Андижонда мушукни девордан улоқтирган ёшлар жавобгарликка тортилди

Андижонда мушукни девордан улоқтирган ёшлар жавобгарликка тортилди. Андижон шаҳрида ижтимоий тармоқларда кўпроқ кузатувчи йиғиш мақсадида мушук боласини қурилиш майдончасига улоқтирган ва ҳолатни видеога олиб тарқатган ёшлар ушланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 27-июл куни Шаҳрихон туманида яшовчи, 2008-йилда туғилган фуқаро Андижон шаҳридаги Наврўз Малл савдо мажмуаси олдида мушук боласини кўриб қолган. У ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришиш мақсадида жониворни баланд тўсиқ орқали қурилиш майдончасига улоқтирган.
Бу жараён унинг 2006-йилда туғилган таниши томонидан видеотасвирга олиниб, 18 ёшли йигитнинг Инстаграмъдаги шахсий саҳифасига жойлаштирилган. Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур видео юзасидан ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқациз муносабатда бўлиш) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
“Мушукни қўлимга олиб, улоқтиргандан кейин камерага қараб ъмушукнинг жони 40 та эмас, 39 та қолдиъ деб кулгандим. Аслида адашибман, 10 баравар жарима экан. Ҳайвонларга нисбатан қайтиб бундай муносабатда бўлмайман. Мени кечиринглар”, дейди ҳуқуқбузар йигит.
Жониворни тасвирга олган шериги ҳам қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини, ўша вақтда дўстини тўхтатиб қолиши кераклигини айтиб, жамоатчиликдан узр сўраган.
Аввалроқ Қашқадарёда ўлик итни автомобилига боғлаб судраган ҳайдовчи жавобгарликка тортилганди. Бошқа бир ҳолатда эса Тошкент вилоятида мушукларни қийноққа солган эркак 15 суткага қамалган.

