Амалдаги касса операциялари исломий банк фаолиятига мослаштирилади
Анаънавий банк амалиётида даромад кўпинча фоиз шаклида ифодаланса, исломий молияда фойда, устама ёки бошқа шаклдаги

Амалдаги касса операциялари исломий банк фаолиятига мослаштирилади
Банкларда касса ва инкассация жараёнлари такомиллаштирилди.
Марказий банк бошқарувининг «Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори Адлия вазирлигида 2026-йил 9-октябрда 3028-11-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ўзгартиришлар, биринчи навбатда, амалдаги касса қоидаларини Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга оид қонунчиликка уйғунлаштиришга қаратилган.
Анъанавий банк амалиётида даромад кўпинча фоиз кўринишида ифодаланса, исломий молияда фойда, устама ёки бошқа шаклдаги даромадлар қўлланилиши мумкин. Шу боис йўриқномадаги айрим нормалар кенгайтирилиб, «ҳисобланган фоизлар» билан бирга «бошқа даромадлар» тушунчаси ҳам киритилди. Шунингдек, «омонатлар ва уларга ҳисобланган фоизлар» ибораси умумийроқ мазмундаги «маблағлар» тушунчаси билан алмаштирилди.
Бу касса операцияларига оид талабларни анъанавий банк хизматлари билан бир қаторда исломий молиялаштириш амалиётларига ҳам татбиқ этиш имконини беради.
Ҳужжат билан нақд пул ва бошқа қимматликларни ташиш тартиби ҳам аниқлаштирилди.
- тижорат банклари ва уларнинг филиаллари ўртасида нақд хорижий валюта ҳамда бошқа қимматликларни ҳудудлараро ташиш Марказий банк фармойиши асосида амалга оширилади;
- ҳудуд доирасидаги ташишлар инкассация хизматларининг тегишли таркибий бўлинмалари фармойишлари асосида ташкил этилади.
Бунда, Марказий банкнинг нақд пул ва бошқа қимматликларни ташишга доир фармойишлари «Электрон фармойишлар» дастурида автоматик шакллантирилиб, жўнатувчи ва қабул қилувчи банк бўлинмаларига электрон кўринишда юборилади.
Шунингдек, инкассация хизматини белгиланган талаблар асосида ташкил этган тижорат банкларига ўз бўлинмалари ўртасида нақд пул ва бошқа қимматликларни мустақил ташиш имконияти берилади.
Шу билан бирга, нақд пул ва бошқа қимматликларни ҳудудлараро ташишда транспорт воситаларини кузатиб бориш Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.
Мазкур ўзгаришлар асосан банкларнинг ички касса амалиётлари ва инкассация жараёнларини тартибга солади. Улар касса операцияларини исломий банк фаолиятининг ўзига хос жиҳатларига мослаштириш, нақд пул ва қимматликларни ташиш ваколатларини аниқ белгилаш ҳамда тегишли фармойишлар алмашинувини электрон шаклга ўтказишга хизмат қилади.

