Anthropic тушуми фонд бозорига чиқиш олдидан 16,8 млрд долларга етди
Бу сунъий интеллект гигантининг йил охиригача фонд бозорида шов-шувли дебют қилиши кутилаётган бир пайтда юз бермоқда.

Anthropic тушуми фонд бозорига чиқиш олдидан 16,8 миллиард долларга етди
Сунъий интеллект (СИ) гиганти Anthropic тушуми сентябрь ойи охиригача бўлган уч ой ичида 45 фоизга ошиб, 16,8 миллиард долларга (12,7 миллиард фунт стерлинг) етди, деб хабар беради BBC.
Рақамлар Claude ишлаб чиқувчиси томонидан чоршанба куни Сан-Францискодаги қароргоҳида бўлажак инвесторлар учун ўтказилган брифингда ошкор қилингани айтилмоқда. Компания йил охиригача амалга оширилиши кутилаётган йирик акциялар сотувига тайёргарлик кўрмоқда.
Бу ҳолат СИ инфратузилмасига сарфланаётган катта маблағлар бўйича хавотирлар фонида айрим технологик акциялар, жумладан, маълумотларни қайта ишлаш марказларини қувватлантирувчи чиплар ва бошқа аппарат воситаларини ишлаб чиқарувчи компаниялар босимга учраган бир пайтда юз бермоқда.
Anthropic тушуми жорий йилда кетма-кет чоракларда ўсиб, биринчи уч ойдаги 4,7 миллиард доллардан кейинги даврда 11,6 миллиард долларгача кўтарилди.
Унинг тушум кўрсаткичлари, рақобатчиси OpenAI рақамлари билан бир қаторда, СИ саноатининг ўсиши ва ушбу технологияни ривожлантириш учун зарур бўлган инфратузилмани молиялаштириш қобилиятининг муҳим ўлчови бўлиб хизмат қилади.
ChatGPT ишлаб чиқувчиси ҳам фонд бозорида йирик листингга чиқишни режалаштирмоқда, бу компания қийматини 1 триллион доллардан ортиқроққа баҳолаши кутилмоқда.
Бироқ, OpenAI бош ижрочи директори Сэм Альтман сентябрь ойида унинг компанияси технология хавфсизлиги бўйича хавотирларни ҳал қилаётгани сабабли жорий йилда оммавий бозорга чиқмаслигини айтди.

