
Америка кўмаги билан
Америка Қўшма Штатлари Тожикистон Миллий гвардиясига республика чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун умумий қиймати 2,3 миллион долларлик олтита учувчисиз авиация тизимини (УАТ) топширди.
УАТни топшириш маросимида АҚШнинг Тожикистондаги Муваққат ишлар вакили Жоэл Ортес ва Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-майор Баҳриддин Азаматзода иштирок этди.
Америка элчихонаси учувчисиз тизимлар Тожикистон Миллий гвардиясига аксилтеррор операцияларини қўллаб-қувватлаш мақсадида узлуксиз мониторинг олиб бориш имкониятини беришини таъкидлади.
«Ушбу ускуна шунчаки ресурсларни топширишдан кўра кўпроқ нарсани англатади. У кўп йиллар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ифодалаб келган ишонч, шериклик ва умумий мақсадларни акс эттиради», — деди маросимда Ортес.
Хабарда, шунингдек, Америка ишбилармонлар ҳамжамияти УАТдан фойдаланишда кўмаклашиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш учун Тожикистонга маҳсулот ва хизматлар етказиб беришга тайёрлиги айтилади.
Дипломатик миссия маълумотларига кўра, 1992 йилдан буён АҚШ Тожикистонга хавфсизлик соҳасида 600 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатган. Икки давлатнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлиги ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, ускуналар етказиб бериш ва инфратузилма лойиҳаларини ўз ичига олади. Хусусан, аввалроқ Америка томони Тожикистон чегара қўшинлари ва Мудофаа вазирлигига 400 га яқин юқори ўтувчанликка эга автомобилларни, жумладан, махсус Jeep J8 автомобилларини, шунингдек, уларга узоқ муддатли хизмат кўрсатиш учун мобил устахоналар ва эҳтиёт қисмлар тўпламларини, ядровий ва радиоактив материалларнинг ноқонуний трафигини аниқлаш ускуналари билан жиҳозланган махсус машиналарни, шунингдек, бронежилетлар, тоғли ҳудудларда операциялар ўтказиш учун анжомлар ва бошқаларни топширган эди. АҚШ, шунингдек, куч тузилмалари учун объектлар қурилишини молиялаштирди, Тожикистон-Афғонистон чегарасида ўндан ортиқ чегара заставасини қурди ёки таъмирлади.

