Лайфстайл

Акшай Кумар 59 ёшда: 24 кишилик оилада улғайган, Таиландда официант бўлган йигит қандай қилиб Болливуд афсонасига айланди?

Акшай Кумар 59 ёшда: 24 кишилик оилада улғайган, Таиландда официант бўлган йигит қандай қилиб Болливуд афсонасига айланди?

9-сентябр куни Болливуднинг энг машҳур актёрларидан бири Акшай Кумар туғилган кунини нишонлайди. Ўттиз йилдан ошиқ вақт давомида кино саноатида фаол бўлган актёр юзлаб филмларда суратга тушиб, жангари картиналардан тортиб комедиялар, тарихий драмалар ва ижтимоий мавзудаги филмларгача турли образларни яратди.

Аммо унинг ҳаёт йўли ҳар доим ҳам қизил гиламлар ва миллионлаб мухлислар билан боғлиқ бўлмаган. Акшай Кумар кино оламига кириб келишидан олдин оддий ҳаёт кечирган, Таиландда официант бўлиб ишлаган ва жанг санъатларини ўрганган. Айнан шу тажрибалар кейинчалик унинг актёрлик фаолиятида муҳим аҳамият касб этди.

Акшай Кумарнинг асл исми Ражив Ҳари Ом Бҳатиа. У 1967-йил 9-сентябрда Амрицарда туғилган. Ўша пайтда унинг оиласи оддий ҳаёт кечирарди. Отаси Ҳари Ом Бҳатиа ҳарбий хизматчи бўлган, онаси Аруна Бҳатиа эса уй бекаси эди. Акшайнинг Алка исмли синглиси бор.

Акшай Амрицарда туғилган бўлса-да, Деҳлининг Чандни Чаук ҳудудида катта бўлган. 2023-йилда АНИга берган интервюсида у болалиги ҳақида сўзлаб, амакилари билан яшаганини айтган. Акшайнинг сўзларига кўра, 24 киши бир хонада ухлаган, эрталаб ташқарига чиқиш учун бир-бирининг устидан ошиб ўтишга тўғри келган.

Акшай болалигидан спортга қизиққан, бироқ ўқишда яхши баҳолар олмаган. Карате билан шуғулланувчи қўшни боладан илҳомланган Акшай ҳам бу спорт турини пухта ўрганишга қарор қилади. 10-синф имтиҳонларидан сўнг у Таиландга боради ва у ерда турли жанг санъатларини ўзлаштиради. Шунингдек, таеквондо бўйича қора белбоғ ҳам олади.

Уйга қайтгач, у турли шаҳарларда қўлидан келган ишларни қилиб кўрган. Масалан, Калкуттадаги сайёҳлик агентлигида ишлаган, заргарлик буюмларини сотган ва Мумбайдаги болаларга каратедан дарс берган. Армия офицерининг ўғли сифатида у ҳатто Ҳиндистон қуролли кучларига қўшилиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрган.

Бироқ тақдир унинг учун бошқа режалар тайёрлаган эди. Шогирдларидан бирининг отаси Акшайга моделликни синаб кўришни таклиф қилади. Яхши қадди-қоматга эга келишган йигит унга идеал моделдек туюлади. У Акшайни мебел рекламаси учун ёллайди ва икки соатлик суратга олишдан кейин Кумар мураббий сифатида тўлиқ ишлаганидан икки баравар кўп гонорар олади.

Кўп ўтмай Акшайнинг қизиқиши моделлик соҳасига кўчади. Брендлар учун суратга тушишдан ташқари, у фотограф Жаеш Сетҳ билан икки йил бепул ишлайди ва бунинг эвазига ҳамма жойда ўзи билан олиб юрадиган профессионал портфолиога эга бўлади. Сетҳ кино юлдузларини суратга олади, Акшай эса унга ёрдамчи сифатида кўмаклашади.

Акшай Кумар кино фаолиятини 1991-йилда “Тенгсиз никоҳ” филми билан бошлаган. Бироқ унинг илк филмлари катта шов-шув келтирмаган.

1987-йилда у Маҳеш Бҳаттнинг Кумар Гаурав бош ролни ижро этган “Бугун” номли филмида жанг санъати бўйича мураббий ролини ўйнайди. Унинг роли жуда кичик бўлган, режиссёрлар ҳатто Акшайнинг юзини ҳам кўрсатмаган. Кумар Гаурав қаҳрамонининг исми эса Акшай эди ва бу исм ёш Раживнинг шу қадар кўнглига ёқадики, у кейинчалик судга бориб, исмини Акшай Кумарга ўзгартиради. Унинг айтишича, исмини ўзгартиргач, кўп ўтмай, тасодифми ёки тақдир тақозосими, унга иккита филм таклифи келган.

Филмлари кассада муваффақияцизликка учрагач, продюсер ва режиссёрлар ҳам уни жиддий актёр сифатида қабул қилишмаган.

