Технология

«Аксия ғолиби бўлдингиз»: Тошкентда 110 нафардан ортиқ фуқаро алдангани аниқланди

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида совға ваъда қилиб, фуқароларнинг кредит ва микроқарз лимитларидан маблағ ўтказишга эришган гуруҳ фаолияти аниқланди. Тошкент вилояти ИИББ маълумотига кўра, 110 нафардан ортиқ фуқаронинг 300 миллион сўмдан зиёд маблағи ўзлаштирилган.

«Аксия ғолиби бўлдингиз»: Тошкентда 110 нафардан ортиқ фуқаро алдангани маълум қилинди

Тошкент вилояти ИИББнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор-қидирув тадбирида кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган ноқонуний қўнғироқлар маркази аниқланиб, фош этилди. Идора бу марказни «кибербункер» деб атаган.

ИИББ маълумотига кўра, Фарғона вилоятида яшовчи, 2005-йилда туғилган Д.Х. ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларни гўёки аксия ғолиби бўлганига ишонтирган.

Кейин улар «совға учун тўлов» фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан вақтинча якка тартибдаги тадбиркорлик субьектларига ўтказилиши лозимлигини айтган. Бунинг эвазига аксияда ютилган маиший техника кейинроқ етказиб берилишини ваъда қилишган.

Гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини маҳсулот етказиб берувчи сифатида ҳам рўйхатдан ўтказган. Маҳсулотини талаб қилган ёки шикоят қилишини билдирган айрим харидорларга жуда арзон, сифациз ёхуд буюртмага мос келмайдиган товарлар юборилган.

ИИББга кўра, шу тариқа фуқароларнинг эътибори чалғитилиб, уларга ажратилган кредит ёки микроқарз лимитлари тўлиқ ўзлаштирилган. Маблағлар ўтказилгач эса кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа узилган.

Текширувларда ноқонуний марказда беш нафар оператор ишлагани аниқланди. Улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилган.

Тезкор тадбир давомида 10 та компютер жамланмаси, саккизта мобил телефон, фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари ва Узум Насия орқали ажратилган лимитлар жадвалларидан иборат 150 варақ ҳужжат ҳамда иккита дафтар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда гуруҳ аъзоларининг бошқа ҳудудлардаги шундай ҳолатларга алоқадорлиги текширилмоқда. Етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва уни қоплаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.