“Андижон полкаси”ни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун 730 млн сўм сарфлангани маълум бўлди
Андижон вилояти ҳокимлиги ушбу пулни маҳаллий бюджьетнинг 2026 йил захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоят маданият бошқармасига ажратган.

“Андижон полкаси”ни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш мақсадида 730 миллион сўм сарфлангани маълум бўлди.
Андижон вилояти ҳокимининг 22-июн куни имзоланган қарорига кўра, “Андижон полкаси”ни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш билан боғлиқ харажатлар учун вилоят бюджетининг 2026-йилги захира жамғармасидан 730 миллион сўм ажратилган.
Ушбу маблағ вилоят маданият бошқармасига берилган бўлиб, уни мақсадли ва самарали ишлатишни таъминлаш бошқарма бошлиғига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, 23-июн куни Андижон вилояти марказидаги стадионда “Андижон полкаси” рақси билан рекорд ўрнатилган эди. Тадбирда 20 минг киши бир вақтнинг ўзида рақсга тушган.
Улар орасида Асака туманидаги 14-мактабнинг 8-синф ўқувчиси, 15 ёшли Фаррух Неъматов ҳам бор эди. У ўша куни тадбирдан қайтишда ўзи ўқийдиган мактаб директори бошқарувидаги “Дамас” автомобилида автоҳалокатга учраб, шифохонада вафот этган.
Марҳумнинг онаси: “Ҳокимиятдан келган топшириқни деб, боламга куйиб ўтирибман”, деган эди.

