Антикоррупсия агентлиги Шаҳрисабз тумани ҳокими билан боғлиқ ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказишни сўради

Антикоррупсия агентлиги Шаҳрисабз тумани ҳокими билан боғлиқ вазият юзасидан хизмат текшируви ўтказишни сўради.
Коррупсияга қарши курашиш агентлиги Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тақдимнома киритди. Унга кўра, Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасановнинг фуқаро уйига кириб, хонадоннинг санитария ҳолатини танқид қилгани ва жарима солишни буюргани акс этган видео юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши лозим.
Агентликнинг қайд этишича, ҳар қандай даражадаги раҳбар фуқаролар билан мулоқотда давлат хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши шарт. Фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, асоссиз маъмурий босим ўтказиш қонунчилик ҳамда этика меъёрларига мутлақо зид экани таъкидланди.
Шу сабабли, агентлик ўз ваколатлари доирасида Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ва унга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритганини маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов фуқаронинг хонадонига кириб, яшаш шароитини танқид қилгани ҳамда унга нисбатан жарима қўллашни буюргани акс этган видео тарқалганди.
Шундан сўнг туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан “Дарё”га муносабат билдириб, ҳоким аслида ногиронлиги бўлган кекса фуқаронинг хонадонига бормоқчи бўлгани, бироқ маҳалла раиси янглиш равишда қўшни уйни кўрсатгани сабабли бошқа хонадонга кирилганини маълум қилган.
Омбудсман Феруза Эшматова ҳам ҳолат юзасидан изоҳ бериб, унинг позицияси доим бир хил — ҳар қандай давлат органи ёки мансабдор шахс фаолияти инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принсипига асосланиши кераклигини таъкидлаганди.

