Аҳолининг 50% дан ортиғи ишонч билдирмаслиги участка нозирининг ишдан бўшатилишига олиб келиши мумкин. Қонун лойиҳаси
Ўзбекистонда маҳалла аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи профилактика инспекторига ишончсизлик билдириши мумкин бўлади, шундан сўнг у лавозимидан озод этилиши мумкин. Бундай механизм президент томонидан киритилган янги қонун лойиҳасида назарда тутилган. У инспекторлар учун 22 та ҳуқуқ, 15 та мажбурият ва қўшимча кафолатларни мустаҳкамлайди. Тафсилотлар.

Аҳолининг 50 фоиздан ортиғи ишонч билдирмаслиги участкавойнинг ишдан бўшатилишига олиб келиши мумкин. Қонун лойиҳаси
Ўзбекистонда илк бор алоҳида қонун даражасида ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг мақоми, шунингдек, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолияти кафолатлари ва ижтимоий ҳимоя чораларини мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.
Президент томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 25 август куни Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда маъқулланди. Ҳужжат 8 боб ва 37 моддадан иборат.
Лойиҳа тақдимотида таъкидланганидек, ҳозирда инспекторларнинг фаолияти турли қонунчилик ҳужжатларининг тарқоқ нормалари билан тартибга солинади, ваҳоланки уларнинг мажбуриятлари доираси сезиларли даражада кенгайган.
Тақдим этилган таҳлилларга кўра, битта профилактика инспектори бир ойда ўртача 50 дан ортиқ мурожаат ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади, шунингдек, 30 дан ортиқ шахслар билан профилактик ишларни олиб боради.
Бундан ташқари, инспекторлар оилавий низоларни ҳал қилишда иштирок этадилар, ёшлар ва вояга етмаганлар, аёллар, хавф гуруҳидаги шахслар билан ишлайдилар, кибержиноятчилик ва бошқа янги таҳдидларнинг олдини олиш билан шуғулланадилар.
Қонун лойиҳасида профилактика инспектори бириктирилган ҳудудда терговга қадар текширув ўтказадиган ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланадиган мансабдор шахс сифатида белгиланмоқда.
Ҳужжат билан инспектор учун тўққизта асосий ва олтита ёрдамчи вазифани белгилаш таклиф этилмоқда. Улар қаторида — мурожаатларни қабул қилиш ва тезкорлик билан кўриб чиқиш, фуқароларни профилактик ҳисобга олиш ёки маъмурий назоратга олиш, профилактика тадбирларини ўтказиш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, маъмурий ишларни юритиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордерларини бериш ва кейинги назоратни амалга ошириш бор.
Қонун лойиҳасида профилактика инспекторининг 22 та ҳуқуқи назарда тутилган. Хусусан, у профилактика тадбирлари турини мустақил танлаш, бажарилиши мажбурий бўлган профилактик кўрсатмалар бериш, тақдимномалар киритиш ва уларнинг ижросини талаб қилиш, профилактика тадбирларини ўтказиш методикасини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.
Инспекторнинг 15 та мажбурияти алоҳида мустаҳкамланмоқда. Хусусан, инспектор касбий маданият ва хизмат интизоми талабларига риоя қилиши, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга зудлик билан етиб бориши, унга чек қўйиши ва зарур ҳолларда жабрланганларга биринчи тиббий ёки бошқа ёрдам кўрсатиши шарт бўлади.
Лойиҳанинг вазифаларидан бири сифатида инспекторларнинг касбий фаолиятига аралашишни чеклаш кўрсатилган.
Уларга хизмат вазифаларига тааллуқли бўлмаган топшириқлар беришни, уларнинг ишига аралашишни ва асоссиз равишда қўшимча вазифалар билан юклашни тўғридан-тўғри тақиқлаш таклиф этилмоқда.
Давлат органлари инспекторнинг сўровига 10 кун ичида, унинг тақдимномасига эса бир ойдан кечиктирмай ёзма равишда жавоб беришлари керак бўлади. Бундан ташқари, инспекторларга давлат органларининг ахборот тизимларидан бепул фойдаланиш имкониятини бериш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳада, шунингдек, инспекторнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида бўлиши мустаҳкамланмоқда.
Энг муҳим янгиликлардан бири тизимга ишончсизлик ташаббуси институтининг киритилиши бўлади.
Агар хизмат кўрсатиш ҳудудидаги аҳолининг ярмидан кўпи профилактика инспекторига ишончсизлик билдирса, у аттестациядан ўтишга юборилади, шундан сўнг унинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи қайта кўриб чиқилади.
Муҳокама давомида депутатлар аҳолининг ишонч даражаси қандай аниқланиши билан қизиқдилар.
ИИВ вакили бунинг учун ҳукумат томонидан алоҳида тартиб ишлаб чиқилишини маълум қилди.
«Биз аҳолининг ҳам ўз сўзи бўлиши керак деган нормани киритдик. Биринчи навбатда, инспектор ишлаяптими ёки йўқми, бунга аҳоли баҳо бериши керак», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, овоз беришни тегишли ҳудуд аҳолиси рўйхатдан ўтадиган «Mening inspektorim» («Менинг инспекторим») тизими орқали электрон шаклда ташкил этиш режалаштирилган.
«Агар яшовчи ва рўйхатдан ўтган фуқароларнинг 50 фоиздан ортиғи ишончсизлик билдирса, инспекторни лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар кўрилиши мумкин», — деди ИИВ вакили.
