Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар 2027-йилдан ваучер асосида ассистив қурилмалар билан таъминланади

Президент томонидан имзоланган қарорга кўра, 2027-йилдан бошлаб алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ваучер тизими орқали ассистив қурилмалар билан таъминланади.
Ушбу қарор алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш, уларнинг оилавий муҳитда таълим ва ижтимоий хизматлардан кенгроқ фойдаланишини таъминлаш ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Ҳужжатга биноан, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим, ижтимоий ёрдам ва хизматларга жалб этиш бўйича “оилабай” ишлаш тизими жорий этилади. 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг таълим эҳтиёжларини аниқлаш ва уларни давлат таълим муассасаларига йўналтириш “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари қошидаги Болани комплекс баҳолаш гуруҳлари томонидан амалга оширилади. Бу гуруҳларнинг фаолияти 2026-йил 1-октабрдан Навоий ва Хоразм вилоятларида синов тариқасида йўлга қўйилади.
2026/2027-ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида ўқув жараёни ҳар бир боланинг индивидуал таълим эҳтиёжлари, функсионал имкониятлари ва ўзлаштириш даражасига асосланган индивидуал таълим режалари асосида ташкил этилади.
Шунингдек, давлат мактабларида ишлаётган ҳар бир кўзи ожиз педагог учун шахсий ассистент — таржимон-котиба штати ажратилади. Руҳий ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар таълим олаётган мактаб ва мактаб-интернатларнинг 1–2-синфларига эса ассистент-ўқитувчи штати жорий этилади.
Қарорга мувофиқ, коррексион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратилади. Ушбу субсидиянинг миқдори Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг 11 баравари, вилоятлар марказлари ва Нукус шаҳрида 9,5 баравари, бошқа туман ва шаҳарларда эса 8,5 бараварини ташкил этади.
Бундан ташқари, ҳар йили камида 50 та давлат мактабида инклюзив таълим шароитларини яхшилаш лойиҳалари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача “Инклюзив таълим муҳити” гранти ажратилади.
2027/2028-ўқув йилидан бошлаб ногиронлиги бўлган абитуриентлар олий таълимга кириш имтиҳонларида, ногиронлиги бўлган педагоглар эса аттестация ва миллий сертификат имтиҳонларида белгиланган вақт меъёрининг 50 фоизигача қўшимча вақт олади. Шунингдек, уларга Брайл алифбоси ҳамда аудио ва электрон форматдаги имтиҳон материалларидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Янги ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларида мақсадли қабул асосида эшитишида нуқсони бўлган болаларга хорижий тилларни ўргатувчи мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев 3-август куни алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишган эди.
Ногиронлиги бўлган болаларнинг яшаш жойига яқин ҳудудда таълим олишини таъминлаш мақсадида коррексион синфлар ташкил этган нодавлат мактабларга ҳар бир ўқувчи учун субсидия ажратиш таклиф этилди. Бундан ташқари, ҳар йили камида 50 та мактабнинг инклюзив таълим муҳитини яхшилашга қаратилган ташаббуслари грант асосида молиялаштирилади.

