Маҳаллий

“Ажрашган ва касбини ўзгартирганлар кўп” — шифокор илмсиз косметологлар ўтказган операцияларнинг оғир оқибатлари ҳақида

“ТашМИ” ректори Шуҳрат Боймуродов нотўғри операция қилинган юзларда тузатиб бўлмас асоратлар қолаётганини айтди. Бу ҳолат одамлар ҳаётига жиддий таъсир кўрсатаётганига урғу берди.

“Ажрашган ва касбини ўзгартирганлар кўп” — шифокор илмсиз косметологлар амалга оширган операцияларнинг оғир оқибатлари ҳақида

Ўзбекистонда тиббий билими бўлмаган косметологлар томонидан бажарилган нотўғри операциялар сабаб одамлар ҳаётида жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда.

Олий тоифали юз-жағ жарроҳининг айтишича, айримлар пластик жарроҳликни бизнес сифатида қабул қилмоқда. Аслида эса бу илм бўлиб, ушбу соҳа билан профессионал мутахассислар шуғулланиши керак.

“Бундан 10 йил олдин тиббиётга берилган имкониятлар сабаб пули бор тадбиркорлар стоматология клиникалари очди. Улар стоматологияни илм эканини тушунмасдан, бизнес деб ўйлашди. Кейин кўп нарсани мутахассислар қилмаса бўлмаслигини тушуниб етишди. Энди пластик жарроҳлик шунақа ҳолатга келган. Буни ҳам бизнес деб тушуниб, ҳамма пули бор одамлар пластик хирургия клиникалари очяпти. Оқибатда илми йўқ косметологлар ҳам пул топаман деб пластик операциялар қилмоқда. Бундай жарроҳлик амалиётлари қонун-қоидаси билан бажарилмагани сабаб асоратлар келтириб чиқаряпти”, деди мутахассис.

Шуҳрат Боймуродов пластик жарроҳлик билан шуғулланиш босқичи тез орада якун топишига ишонч билдирди. Чунки нотўғри операциялар оқибатида юзага келган асоратлар инсонларни кўплаб қийинчиликларга дучор қилмоқда. Олим пластик хирургия, айниқса, юз пластикаси ниҳоятда мураккаб соҳа эканини таъкидлади. Ривожланган мамлакатларда бу йўналиш мутахассислари 15-16 йил давомида тайёрланишини айтди.

“Минг афсуски, ҳозирги косметологлар жуда кўп юз операцияларини бажаряпти. Биринчидан, уларнинг тиббий маълумоти йўқ. Иккинчидан, қаергадир бориб шогирд тушади ва икки марта кўриб, операция қиляпти. Оқибатда минглаб тузатиб бўлмайдиган асоратлар келтириб чиқаряпти. Биз бунинг ҳаммасини оммавий ахборот воситаларига айтиб бера олмаймиз. Лекин жуда кўп аёллар бизга келишади. Улар ўзини расмга туширишга рухсат беришмайди. Ҳатто уйдагилардан беркитиб операция қилдириб, асоратлар билан юрганлар кам эмас. Оиласидан ажрашиб кетганлар, касбини ўзгартирганлар ва тушкунликка тушиб қолганлар жуда ҳам кўп”, деди шифокор.

Шуҳрат Боймуродовнинг фикрича, муаммонинг асосий ечими сифатли таълим билан боғлиқ. Шу билан бирга, қонунчилик асосида тизимни тартибга солиш ҳам муҳим. Бундан ташқари, ҳар бир шифокор ва косметолог ўз ишини профессионал даражада бажариши зарур.

Аввалроқ 2027-йилдан бошлаб тиббиёт талабалари ҳафтасига уч кун беморлар билан ишлашни ўрганиши белгиланганди. Битирувчи курс талабалари эса охирги ўқув йилини тўлиқ тиббиёт муассасаларида амалиёт ўташ билан ўтказади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.