшда. “Табассум”га икки йилдан бери келамиз. Илгари уйда ўтириб қолган эди, кейин мактабдагилар шу ерни тавсия қилишди. Келганидан буён унда катта ўзгариш бўлди: ҳозир эрталаб ўзи туриб, хурсанд бўлиб келади, ҳеч кимнинг ёрдамисиз ўз ишини бажаради. Яқинларимиз ҳам унинг ишларини кузатиб, қўллаб-қувватлайди. Энг муҳими, бу ерда у ўзининг масъулиятини ҳис қила бошлади. Ҳар куни бажарадиган иши борлиги уни катта ҳаётга тайёрлаяпти.

“Табассум” бўлмаганида, ўғлимни қаерга олиб боришимни тасаввур ҳам қила олмайман. Оддий иш жойлари унга мос эмас, алоҳида эътибор керак. Бу ерда эса болалар доимий назоратда, меҳр ва эътибор қуршовида бўлади. Биз ҳам кун давомида хотиржам юрамиз.

Мен учун “Табассум” — эътиборсиз қолган болаларни бағрига оладиган жой. Бу ерда ҳар бир боланинг ўз масъулияти ва вазифаси бор. Ўғлимнинг икки йил ичида мустақил шахс сифатида ривожланаётганини кўриб, жуда хурсанд бўламан.

Ўғлим Аслиддин 19 ёшда. “Табассум”га келаётганимизга бир йил тўлди. Унгача фарзандим уйда ўтирар, жуда зерикар, нима қилишини билмасди. Бу ерга бошида қизиқмади, аммо икки-уч ойдан кейин мослашиб, турли буюмлар ясай бошлади. Ҳозир эса эрталаб хурсанд бўлиб келади, ҳатто шанба кунлари ҳам “бораман” дейди. Кайфияти ҳам анча яхшиланиб, босиқ бўлиб қолган, аввалгидек кўп асабийлашмайди.

Ҳозир кичик юракчалар, анорчалар ясаяпти, ўрганганларини уйда ҳам давом эттиряпти. Устози Наима унинг ишлаётган видеосини юборганида, ўзим ҳам ҳайрон қолгандим — хамирни ўзи ёйиб, қолипда кесаётган экан. Боламнинг вақти мазмунли ўтаётганидан жуда хурсандмиз.

“Табассум” бўлмаганида, ҳаётимиз қандай бўлишини тасаввур қилолмайман. Илгари у билан доим бирга бўлишим, қарашим керак эди. Ҳозир эса эрталаб олиб келиб, кун мобайнида хотиржамликда ўз ишларим билан шуғулланаман. Мен учун “Табассум” — алоҳида эътиборга муҳтож болаларнинг келажагини ўйлаб очилган, уларга меҳр ва имконият берадиган маскан ҳисобланади.

Устахона раҳбари Шаҳноза опани қизим Муаззам туғилганидан бери танийман. Илк бор скрининг марказида уларнинг рақамини беришган эди. Кейин “Умничка” марказида мутахассислар билан шуғулландик. Ҳозир Муаззам Шайхонтоҳурдаги 324-мактабда инклюзив таълим оляпти, “Табассум”га эса ўтган йилдан бери келамиз.

Бу ерда қизимда сезиларли ўзгаришлар бўлди. Дастлаб вазифаларни устозларининг ёрдами билан бажарган бўлса, ҳозир нима қилиш кераклигини ўзи англаб, мустақил ишлайди. Лойни керакли даражада ёйиб, қолиплар ёрдамида турли шакллар ясашни ҳам ўрганди. Устозлари ҳам унинг интилишидан мамнун. Энг қувонарлиси, Муаззам кулолчиликка меҳр қўйди.

Бу ерда у жамоага ҳам мослашди, тенгдошларига ёрдам беришни ўрганяпти. Янги келган болаларни ҳам илиқ кутиб олиб, қўлидан келганча кўмаклашади. Ундаги шу ўзгариш мен учун жуда қувонарли.

“Табассум” сингари устахоналар бундай болалар учун ниҳоятда зарур. Чунки уларга мос шароит ва эътибор кўрсатиладиган жойлар ҳали ҳам кам. Қизимни бу ерга бирор касб-ҳунар ўрганиб, ўз қизиқишини топсин, деган ниятда олиб келган эдим. У эса кулолчиликни яхши кўриб қолди.

“Табассум”ни бир сўз билан таърифлаш қийин. Бу ерда болалар ўз уйидагидек эркин, меҳр ва ғамхўрлик ичида бўлади. Устозлар уларни бир-биридан ажратмайди, ҳар бирига ўз фарзандидек муносабатда бўлади. Балки шунинг учун ҳам болалар бу муҳитга тез кўникиб, ўзини эркин ҳис қила бошлайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.