Андижонда эркак қарийб 300 миллион сохта сўмни сотмоқчи бўлди. Видео

Андижонда эркак қарийб 300 миллион сохта сўмни сотмоқчи бўлди. Видео
Андижон вилоятида яшовчи фуқаро қарийб 300 миллион сўм сохта пулларни сотишга уринган вақтида қўлга олинди. У 100 ва 200 минг сўмлик сохта купюралар эвазига икки баравар камроқ маблағ олмоқчи бўлган.
Операция Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилди.
Идора маълумотларига кўра, Асака туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик учун судланган 39 ёшли шахс ўз уйида сохта пулларни тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланиб келган.
Эркак шартли харидорга 297 миллион сохта сўмни 148 миллион сўмга сотишга уринган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Қўлга олинганидан сўнг, ДХХ ходимлари унинг уйини кўздан кечиришди. У ерда сохта пулларни тайёрлашда фойдаланилган деб тахмин қилинаётган компьютер ва принтер топилди. Шунингдек, 50 ва 100 минг сўмлик купюраларнинг заготовкалари чоп этилган махсус қоғоз варақлари ва уларни кесиш учун ускуналар топилган.
Ушбу шахс ва бошқа эҳтимолий шерикларига нисбатан 176-модданинг 3-қисми («Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш») билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов унинг эҳтимолий алоқалари ва жиноий схеманинг бошқа иштирокчиларини аниқламоқда.
Шунга ўхшаш ҳолат Наманганда ҳам юз берди, у ерда 51,5 миллион сохта сўмни сотмоқчи бўлган вилоятнинг икки нафар турғуни қўлга олинди.

