Аичи-Нагоя-2026. Ўзбекистонлик эшкак эшувчилар делегациямизга 7 та медал тақдим этишди

Аичи-Нагоя-2026. Ўзбекистонлик эшкак эшувчилар делегациямизга 7 та медал олиб келди
Японияда давом этаётган ХХ Осиё ўйинларининг навбатдаги кунида Ўзбекистон делегацияси вакиллари академик эшкак эшиш, каное ва байдарка баҳсларида бир нечта йўналишда совриндорлар сафидан жой олди.
Каноеда эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасидаги яккалик (200 метр) мусобақасида Шоҳсанам Шерзодова барча рақибларини ортда қолдириб, делегацияга иккинчи олтин медални тақдим этди.
Шунингдек, шу йўналишда эркаклар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган беллашувларда Артур Гулиев ва Владлен Денисов жуфтлиги иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлди.
Академик эшкак эшишда 3 та кумуш медал қўлга киритилди. Эркаклар ўртасидаги М1х яккалик дастурида Шаҳбоз Холмурзаев маррага иккинчи бўлиб етиб келиб, кумуш медал олди.
М2х жуфтлик баҳсларида Меҳрож Маматқулов ва Павел Сорин тандеми 6:10.49 натижа билан иккинчи ўринни банд этди.
Шунингдек, аёллар ўртасидаги В4- дастури финалида Анна Аксенова, Мария Сергеева, Райҳона Сатторова ҳамда Айдана Сметуллаева иштирокидаги тўртлик ҳам кумуш медалга эга бўлди.
Эркаклар ўртасидаги академик эшкак эшишнинг М2- дастурида Максим Голубев ва Алишер Турдиев дуети 6:32.34 натижа билан учинчи ўринни эгаллади.
Байдаркачи қизлар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган беллашувларда эса Арина Танатмишева ҳамда Екатерина Шубина жуфтлиги бронза медалини қўлга киритди.
Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар қўлга киритган медаллар сони 17 тага етди: 2 та олтин, 8 та кумуш, 7 та бронза. Медаллар бўйича умумий жадвалда делегациямиз 9-ўринда бормоқда.

