Маҳаллий

Андижонда суюлтирилган газ баллонлари 220 минг сўмдан етказилмоқда. “Ҳудудгазтаъминот” ҳолатга изоҳ берди

Андижонда суюлтирилган газ баллонлари 220 минг сўмдан етказилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан “Ҳудудгазтаъминот” изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Андижон вилоятида суюлтирилган газ баллонлари фақат Ижтимоий реестрда рўйхатдан ўтган фуқароларга берилаётгани ва уларнинг нархи 220 минг сўмга кўтарилгани айтилган. Видеолардан бирида ўзини Шаҳрихон тумани “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ботиржон Аҳмаджонов деб таништирган шахс вилоятдан келган масъуллар газ баллонларини фақат Ижтимоий реестрдагиларга бераётганини таъкидлаган. Унда ногирон фарзанди борлигини айтган аёлга реестрда йўқлиги сабабли газ баллони берилмагани акс этган.

“Дарё”нинг “Ҳудудгазтаъминот” АЖга юборган сўровига кўра, ташкилот матбуот хизмати газ баллонларини фақат Ижтимоий реестрдагиларга бериш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма йўқлигини маълум қилди. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ аҳолига суюлтирилган газни белгиланган тартиб ва тасдиқланган график асосида етказиб бермоқда. Суюлтирилган газ етказиб бериш фақат Ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар билан чекланмайди. Расмий изоҳда аҳолининг қўшимча эҳтиёжи бўлган тақдирда, уни хусусий тадбиркорлик субьектларидан харид қилиш имконияти ҳам мавжудлиги қайд этилган.

Андижон вилоятининг бошқа бир манзилидан олинган видеода масъул шахс фуқароларга газ баллонларини хусусий тадбиркорлар томонидан етказиб бериш тизимига босқичма-босқич ўтилишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бу тижорат баллони бўлиб, давлатнинг баллонини кам таъминланган ва кам даромадли одамлар олади. Эндиликда 220 минг сўмга тижорат баллонига ўтилиши ва газ баллонлари уйларга етказиб берилиши айтилган.

“Ҳудудгазтаъминот” газ баллонларини тадбиркорлар томонидан аҳолига етказиш ва унинг нархини 220 минг сўм этиб белгилашда ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди. Қўшимча суюлтирилган газни хусусий тадбиркорлик субьектлари орқали харид қилишда газ баллонини тўлдириш ва етказиб бериш қиймати хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субьекти томонидан белгиланади. Нарх хусусий тадбиркорлик субьектининг хизмат кўрсатиш шартлари ва белгиланган нарх сиёсатига кўра аниқланади.

Июл ойида президент томонидан ўтказилган йиғилишда суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб этиш ва буни Андижон вилоятидан бошлаш маълум қилинган эди. Газ баллонларини тадбиркорлар томонидан етказиб беришнинг техник шартлари белгиланганми, нархи қандай шаклланади ва уни ким назорат қилиши бўйича саволлар очиқ қолмоқда.

Ҳозирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан аҳолига суюлтирилган газнинг бир литри 2 минг сўмдан, битта газ баллони ўртача 40 минг сўмдан етказиб берилмоқда. Бугунги кунда 3 миллион 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.