Анналена Бербок Ню-Ёркда профессор бўлади
Германиянинг собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда БМТ Бош ассамблеяси раиси лавозимида ишлаётган Анналена Бербок ваколат муддати якунланганидан кейин Ню-Ёркдаги Колумбия университетида дарс беради. Унинг университет билан ҳамкорлиги уч йилга мўлжалланган.

Анналена Бербок Ню-Ёркда профессорлик фаолиятини бошлайди
24-август куни Табле Бриефингс нашри Германиянинг «Иттифоқ-90/Яшиллар» партиясидаги манбаларга таяниб хабар беришича, Анналена Бербок БМТ Бош ассамблеяси раиси сифатидаги ваколати тугагач, Колумбия университетида ўқитувчилик фаолиятини бошлайди. Бербок ҳозир ҳам «Яшиллар» партияси аъзоси ҳисобланади.
ОАВ маълумотларига кўра, у Колумбия университетининг Халқаро ва жамоатчилик билан алоқалар мактаби - СИПАъда ташкил этилган Мастер оф Публис Администратион ин Глобал Леадершип («Глобал етакчилик соҳасида давлат бошқаруви магистри») дастурининг ҳамраҳбари бўлади.
ДПА агентлиги қайд этишича, бу амалий фаолиятга йўналтирилган профессорлик лавозими бўлиб, классик илмий-тадқиқот кафедраси ҳисобланмайди.
Бербокнинг Колумбия университети билан ҳамкорлиги уч йил давом этиши режалаштирилган. Шунингдек, у таклиф этилган лектор сифатида дарслар ўтиши ва оммавий маърузалар билан чиқиш қилиши кутилмоқда.
Анналена Бербок БМТ Бош ассамблеяси раиси лавозимига киришганидан кейин Германиядан Ню-Ёркка кўчиб ўтгани унга маъқул келганини айтган эди.
Унинг сўзларига кўра, Ню-Ёркда инсон шаҳарнинг хилма-хиллиги ичида «сингиб кетиши» мумкин. Бербок бу ҳолат баъзан унга катта енгиллик беришини ҳам таъкидлаган.
Бербок 2025-йил сентабридан бери БМТ Бош ассамблеяси раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Бироқ ушбу лавозим доимий эмас - Бош ассамблея раиси бир йиллик муддатга сайланади.
Назарий жиҳатдан номзодлар қайта сайланиши мумкин бўлса-да, БМТдаги ички тартиблар, хусусан, номзодларни минтақавий ротация асосида кўрсатиш амалиёти бир шахснинг кетма-кет икки муддат лавозимда қолиши учун шароит яратмайди.
Сентабр ойи бошида Бербокнинг ваколатлари Бангладеш вакили Халилур Раҳмонга ўтади. У ҳам Бербок сингари аввал ўз мамлакати ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.
Анналена Бербок Германия ташқи ишлар вазири лавозимидан кейин АҚШда академик фаолият билан шуғулланадиган биринчи немис сиёсатчиси эмас.
Ундан аввал Германиянинг собиқ вице-канслери ва ташқи ишлар вазири Ёшка Фишер ҳам шундай йўлни танлаган. Фишер 1998–2005-йилларда Германия ташқи ишлар вазири бўлган ва Бербок сингари «Яшиллар» партияси вакили эди.

