Амударё қуримоқдами? Сув хўжалиги вазирлиги дарёда нима бўлаётганига изоҳ берди

Амударё қуримоқдами? Сув хўжалиги вазирлиги дарёда нима бўлаётганига изоҳ берди
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда Амударёнинг гўёки қуриб қолаётгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди. Идорада дарё оқими сақланиб қолаётгани, кузда сув сатҳининг пасайиши эса табиий мавсумий жараён экани таъкидланди.
Вазирликнинг 9 октябрдаги маълумотларига кўра, Термиздаги гидрологик постда сув сатҳи 239 сантиметрни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 сантиметрга юқори. Шу билан бирга, Керки гидропостида сув сарфи сониясига 499 кубометрга етди, бу бир йил олдингига нисбатан 63 кубометрга кам.
Идора, шунингдек, Амударёнинг асосий ирмоқларидан бири — Вахш дарёсида жойлашган Тожикистондаги Норак сув омбори бўйича маълумотларни келтирди. Ҳозирда у ерга сониясига 408 кубометр сув кирмоқда, 320 кубометри эса чиқариб юборилмоқда. Сув омборидаги умумий сув ҳажми 10,54 миллиард кубометрни ташкил этади.
Мутахассислар сентабр ва октабр ойларида дарёларда сув сатҳининг ва сарфининг камайиши одатий гидрологик ҳодиса эканини тушунтиришди. Суғориш мавсуми тугагач, сув омборлари кейинги йил учун захира топлашни бошлайди. Вазирлик баҳосига кўра, ҳозирги кўрсаткичлар Амударё оқимининг тўхтаб қолганидан далолат бермайди.

