«АКФА Медлине»да «Сен Яшайсан»: 9 йилдан буён болаларга бепул юрак операциялари ўтказилмоқда
Тошкент шаҳридаги «АКФА Медлине» клиникасида туғма юрак нуқсони билан дунёга келган болаларга ёрдам беришга қаратилган

«АКФА Медлине»да «Сен Яшайсан»: 9 йилдан бери болаларга бепул юрак операциялари қилинмоқда
Тошкентдаги «АКФА Медлине» клиникасида туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларга ёрдам беришга йўналтирилган «Сен Яшайсан» хайрия дастури изчил давом этмоқда. Дастур доирасида 15 ёшгача бўлган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига мураккаб юрак операциялари мутлақо бепул амалга оширилади.
2017-йилда йўлга қўйилган ушбу эзгу ташаббус бугунга келиб 9 йиллик тарихга эга. Шу давр мобайнида «АКФА Медлине» клиникасида «Сен Яшайсан» дастури доирасида туғма юрак нуқсони бўлган болаларда 700 дан ортиқ бепул жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Бу кўрсаткичлар ортида юзлаб оилаларнинг умиди, ота-оналарнинг қувончи ва соғлом ҳаёт сари қадам қўйган болаларнинг тақдири мужассам.
Энг муҳими, дастур доирасидаги ёрдам фақат операция билан чекланиб қолмайди. Жарроҳлик амалиёти, боланинг стационарда даволаниши, шифохонада бўлиши ва овқатланиши, шунингдек, ота-оналардан бирининг фарзанди ёнида стационарда қолиши ҳам бепул таъминланади. Шу орқали оилаларнинг даволаниш билан боғлиқ моддий ташвишларини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Дастурда қатнашиш учун болада туғма юрак нуқсони аниқланган бўлиши ҳамда оила белгиланган ижтимоий мезонларга мос келиши керак. Ҳар бир беморнинг ҳолати малакали болалар кардиожарроҳлари томонидан алоҳида баҳоланиб, операция зарурлиги тиббий кўрсатмалар асосида белгиланади.
Шунингдек, клиника томонидан ҳар ой болалар кардиожарроҳларининг бепул консултациялари ўтказилади. Мутахассислар республиканинг турли ҳудудларига ҳам бориб, туғма юрак нуқсони бўлган болаларни кўрикдан ўтказади ва зарур ҳолларда бепул жарроҳлик даволаш учун саралаб олади.
«АКФА Медлине»да аҳолининг ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида давлат ордери асосида даволаниш ҳам йўлга қўйилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали даволаниш харажатларини қоплаш имкониятлари ҳам белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
«Сен Яшайсан» дастурининг асосий мақсади — моддий имконияти чекланган оилалардаги болаларга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг соғлом улғайиши ва тўлақонли ҳаёт кечириши учун имкон яратишдир.
Зеро, ҳар бир боланинг яшашга, соғлом улғайишга ва орзу қилишга ҳаққи бор.
Агар фарзандингизда туғма юрак нуқсони аниқланган бўлса ёки шундай ташхисга шубҳа мавжуд бўлса, бепул консултация ва дастурда иштирок этиш шартлари ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

