Иқтисодиёт

Андижонда 30 та маъмурий бино бизнес учун бўшатилади

Андижонда 30 та маъмурий бино бизнес эҳтиёжлари учун бўшатилади

Президент раислигида Андижон вилоятида бўлиб ўтаётган йиғилишда аҳоли даромадлари ошиб бораётгани билан бирга, замонавий хизматларга талаб ҳам ортаётгани таъкидланди.

Андижондаги давлат ташкилотларини Бобур шаҳрига кўчириш эвазига бўшайдиган бино ва майдонлар савдо ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга йўналтирилади.

30 та маъмурий бинони кўчириш ҳисобига бизнес учун 13 гектар ер ва 70 минг квадрат метр майдон бўшайди. Шу орқали қўшимча 1 млрд доллар инвестиция жалб қилиш ва камида 20 минг иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.

Асака, Шаҳрихон, Қўрғонтепа марказлари ҳамда Хонобод шаҳрини юқори даромадли бизнес ҳудудларига айлантириш вазифаси қўйилди. Уларнинг бош режалари савдо ва хизматлар соҳасида камида 20 минг иш ўрни яратадиган лойиҳаларга мослаштирилади.

Давлат банкларини мижозлар бизнесини ўстириш тамойили асосида трансформация қилиш зарурлиги қайд этилди.

Йил бошидан гаров ёки кафил топа олмаган 35 минг кишига кредит берилмаган. Банклар анъанавий гаров ва бир хил стандарт шартлар билан чекланиб қолмаслиги кераклиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Эндиликда реал пул оқими, буюртма ва шартномалар, дебиторлик қарзи, товар айланмаси ҳамда бизнес занжирига таянган комплекс молиявий маҳсулотлар кенг жорий этилади.

Кичик тадбиркорларнинг лидер корхона ёки йирик буюртмачи билан тузган узоқ муддатли шартномаси кредит гарови сифатида қабул қилинади.

500 млн сўмгача бўлган лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб қилинмайди. Кредит гаровга эмас, пул оқимига қараб ажратилади. Экспортбоп маҳсулот учун хомашё харид қилиш кредитларида эса суғурта полисининг ўзи гаров сифатида етарли бўлади.

Тўққизта давлат банкига бир ой ичида бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси юклатилди. Маҳалла банкирлари янги хизматларни аҳоли ва тадбиркорларга тушунтириб боради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.