Андижонда 70 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда

Андижонда 70 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда
Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоизга, саноат 9,2 фоизга, хизматлар 16,1 фоизга, инвестициялар эса 8,9 фоизга ўсгани қайд этилди.
“Бизга ўсишдаги рақамлар эмас, балки ҳар бир кўрсаткич ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани муҳим”, деди давлат раҳбари.
Андижонда ер ва табиий бойликлар чекланган бўлса-да, ҳаракатчан аҳоли, кучли тадбиркорлик руҳи, кўп сонли ёшлар, саноат мактаби ва катта бозор каби имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Сўнгги ўн йилда вилоятга республика бюджетидан 20 трлн сўм, банклар томонидан тадбиркорлик учун 90 трлн сўм йўналтирилган. Фақат жорий йилнинг ўзида аҳоли фаровонлигини оширишга 6 трлн сўм ажратилди.
Ҳокимларга берилган ваколатлар ва яратилган молиявий имкониятлар шунга муносиб натижага айланиши кераклиги қайд этилди.
Йиғилишда инвестицияларнинг ҳажми билан бирга уларнинг сифати, таркиби ва иқтисодиётга таъсири ҳам алоҳида эътиборга олинди.
Яқинда саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар майдон Андижонда 7 млрд доллар инвестиция ва камида 70 минг юқори даромадли иш ўрнига айланиши лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, жорий йилга режалаштирилган 3,5 млрд доллар инвестициянинг мамлакатлар ва тармоқлар бўйича таркиби етарлича диверсификация қилинмагани қайд этилди.
Ахборот технологиялари хизматлари экспорти ва малакали кадрлар мавжуд бўлса-да, соҳанинг технологик базасини мустаҳкамлашга инвестициялар етарли даражада йўналтирилмаётгани айтилди.
Давлат раҳбари сармояларни юқори қўшилган қиймат, замонавий технология ва барқарор иш ўринлари яратадиган йўналишларга жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