Аммо 1992-йилда чиққан “Ўйинчи” филми вазиятни бутунлай ўзгартирди. Жиноят, романтика ва триллер унсурларини бирлаштирган бу картина Акшайни бир кечада машҳур актёрга айлантирди. Айнан шу филмдан кейин унга “Кҳилади”, яъни “ўйинчи” лақаби берилди.

Акшай жанговар саҳналардаги маҳорати ва жисмоний тайёргарлиги туфайли 1990-йилларда Болливуднинг асосий юлдузларидан бирига айланди.

Актёр фақат жангари филмлар билан чекланиб қолмади. 2000-йилларга келиб у комедик қирраларини ҳам намойиш эта бошлади.

“Тақдир кулиб қоққанда”, “Менга турмушга чиқасанми?”, “Гарам Масала”, “Қочган қочалоқ”, “Лабиринт” ва “Сингҳ” каби филмлар унинг комедия жанридаги истеъдодини кўрсатди.

Шу тариқа Акшай бир вақтнинг ўзида жангари филмларнинг қаҳрамони, романтик комедияларнинг бош актёри ва жиддий драмаларнинг ижрочиси бўла олишини исботлади.

Кейинги йилларда у “Қутқарув парвози”, “Болакай”, “Рустом”, “Очилмаган ҳақиқат”, “Пед Мен”, “Бир муҳаббат қиссаси” каби филмларда ҳам жиддий ва ижтимоий мавзудаги ролларни ижро этди.

2016-йилги “Рустом” филми унга Ҳиндистоннинг энг нуфузли кино мукофотларидан бири — Миллий кино мукофотида “Энг яхши актёр” совринини олиб келди.

Актёр, шунингдек, Ҳиндистон ҳукуматининг Падма Шри мукофоти билан тақдирланган.

Акшай Кумарнинг шахсий ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири актриса, ёзувчи ва колумнист Твинкл Ҳанна билан турмуш қуриши бўлган.

Твинкл — Болливуднинг афсонавий актёрлари Ражеш Ҳанна ва Димпл Кападиянинг қизи. Акшай ва Твинкл 2001-йил 7-январда яқинлари даврасида турмуш қуришган. Уларнинг икки фарзанди бор — ўғли Аарав ва қизи Нитара.

Қизиқ томони шундаки, Твинкл ҳам, Акшай ҳам кино соҳасида бўлса-да, оиладаги қарашлари кўп масалаларда бир-биридан фарқ қилади. Актёрнинг ўзи эр-хотин бир-бирининг ҳаётига ортиқча аралашмаслиги ва ўзаро шахсий ҳудудни ҳурмат қилиши ҳақида гапирган. Твинкл эса уларнинг муносабатини теннисдаги жуфтликка қиёслаган — яъни иккаласи бир жамоа бўлса-да, майдонда ўз вазифасини алоҳида бажаради.

Акшай Кумар интервюларида оиласи ҳақида кўп гапирмайди, бироқ фарзандлари туғилгач, ҳаётга муносабати ўзгарганини яширмайди.

Унинг айтишича, илгари суратга олиш ишлари тугагач уйга қайтишга унчалик шошилмаган. Фарзандлари туғилгач эса ишни имкон қадар тезроқ тугатиб, уйга қайтишни истайдиган бўлган.

Ўғли Аарав эса отасидан фарқли равишда оммавий ҳаётдан узоқроқ юришни маъқул кўради. Акшай унинг ўз фамилияси ва машҳур отасининг соясида қолишини эмас, мустақил ҳаёт йўлини танлашини исташини айтган.

Акшайнинг актёр бўлишида отасининг ўрни катта. Ҳари Ом Бҳатиа 2000-йилда вафот этган. Актёр яқинда отаси унинг фаолиятини нақадар катта иштиёқ билан кузатганини яна бир бор эслади.

Акшайнинг айтишича, отаси унинг филмларини бир неча бор томоша қилган, ҳатто танишларини ҳам кинотеатрга олиб бориб, ўғлининг филмларини кўрсатган. Актёр отаси ҳар бир филмини 18–20 мартагача кўрган бўлиши мумкинлигини айтган.

Бугунга келиб Акшай Кумар Болливуднинг энг сермаҳсул актёрларидан бири бўлиб қолмоқда. Унинг фаолияти уч ўн йилдан ошган бўлса-да, актёр янги лойиҳаларда суратга тушишда давом этмоқда.

Унинг фаолиятига назар ташланса, Акшай Кумар учун муваффақият фақат битта жанр ёки битта образ билан чекланмаганини кўриш мумкин. У жангари қаҳрамон бўлди, кулдирди, жиддий драмаларда ўйнади, тарихий шахсларни гавдалантирди ва ижтимоий муаммолар ҳақида филмларда суратга тушди.

Балки айнан шунинг учун ҳам у Болливудда ўзига хос ном қолдира олди. Оддий оилада улғайган, Таиландда официант бўлиб ишлаган ва жанг санъатларини ўрганган Ражив Бҳатиа бугун миллионлаб томошабинлар танийдиган Акшай Кумарга айланди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.