Аҳоли ва бизнеснинг инфляция кутилмалари тарихий минимумгача пасайди
Сўровномада қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма ИТ соҳаси вакилларида (11,4 фоиз) кузатилган. Энг паст кутилмани қишлоқ хўжалиги ходимлари ва талабалар (8,7 фоиз) белгилаган. Тадбиркорлик субьектлари орасида энг пессимистик кутилма ташиш ва таълим (10,9 фоиз) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса ҳунармандчилик (7 фоиз) соҳасига тўғри келган.

Аҳоли ва бизнеснинг инфляция кутилмалари тарихий минимум даражасигача тушди. Август ойида Марказий банк ўтказган сўров натижаларига кўра, аҳолининг инфляция кутилмалари июлга нисбатан 0,3 фоиз бандга камайиб, қарийб 9,8 фоизни ташкил этди. Бизнес кутилмалари эса 9,6 фоиз бўлиб, ойлик ҳисобда 0,2 фоиз бандга пасайди.
Респондентлар инфляцион муҳитни шакллантираётган асосий омиллар сифатида коммунал хизматлар қимматлашишини (53 фоиз), ёнилғи ва энергия ресурслари нархлари ошишини (52 фоиз) ҳамда транспорт харажатлари қимматлашишини (32 фоиз) қайд этган.
Сўровда қатнашганлар орасида энг юқори инфляцион кутилма ИТ соҳаси вакилларида (11,4 фоиз) кузатилди. Энг паст кутилма қишлоқ хўжалиги ходимлари ва талабалар (8,7 фоиз) томонидан билдирилган. Тадбиркорлик субьектлари ичида энг пессимистик кутилма ташиш ва таълим (10,9 фоиз) соҳасига, энг оптимистик кутилма эса ҳунармандчилик (7 фоиз) соҳасига тўғри келган.
Ҳудудлар бўйича аҳолининг инфляцион кутилмаларида энг юқори кўрсаткич Фарғона вилояти (11,7 фоиз), Тошкент шаҳри (11,4 фоиз) ва Сурхондарё вилоятида (10,9 фоиз) қайд этилди. Энг паст натижалар Жиззах (8,1 фоиз) ва Хоразм (8,4 фоиз) вилоятларида кузатилган.
Ойига 30 млн сўм ва ундан ортиқ даромад оладиган фуқаролар нархлар ошиши бўйича энг юқори прогнозларни билдирган — ўртача 15,8 фоиз. Энг паст инфляцион кутилмалар 2 млн сўмгача (7,9 фоиз), шунингдек, 2−4 млн сўм оралиғида (9 фоиз) даромад олувчилар томонидан қайд этилган.

