Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликка йўл қўйган 151 нафар мансабдор лавозимидан олинди

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликка йўл қўйган 151 нафар мансабдор лавозимидан олинди
Ўзбекистонда 2026-йил январ-август ойларида аҳоли мурожаатларини ҳал қилиб бермагани сабаб 151 нафар давлат ходими лавозимидан бўшатилди. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхоналари матбуот хизмати маълумот берди.
Таҳлилга кўра, саккиз ой давомида мурожаатлар билан ишлашда камчиликка йўл қўйган ходимларга чора кўриш юзасидан давлат ташкилотларига 5 минг 486 та ҳужжат киритилган. Натижада белгиланган вазифасини етарли даражада бажара олмаган 151 нафар шахс лавозимидан озод этилган. Яна 833 нафар ходимга ҳайфсан жазоси қўлланган.
“Шунингдек, 150 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди ва 1335 нафари расман огоҳлантирилди”, дейилади таҳлилда.
Бундан ташқари, фаолиятидаги камчиликлар сабаб 89 киши жаримага тортилган, саккиз кишининг лавозими пасайтирилган. Энг кўп камчиликлар бандлик, маҳалла, МИБ, соғлиқни сақлаш, прокуратура, ижтимоий ҳимоя ва энергетика соҳаларида қайд этилган.
Президент Халқ қабулхоналари мурожаатлар асосида чора кўриш билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ишларини ҳам олиб боргани билдирилган. Хусусан, энг кўп мурожаат келаётган 10 тага яқин ташкилотда амалий ўқув семинарлари ташкил этилгани хабар қилинган.
Аввалроқ Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Фаррух Омонов энг кўп мурожаатлар болалар нафақасига оид бўлаётганини айтганди. 2026-йил 13-августигача қабулхоналарга аҳолидан 557 254 та мурожаат келиб тушган. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳридан тушган — 74 592 та. Энг кам мурожаатлар Сирдарё вилояти ҳиссасига тўғри келган — 20 432 та.