Аниқ механизм Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланиши назарда тутилмоқда.
Кейинроқ мажлисда спикер гап айнан электрон овоз бериш ҳақида кетаётганини, барча тафсилотлар эса ҳукумат томонидан белгиланиши кераклигини яна бир бор аниқлаштирди.
Қонун лойиҳаси билан, шунингдек, инспекторларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш бўйича ваколатларини кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Ҳозирда судлар ваколатига кирадиган бешта таркиб бўйича, ички ишлар органлари раҳбарлари ваколатига кирадиган тўққизта таркиб бўйича ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги яна тўртта ҳуқуқбузарлик бўйича ишларни уларнинг юритувига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, инспекторларга 18 турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий огоҳлантириш қўллаш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.
Ишлаб чиқувчиларнинг фикрига кўра, бу ҳуқуқбузарликларга бевосита жойларнинг ўзида тезкорлик билан муносабат билдириш имконини беради.
Лойиҳа ходимларнинг ижтимоий кафолатларини ҳам кучайтиради. Ҳокимликлар зиммасига инспекторларни хизмат хоналари ва уй-жой билан таъминлаш мажбуриятини юклаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида профилактика инспекторлари учун қўшимча пенсия кафолатлари назарда тутилган: 20 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган тақдирда уларга 100 фоиз миқдорида пенсия тайинлаш таклиф этилмоқда. Лавозимда узоқ муддат ишлаганлик учун ҳам қўшимча устамалар назарда тутилган.
Муҳокама давомида депутатлар инспекторларнинг меҳнат шароитларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Депутатлардан бири ҳудудларга чиқилганда инспекторнинг ҳатто алоҳида хонаси ҳам бўлмаган ҳолатлар учраганини айтди.
«Шундай жойлар борки, инспекторнинг ҳатто хизмат хонаси ҳам йўқ — у қаердадир йўлакда ёки бошқа жойда ўтиради», — деди депутат.
У инспекторларни хоналар билан таъминлаш мажбуриятини янада қатъий ва аниқ қилиб белгилашни таклиф қилди.
Шунингдек, чекка қишлоқ туманларидаги инспекторлар учун транспорт воситаларини кўзда тутиш таклиф этилди, чунки транспортнинг йўқлиги жиноят ёки ҳуқуқбузарлик жойига тезкорлик билан етиб боришга халақит бериши мумкин.
Инспекторнинг «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорлиги атрофида алоҳида баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.
Депутат Зафар Худойбердиев президентнинг 24 июндаги фармони билан «еттилик» аъзолари, жумладан, профилактика инспекторлари учун ҳам бир қатор вазифалар белгиланганини эслатди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда маҳалла раиси ҳар ҳафта «еттилик» аъзоларининг ҳисоботларини эшитиши назарда тутилган. Шу билан бирга, янги қонун лойиҳасида инспектор аҳоли олдида ҳар чоракда ҳисобот бериши ва ўзининг касбий фаолиятида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига бўйсуниши айтилган.
Депутат бу қарама-қаршиликни келтириб чиқармайдими ва янги тартиб инспекторнинг маҳалла раиси ва «еттилик»нинг бошқа аъзоларидан амалда ажралиб қолишига олиб келмайдими, деб сўради.
ИИВ вакили аввалроқ фармон билан белгиланган вазифалар таҳлил қилиниб, функцияларнинг бир қисми қайта тақсимланганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айрим мажбуриятларни эндиликда бошқа бўлинмалар — мактаблардаги инспекторлар, хотин-қизлар масалалари бўйича ходимлар, киберхавфсизлик тузилмалари ва бошқа хизматлар бажармоқда.
«Биз бу вазифаларни 22 тадан 15 тага қисқартирдик, чунки уларнинг ҳаммаси ҳам профилактика инспекторининг бевосита вазифаси эмас», — дея тушунтирди ИИВ вакили.
У бу маҳалла ва «еттилик»нинг бошқа аъзолари билан ҳамкорликдан воз кечишни англатмаслигига ишонтирди.
ИИВ вакилларининг жавоблари давомида лойиҳанинг яна бир тафсилоти маълум бўлди.
«Профилактика инспектори» умумий номи остида маҳаллаларда, мактабларда, олий таълим муассасаларида ва бошқа айрим йўналишларда фаолият юритаётган профилактика ходимларини бирлаштириш режалаштирилмоқда.
Бунда уларнинг ҳисобот бериш формати иш жойига боғлиқ бўлади: маҳалла инспектори маҳалла аҳолиси олдида, мактаб инспектори — мактаб жамоаси олдида, ОТМ инспектори — тегишли олий таълим муассасаси олдида ҳисобот беради.
Лойиҳада, шунингдек, инспекторлар фаолиятини ҳар чоракда, ярим йиллик ва йил якунлари бўйича баҳолаш таклиф этилмоқда.
Кўрсаткичлар қаторида аҳолининг ишонч даражаси, хавф гуруҳидаги шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони, шунингдек, такрорий маъмурий ҳуқуқбузарликлар кўрсатилган.
Бундан ташқари, ҳар бир инспектор чоракда бир марта ўз ҳудуди аҳолисини хавфсизлик ҳолати тўғрисида хабардор қилиб туриши керак бўлади.
Муҳокамалар якунида депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулладилар. Иккинчи ўқишгача қўмита депутатлардан келиб тушган эътироз ва таклифларни инобатга олган ҳолда ҳужжатни маромига етказиши лозим.

